Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Инкабод қишлоғидаги Падангсойда баҳор, қиш фаслида сел сувлари кўпайган пайтларда қишлоқнинг нариги томонига ўтишда катта қийинчиликларга дуч келинар, сойда машиналар қолиб кетар, ўқувчилар эса мактабга бориш учун узоқ йўлни айланиб ўтар эдилар.
Ушбу қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида, маҳалла аҳли сой устига кўприк қуришга қарор қилди. Ушбу эзгу ишга кайвони онахон Ўғлон момо Мамаражабова раҳбарлик қиладиган бўлди.
Момо уйма-уй юриб, хонадон эгалари билан гаплашган ҳолда, ёшларни ҳашарга, меҳнатга, жамоа бўлиб ишлашга чорлади. Натижада ҳамма бир-бирини қўллаб-қувватлади. Ташаббус қулоч ёйди. Ёзнинг 40-45 даража иссиқ кунларида ҳам онахон ишнинг бошига тик турди. Ҳашарчиларни ичимлик суви, ош-овқат, зарур қурилиш воситалари билан таъминлаш борасидаги ишларни ташкил қилди. Кўприк қурилиши аҳолининг ҳамжиҳатлиги ва бирдамлиги асосида ҳашар йўли билан амалга оширилди.
Маҳалладаги ёшу қари, эркагу аёл бирдек фаол иштирок этди. Савобталаб кишилар ўз шахсий маблағлари ҳисобидан ҳомийлик ёрдамларини кўрсатдилар.
Кўприкнинг узунлиги 25, эни 5, баландлиги 7 метрни ташкил қилиб, туман ҳокимлиги томонидан қурилиш жараёнига темир ва цемент маҳсулотлари етказиб берилди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан иншоотнинг тантанали очилиш маросими ташкил қилинди. Унда маҳалла фаоллари, кекса-ю ёшлар, туман ҳокими Б.Шукуров иштирок этди. Ҳоким ўз сўзида бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган оламшумул ислоҳотлар ва уларнинг ўзига хос самаралари эътирофга сазовор эканлигини таъкидлаб ўтди.
Тантанада сўзга чиққанлар муҳтарам Юртбошимиз томонидан халқимизнинг обод ва фаровон турмуши йўлида амалга оширилаётган ишлар учун улкан миннатдорлик билдирдилар. Ушбу эзгу ва хайрли ишга бош-қош бўлган Ўғлон момонинг матонати ва шижоатига тасаннолар айтдилар.
Ўғлон момо бугун янада фаол. Онахон ҳамиша халқ орасида. Маҳаллада тўй-ҳашамларни тартибли, камчиқим ўтказиш, низоли оилаларни яраштириш билан бирга, “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла”, “Яшил макон” лойиҳалари доирасида олиб борилаётган ободончилик, қурилиш-таъмирлаш, тарғибот-ташвиқот ишларида жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
Онахоннинг “маҳалла еттилиги” билан хонадонларни тоза, озода, саранжом-саришта тутиш бўйича ёш келин-қизлар билан олиб бораётган ишлари ҳам диққатга сазовордир. Тиниб-тинчимас, ташаббускор кайвони онахон эл ташвиши билан яшашни ўз бурчи деб билади.
Халқимизда шундай инсонлар бор экан, элимиз фаровон, юртимиз янада обод бўлишига асло шубҳа йўқ, албатта.
Эшдавлат Тошбоев,
“Нуроний” жамғармаси Бойсун тумани бўлими раиси.