Маълумки, аҳолининг турмуш фаровонлигига эришиш, уларнинг дунёқараши ва тафаккурини ижобий томонга ўзгартириш, бандлик масалалари ижтимоий ислоҳотлар занжирида марказий ўринни эгаллайди. Юртимизда “Камбағалликдан —фаровонлик сари” дастури асосида олиб борилаётган ишлар мазкур жараённи тизимли, самарали ташкил этишда катта аҳамият касб этмоқда. Бунда кекса нуронийларнинг фаоллигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Аҳолининг турмуш даражасини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида юртимиз бўйлаб кенг кўламли ишлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти Бўка туманида оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом этаётир.

“Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси Абдусамад Носиров, жамғарманинг Бўка тумани бўлими раиси Абдурасул Акмалов ва фаол нуронийлар тумандаги “Ачамайли” маҳалласида бўлиб, ҳудудда нуронийларнинг фаоллигини ошириш, оилалар билан ишлаш ҳамда аҳоли ўртасида ўзаро бирлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида маҳалладаги оилалар хонадонбай ўрганиб чиқилди.

Жараёнда нуронийлар ҳар бир оила билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, турмуш шароити, бандлиги, даромад манбалари, оилада мавжуд муаммолар ҳамда қўллаб-қувватлашга бўлган эҳтиёжларини атрофлича ўргандилар.

Шунингдек, ҳаётий тажрибага эга нуронийларнинг оилалар билан ишлашдаги имкониятларидан самарали фойдаланиш, маҳаллада аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни касб-ҳунар ва меҳнатга йўналтириш, оилавий қадриятларни асраш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганишлар натижасида ҳар бир оиланинг ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар белгилаб олинди.

Жумладан, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, оилаларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни тегишли мутасадди ташкилотларга йўналтириш бўйича амалий вазифалар белгиланди.

Кенг доирада ташкил этилаётган бу каби ишлардан кўзланган асосий мақсад — ҳар бир оиланинг муаммосини аниқлаш билангина чекланиб қолмасдан, уни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш, оилаларда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга эришишдир.

Ботир ҚУРБОНБОЕВ,

“Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими бош мутахассиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan