16 сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни
Мазкур сана БМТ томонидан 1994 йилда жорий этилган бўлиб, инсониятнинг табиат олдидаги катта масъулиятини эслатиб туради.
Озон қатлами — Ер атмосферасининг стратосфера қисмида жойлашган бўлиб, у Ерни қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурларидан муҳофаза қилади. Агар бу нурлар ер юзига эркин етиб келса, инсон саломатлигига, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига ҳамда океанлар экотизимига катта зарар етади.
Озон қатлами инсоният учун табиий қалқондир. Ушбу қалқоннинг шикастланиши:
— тери саратони (меланома)нинг ортиши;
— кўз касалликлари (катаракта);
— иммун тизимининг сусайиши;
— қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигининг пасайиши;
— биологик турлар сонининг камайишига олиб келиши мумкин.
1987 йилда 46 та давлат Монреаль Протоколини имзолаб, озон қатламини муҳофаза қилиш учун биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олган. Ушбу протоколга мувофиқ, давлатлар озонга зарарли моддалар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатишга киришган. Бугунги кунда бу ҳужжатни 190 дан ортиқ давлат имзолаган — бу уни инсоният тарихидаги энг кенг қамровли ва самарали экологик келишувлардан бирига айлантиради.
БМТ маълумотларига кўра, агар Монреаль Протоколи амалда бўлмаганида, 2050 йилга келиб, ультрабинафша нурлар таъсири икки баробарга ошарди ва миллиардлаб инсоннинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатар эди.
Ўзбекистон ҳам Монреаль Протоколи ва унинг иловаларини ратификация қилган давлатлардан бири сифатида, озон қатламини муҳофаза қилишга оид бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Мамлакатда:
Озонга зарарли моддалар импорти ва экспорти қатъий тартибга солинган;
— махсус лаборатория ва кузатув станцияларида атмосфера назорати олиб борилади;
— муҳандислик ва техник таълим соҳасида экологик таълим кучайтирилмоқда;
Озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Унутмаслик керакки, эски совуткич ва кондиционерларни қоидаларга мувофиқ йўқотиш, табиатга зарарсиз маҳсулотлардан фойдаланиш, экологик одатларни кундалик ҳаёт тарзига айлантириш ҳар биримизнинг зиммамиздаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Озон қатлами кўзимизга кўринмаса-да, ҳаётимиз учун беқиёс аҳамиятга эга. Уни муҳофаза қилиш — фақат олимлар ёки давлатлар эмас, балки ҳар бир инсоннинг шахсий масъулияти ҳисобланади.
Хавфсиз ва фаровон ҳаёт сари интилар эканмиз, биринчи галда табиатни асраш борасидаги муқаддас бурчимизни асло ёддан чиқармаслигимиз лозим.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.