Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тамойилларини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни кучайтириш, аҳолининг турли ёш тоифасидан қатъи назар, спорт билан шуғулланишини рағбатлантириш ва пировард натижада аҳоли саломатлигини сақлаш ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи омиллардан бирига айланиб улгурган. Мазкур жараёнда, энг муҳими, соғлом турмуш тарзи аҳамиятини аҳоли чуқур англаб етмоқда.
Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фаолликни ошириш ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” шиори остида ташкил этилаётган пиёда юриш тадбирлари ҳудудларда қизғин давом этмоқда. Эндиликда жойларда эрта тонгдан гуруҳ-гуруҳ бўлиб пиёда сайр қилаётган, енгил жисмоний машқлар бажараётган кекса-ю ёшни учратиш қийин эмас. Албатта, ушбу жараёнда ҳудудларнинг қулай ва замонавий инфратузилмаси ҳам катта аҳамиятга эга.
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида аҳоли эрталабки бадантарбия машғулотларига қизиқиш билдириб, фаол иштирок этмоқда. Жумладан, туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда “Нуроний” жамғармаси Сариосиё тумани бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ёшлар, нуронийлар, фаол фуқаролар қатнашди. Жараён мобайнида 5 минг қадам пиёда юриш, эрталабки бадантарбия ҳамда соғломлаштириш машқлари бажарилди. Бу каби машғулотлар аҳолининг соғлом турмуш маданиятини шакллантиришда, жамият фаровонлиги ва баркамол авлод тарбиясида муҳим омил бўлмоқда.
Шунингдек, Наманган вилоятининг Поп туманида ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом ҳаёт тамойилларини кенг тарғиб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, фуқароларнинг кундалик ҳаётида пиёда юришни жисмоний фаолликнинг самарали шакли сифатида кенг жорий этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, аҳоли, айниқса, ёшларни мунтазам ҳаракатланишга жалб қилиш мақсадида маҳаллаларда зарур инфратузилма яратилмоқда. Бу борада пиёдалар йўлаклари ва сайр ҳудудларини ободонлаштириш, аҳоли учун жисмоний тарбия билан шуғулланиш мақсадида қулай шарт-шароитларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қувонарлиси, саҳармардондан туриб, пиёда юришга чиққан попликлар кайфиятида кўтаринкилик, шукроналик туйғуларини сезиш мумкин.
Аҳолини соғломлаштиришга қаратилган бундай оммавий тадбирлар жамоатчиликнинг соғлиғини яхшилашга, балки жамоавийлик, шунингдек, экомаданиятни юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли.
Суғдиёна СОБИРОВА,
“Нуроний” мухбири.