Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг камбағалликни
қисқартириш умуммиллий ҳаракатида фаол иштирок этишлари учун юртдошларимизга мурожаати
Ҳурматли юртдошлар!
Жаннатмонанд юртимиз — Ўзбекистоннинг бугунги ва келгусидаги тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлидаги ислоҳотлар замирида, энг аввало, инсон қадру қимматини юксалтириш, ҳар бир ватандошимизнинг бахтли-саодатли, фаровон ва мазмунли яшашига эришишдек эзгу ғоя мужассам.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент бўлиб сайланган илк кунларданоқ халқимизнинг эркин, фаровон, бахтли-саодатли яшаши учун зарур шароит ҳамда имкониятларни яратишни ўз олдига олий мақсад қилиб қўйди.
Жонажон Ватанимизнинг тинчлиги, осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистонимиз тарихида мутлақо янги, халқчил ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилди. Бугунги кунда барчамиз уларнинг натижасини ўз ҳаётимиз, фарзандларимизнинг орзу-ниятлари рўёбида кўриб турибмиз.
Яқин-яқингача Ўзбекистонда аҳолининг камбағаллик даражаси ҳақида деярли гапирилмасди. Йиллар давомида аҳоли ўртасида камбағаллик туфайли юзага келган муаммоларга кўз юмиб келинди. 2020 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакат аҳолисининг камбағал қатлами мавжудлигини, бу борада жуда муҳим ислоҳотлар амалга оширилиши зарурлигини кун тартибига олиб чиқди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу масалага жиддий, шаффоф муносабат билдириб, уни асосий кун тартибига олиб чиқишининг ўзида катта бир маънавий жасоратни кўриб турибмиз.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, халқимиз турмушини яхшилаш йўлида қилинган тизимли ишлар ва ислоҳотлар натижасида жорий йил бошида 5,8 фоизни ташкил этган камбағаллик даражаси бугунги кунга келиб, 3,9 фоизга тушди. Эҳтиёжманд аҳоли сони 2,2 миллиондан 1,5 миллионга камайди.
Бугунга келиб, Президентимиз ташаббуси билан камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланмоқда. Бу оддий ҳаракат эмас! Бу мамлакатимизнинг янги тараққиёти сари қўйилаётган улкан қадамдир! Бу халқимиз фаровонлиги йўлида бир тан- бир жон бўлиб ҳаракат қилишимизга ундовчи чорловдир!
Азиз юртдошлар, пиру бадавлат нуронийлар, ҳожи ота, ҳожи оналар, “маҳалла еттилиги”, “бувижонлар мактаби” фаоллари, ота-оналар, ёшлар, барча-барчамиз ана шу умуммиллий ҳаракатда фаол иштирок этайлик!
Муҳтарам нуронийлар!
Сизлар юртимизнинг, маҳаллаларнинг маънавий устунларисиз! Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги машаққатли ҳаёт, урушдан кейинги йиллардаги очарчилик, қимматчилик даврларини кўргансиз! Энг оғир даврларда ҳам халқимиз бир тану бир жон бўлиб, аҳиллик, ҳамжиҳатликда, бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиб, синовлардан ўтган кунларни яхши эслайсиз!
Ваҳоланки, ўша даврларда халқимиз камбағалликнинг энг оғир даврини бошидан кечирган эди. Оёққа туриш, фарзандларни бахтли-саодатли кўриш учун ота-оналар, бобо-бувилар қанчалик машаққатли меҳнат қилганига гувоҳ бўлгансиз!
Бугунги саодатли кунларимизда ёшларга, энг аввало, тинчлик-осойишталик ва тўкин-сочинлик қадрини тушунтирайлик! Камбағаллик айб эмас, камбағалликдан чиқишга уринмаслик, меҳнат қилмаслик айб эканини қўни-қўшниларимиз, маҳалла-кўйдаги яқинларимизга уқтирайлик.
Шукрлар бўлсинки, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими яхши йўлга қўйилган. Янгиланган Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинди. Давлатимиз қийналиб яшаётган, турмуш шароити оғир кексалар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган оилалар ва уларнинг фарзандлари турмуш шароитларини яхшилаш учун барча имкониятларни яратмоқда. Афсуски, тўрт мучаси соғлом бўла туриб, арзимаган дардини рўкач қилиб, ишламай, атрофдагилардан ёрдам кутиб, боқимандалик кайфиятига тушиб қолаётган ҳамюртларимиз ҳам орамизда бор экани ачинарли ҳолдир!
Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл бор. Афсуски, боқимандалик кайфиятига тушган хонадонлар фарзандлари ҳам шу иллатга ўрганиб қолмоқда. Уларга фарзандлари бахту саодати учун ҳаракат қилишлари кераклигини биз Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир йилларида ҳам жуда катта меҳнат эвазига жанггоҳлардаги миллионлаб аскарларни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаган халқнинг фарзандлари эканимизни тушунтирайлик!
Ушбу амалий саъй-ҳаракатлар жараёнида боқимандаликни “касб” қилиб олган хонадон эгалари билан бевосита ишлаб, уларнинг дунёқарашини тамомила ўзгартириш, онги ва қалбида меҳнатга, ишлашга иштиёқни ошириш, аниқ бир эзгу мақсад йўлида ҳаракатга келтириш, таъбир жоиз бўлса, “уйғотиш” зарур. Бунинг учун сиз ўзингиздаги бор билим-малака ва тажрибадан шу қадар усталик билан фойдаланишингиз лозимки, улар “давлат ва ҳукумат менга нима берди?” деб эмас, балки “Мен ўз кучим, билим, иқтидорим ва меҳнатим билан, аввало оиламга, ундан кейин маҳалламга, Ватанимга нима бера олишим мумкин?!” деган саволни кўндаланг қўйиши керак. Ишонч билан айтиш мумкинки, бугун ўзига шундай савол берган киши асло боқимандаликка берилмайди, аксинча, бунёдкорлик, янгилаш ва яратиш йўлидан боради. Шу йўлда изланади ва натижалар қайд этади.
Шундай экан, боқимандалик уларнинг фарзандларига мерос бўлиб ўтмаслиги учун тарғибот ишларимизни кучайтирайлик! Тарғиботни вазифа эмас, балки машғулот деб билишимиз лозим. Зеро, доимий одатга, машғулотга айланган ҳар бир эзгу иш ўз самарасини бермай қолмайди.
Ҳурматли имом-хатиблар, отинойилар!
Сизлар ҳамиша халқимизнинг иссиқ-совуқ маъракаларида, қувончли ва қайғули кунларида одамлар орасида бўласиз. Илму маърифатингиз билан минглаб юртдошларимизни тўғри йўлга бошлайсиз. Бугунги кунда маҳаллаларда айрим тоифа одамлар орасида пайдо бўлаётган дангасалик, боқимандалик кайфияти жамиятимиз учун оғриқли муаммо эканини яхши биласиз!
Муқаддас ҳадислардаги “Берган қўл олган қўлдан хайрлироқдир” деган пурҳикмат сўзларни бугун атрофимизда яшаётган, ўз муаммоларини ҳал этишни бошқалар зиммасига юклаб, боқимандалик кайфиятига берилаётган айрим ҳамюртларимизга тушунтирайлик!
Зеро, она халқимиз “Меҳнат билан топилган нон энг тотли неъматдир” деган нақлни бежиз айтмаган. Ҳар бир инсонни ҳалол меҳнати, изланиши, салоҳиятини юзага чиқариши эвазига топадиган даромади ва шу орқали одамларга манфаатли бўлиши ўзгача завқлантиради. Бу ҳаёт завқини ҳис этиш ҳам саодатга етакловчи омил эканини жума маърузалари ва маърифий йиғинларда одамларга ҳаётий ҳикматлар билан тушунтирайлик! Барака омиллари, камбағалликни келтириб чиқарувчи зарарли одатлар ва иллатлар ҳақида юртдошларимизга кенг тушунча берайлик!
Орамизда эҳсонини ошкор этмайдиган бадавлат, тадбиркор, баракали инсонлар бор. Уларга ҳам ишлашга шароити бўла туриб, эҳсон кутиб яшаётган оилага кундалик таомини беришдан кўра, шу оила аъзоларини ишга йўналтириш, касб-ҳунар ўргатиб, иш билан таъминлашнинг савоби улканроқ эканини уқтирайлик. Муқаддас динимизда садақаи жория орқали одамлар айнан мана шундай хайрли ишларга тарғиб этилганини яхши биламиз.
Шу билан бирга, пешона тери эвазига топган маблағларини орзу-ҳавас йўлида ҳавога совураётган ҳамюртларимиз ҳам йўқ эмас. Тўй ва бошқа оилавий маросимларини дабдабали ўтказиш учун, машинасига бошқаларникига ўхшамайдиган рақам олиш, ҳатто чақалоғини туғруқхонадан олиб чиқиш учун жуда катта миқдордаги пулларини сарфлаб юбораётган, кейин эса қарзга ботиб қолаётганлар атрофимизда яшамоқда. Тежамкорлик бараканинг калити эканини уларга тушунтирайлик. Ихчам ва чиройли тўйлар, оилавий тадбирларни ташкил этишда ўзимиз бошқаларга ибрат бўлайлик.
Ҳурматли вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар мутасаддилари!
Камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатини амалга оширишда, халқимиз ҳаётига бугунги ислоҳотларни олиб киришда, айниқса, сизларнинг иштирокингиз жуда муҳим.
Президентимиз раислигида 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада сизларга янги вазифалар белгилаб берилди. Президентимиз бундан буён ҳукуматдан тортиб, туман ташкилотигача барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағаллик шароитидан олиб чиқиш бўлиши кераклигини таъкидлади.
Бу йил ҳар бир маҳалла тўлиқ хатловдан ўтказилиши, “камбағал оилалар портрети” ишлаб чиқилиши, оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш билан шуғулланишда ҳар бир мутасадди ташкилот вакиллари виждонан ишлайлик.
Маҳаллалардаги шароитларни яхшилаш, келаси йили маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, шароити энг оғир 300 та маҳаллада сув насослари ва қуёш панеллари ўрнатиш, 500 та маҳаллада электр, йўл, интернет ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал этилиши ҳам камбағалликни қисқартириш йўлидаги салмоқли қадамлар бўлади.
Биргина Қўшработ туманида аҳолининг 1,5 минги томорқада банд бўлгани билан сув муаммолиги учун кам ҳосил олаётгани, 610 нафари тадбиркор бўлгани билан фаолиятини кенгайтиришга имконият йўқлиги боис, даромади етарли эмаслиги, 660 нафари касбий кўникмаси йўқлиги сабабли ишсиз эканини Президентимиз алоҳида таъкидлади.
Бундай муаммолар юртимизнинг барча ҳудудларида мавжуд. Уларга ечим топиш, аҳоли ўртасида камбағалликни қисқартиришда масъулиятни ҳис этиб Президентимизга камарбаста бўлайлик, сергаклик ва ғайрат-шижоат намунасини кўрсатайлик.
Нуридийдаларимиз бўлган қадрли ёшлар!
Сизлар юртимиз келажагининг эгаларисиз!
Мамлакатимизда сизларнинг илм олишингиз, салоҳиятингизни юзага чиқаришингиз, бахтли-саодатли яшашингиз учун кенг имкониятлар яратилган. Улардан унумли фойдаланинг. Дунёда бу шароит ва имкониятларни орзу қилиб яшаётган қанчадан-қанча имконсиз ёшлар борлигини унутманг!
Қанча кўп ўқиб-ўргансангиз, жамиятга аралашиб, эл-юртга манфаатли бўлишга уринсангиз, шахс сифатида такомиллашиб бораверасиз. “Париж — 2024” Олимпиадаси ғолиблари, айниқса, “Париж — 2024” Паралимпия ўйинлари иштирокчилари ва ғолиблари ҳам сизларнинг тенгдошларингиз. Уларнинг Олимпиада ўйинлари, Паралимпия баҳсларига етиб боришининг ўзи катта ғалаба! Бу йўлда қилинган меҳнатлар осон бўлмаган. Эл-юртнинг суюмли ўғил-қизи бўлиш йўлида улардан ибрат олинг. Она Ватан шону шарафини қалбига жо этиб интилганлар ҳамиша эл-юртнинг ардоғига ва бахтли ҳаётга эришишини унутманг!
Сиз ҳам имконият ва салоҳиятингизни юзага чиқариш йўлида ҳаракат қилинг. Спорт, санъат, маданият, илму маърифат йўлида интилинг. Ота-боболарингиз асраб-авайлаб келаётган касб-ҳунарларни пухта эгалланг. Халқимизда “Ота касбида барака бор” деган гап бежиз айтилмаган! Энг аввало, оилангизга келаётган барака йўлларини ўрганинг. Тенгдошларингизни ҳам ғайратли, шижоатли бўлишга чақиринг. Афсуски, бугун орангизда ўз орзу-мақсадларини аниқ белгилай олмаган ёшлар талайгина. Тўрт мучаси соғ бўла туриб, ишламаётган, бирор касб-ҳунарнинг бошини тутмаганлар бор. Бараканинг калити меҳнатда эканини уларга тушунтиринг. Сизларнинг бугунги саъй-ҳаракатларингиз, орзу-интилишларингиз бевосита она Ватанимиз келажагини белгилаб беришини унутманг!
Ҳурматли уста боғбонлар, бобо деҳқонлар!
Ўзбекистонимизнинг ҳар бир қарич ери олтинга тенгдир. Сиз ер билан тиллашиш санъатини пухта эгаллаган ҳаёт академикларисиз!
Ҳар бир оиланинг ички имкониятларини юзага чиқариш, айниқса, томорқачиликни ривожлантириш, турли касб-ҳунарлар орқали аҳолимизнинг даромад топишига кўмаклашиш ҳам долзарб вазифамиз.
Томорқа беқиёс хазина эканини ёш оилалар ҳаётига сингдириш учун бу борада “устоз — шогирд” анъаналарини ҳаётга кенг татбиқ этайлик. Ҳар бир хонадонда каттами-кичикми, иссиқхоналар қуриб, помидор, бодринг, кўкат ва лимон парваришлашни ёшларга ўргатайлик. Меҳнат ортидан келадиган қут-барака, бахтли ва файзли ҳаёт қадрини жойларда турли йиғин ва маъракаларда, ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб этайлик.
Мамлакатимиз аҳолисида ярим миллион гектарга яқин томорқа мавжуд. Афсуски, ундан ҳалиям тўла фойдаланишни билмайдиган оилалар бор. Сайхунобод тажрибаси, Уйчи тажрибаси асосида томорқадан қандай фойдаланишни қўшниларимизга, таниш-билишларимизга ўргатайлик. Томорқа бизга Аллоҳнинг буюк неъмати эканини, ундан самарали фойдаланишимиз зарурлигини уқтирайлик.
Президентимиз ташаббуси билан лалми, бўз, яйлов ва янги ўзлаштирилган ер майдонларидан 60 минг гектар ер ёшларга берилди. Айни пайтда давлатимиз раҳбари яна 50 минг гектар ер 100 мингта камбағал оилага бўлиб берилишини таъкидлади.
Ёшлар ва ёш оилаларга ер билан тиллашишни, қаерга қандай экин экишни, экинларни қандай парваришлашни ўзимиз ўргатмасак, уларнинг меҳнати ва ҳаракати бесамар кетаверади. Ер билан тиллашишни билмаса, камбағал қандай бой бўлсин?!
Атрофингиздаги қийналиб яшаётган, ўзига муносиб иш топа олмаётган маҳалладошингизни ёнингизга олинг. Президентимиз ташаббуси билан камбағалларга ажратиладиган ерлардан қандай фойдаланишни уларга ўргатинг.
Азиз ҳунармандлар, юртимиз иқтисодиёти таянчи бўлган тадбиркорлар!
Сизлар ҳунарни асраш, уни кейинги авлодларга етказиш бўйича халқимизнинг азалий қадриятларини улуғлаб келмоқдасиз. Бизнес юритишнинг, тадбиркорликнинг турли йўналишларида иш бошқаришнинг сир-асрорларидан хабардорсиз.
Президентимиз аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартиришда сизларга катта ишонч билдирмоқда.
Биз, кекса авлод вакиллари яхши биламизки, бугун, айниқса, сўнгги етти йилда тадбиркорларга берилган имкониятлар илгари сира бўлмаган. Гарчи қонимизда тадбиркорлик бўлса-да, яқин ўтмишда, тадбиркорлик ва ҳунармандлик бизнеси билан шуғулланган одамлар қаттиқ қораланар эди. Кимдир тадбиркорлик қилса, “чайқовчи”, “олибсотар” деган тамға қўйиларди. Ўша даврларда орамиздан бой чиқмасин деб курашилар эди. Эндиликда эса ҳар бир инсоннинг салоҳиятини юзага чиқариш, бойларни кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш учун юртимизда жуда катта ҳаракатлар қилинмоқда.
Бироқ “Қўлдан берганга қуш тўймас” деган гап бежиз айтилмаган. Камбағалликдан қийналган оила вакилларига бир марталик ёрдам бергандан кўра, уларни касб-ҳунарли қилиб, иш билан таъминлаш савоблироқ амалдир.
Эл-юртимиз фаровонлиги йўлида ҳаётда ўз йўлини топа олмай, қийналиб, камбағалликдан азият чекиб юрган ҳамюртларимизни ёнингизга олинг, касб-ҳунар ўргатиб, ҳаётда ўз йўлини топишига кўмаклашинг. Одамларни иш билан таъминлашни шарафли юмуш деб билайлик.
Ҳурматли “маҳалла еттилиги” фаоллари!
Сизлар маҳалланинг пасту баландини, оилаларнинг моддий имкониятларини ҳаммадан яхши биласиз.
Давлатимиз раҳбари маҳалла тизимини мустаҳкамлашга, маҳаллаларимизни обод қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм арзон кредит, 7 триллион сўм субсидия берилган. Маҳаллаларни обод қилиш, боғча, мактаб, тиббиёт, йўл, сув ва электр инфратузилмаси учун 120 триллион сўм ажратилган.
Ўтган ойда юртимизга Камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро конференцияга келган 60 дан ортиқ мамлакат экспертлари Ўзбекистон қисқа муддатда яратган тажрибани юқори баҳолади. Аммо республикамиздаги 15 та туманда камбағаллик 20 фоиздан юқорилиги кўрсатилмоқда. Бу туманларда камбағалликни қисқартириш учун уч йилда 1,7 триллион сўм арзон кредит ва субсидия берилган.
Бу эътибор замирида ҳам инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, қадр-қимматини юксалтиришдек эзгу мақсад борлигини маҳалла аҳлига тушунтирайлик.
Оилаларга кириб, хонадоннинг ишга яроқли барча аъзоларини меҳнат қилишга, ишлаб, оиласини оёққа турғазишга руҳлантирайлик. Меҳнат завқини одам ўзида ҳис қилмаса, оила бой бўлмаслигини тушунтирайлик.
Аслида, ҳамманинг ҳам фаровон ҳаёт кечиргиси келади. Бироқ бундай яшаш учун кимдадир билим, кўникма ва тажриба етишмайди. Ана шундай оилалар вакилларига ўз салоҳиятини, билим ва кўникмаларини оширишга ёрдам берайлик! Замонавий касб-ҳунарларни ўргатайлик.
Меҳнат қилишга қодир бўлмаган, давлатимизнинг ижтимоий ҳимоясига муҳтож маҳалладошларимизни ҳам қўллаб-қувватлайлик.
Идоралар, вазирликлар ва ҳокимликлар билан ҳамкорликда “маҳалла еттилиги” аҳолини даромадли ишларга жойлаштириш бўйича имкониятлар яратилди. Бундан унумли фойдаланайлик. Камбағал оила аъзолари билан дилдан гаплашиб, ким нимага қизиқиши ва қандай юмушга кўникмаси борлигини аниқлайлик.
Ўзига ишончи йўқолган, боқимандалик кайфиятига тушиб қолган айрим ҳамюртларимизни соғлом ҳаётга қайтариш “маҳалла еттилиги”нинг муҳим вазифасига айлансин!
Азиз ҳамюртлар!
Шу обод ва жаннатмонанд юрт ҳаммамизники!
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги байрами муносабати билан халқимизга йўллаган табригида Президентимиз: “Бугун шиддатли ҳаётнинг ўзи барчамизни янада улкан марралар сари даъват этмоқда. Ўз кучимиз ва салоҳиятимиз билан барпо этган мустақил давлат, эркин ва озод жамиятни янада кучли, янада гўзал ва обод этиш бош вазифамизга айланмоқда”, дея алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “юртнинг кучи бирликда, қадри эса тинчликдадир”.
Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз! Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида “Камбағалликдан — фаровонлик сари” умуммиллий ҳаракатида фаол иштирок этиб, Президентимизга камарбаста бўлайлик.
Маҳаллаларимизда камбағаллик даражасидаги оилалар қолмаслигига эришайлик. Янги Ўзбекистонимизнинг барқарор ривожланиши ва тараққиётини таъминлашга ҳар биримиз муносиб ҳисса қўшайлик.