Аскарда ҳарбий кўникмалар билан бир қаторда, маънавий-маърифий салоҳиятни юксалтириш — Ватан ҳимоячисининг маънавий қиёфасини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Сирдарё туманида жойлашган Сафарбарлик чақируви резерви батальонида “Маърифат карвони” доирасида ўтказилган “Маънавият кечаси” айнан ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилди.
Тадбир Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши, Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Гулистон давлат университети қошидаги “Қатағон қурбонлари” хотира музейи, Республика Маънавият ва маърифат маркази Мирзаобод тумани бўлинмаси, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда маърифат тарғиботчилари ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилди.
Унда меҳнат фахрийси, шоир Жумабой ота Қосимов ўзининг ҳаётий тажрибаси, теран фикрлари ва самимийлиги билан ёш ҳарбий хизматчилар қалбидан ўрин олди. Кеча давомида “Ўлкада юритилган қатағонлик сиёсати оқибатлари” номли китоб тақдимоти ўтказилиб, халқимиз бошидан кечирган мураккаб ва аччиқ тарихий синовлар, қатағон сиёсатининг миллат тақдиридаги оғриқли асоратлари ва тарихий хотирани асраб-авайлаш зарурлиги ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Давра суҳбатида фахрийларнинг ибратли ҳаёт сабоқлари ёшлар учун муҳим тарбиявий манба бўлган бўлса, шоирлар ижросидаги шеърий чиқишлар кечага файз бағишлади. Она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва аждодлар хотирасини эъзозлаш каби эзгу ғоялар уларда ёрқин ифодасини топди.
Рустам БЕКТЕМИРОВ.