Аввал хабар берганимиздек, юртимизда давом этаётган “Нуронийлар куйлаганда” кўрик-танлови тобора қизғин тус олмоқда. Ўтган ҳафтада қатор ҳудудларда ушбу беллашувнинг вилоят босқичлари ўз якунига етди. Тадбирлар ундаги ижодкор нуронийларнинг истеъдоди-ю маромига етказиб куйланган ашулаларнинг файзи билан янада мароқли кечди. Бир қарашда, саҳнада қўлига миллий чолғу асбобларини олиб, қўшиқ ижро қилган нуронийларнинг санъат усталаридан қолишмайдиган маҳоратига қойил қолмай илож йўқ, албатта.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги “Нурафшон” санъат саройида ўтказилган кўрик-танлов мухлисларда катта таассуротлар қолдирди. Беллашувлар самимий, дўстона, шу билан бирга, ғоят қизғин кечди. Танлов якунларига кўра, Тайлоқ тумани фахрийси, “Бувижонлар мактаби” аъзоси Нодира Тожиева мақом йўналиши бўйича, Самарқанд тумани фахрий нуронийси Мамур Очилов миллий қўшиқчилик йўналиши бўйича ғолиб деб топилдилар.
— Бу биз учун катта имконият. Ахир, санъатга ёшидан қатъи назар, барча қизиқади. Мусиқа, қўшиқ инсонни эзгу фазилатлар руҳида тарбиялайди. Танловда ғолиб бўламан деб ўйламагандим, тўғриси. Шундай бўлса-да, бор куч-имкониятим ва маҳоратимни ишга солдим. Кутилмаганда ғолиб бўлганлигимдан ҳаяжонда қолдим. Бу ёғига яна астойдил бўлиб, якуний босқичга яхшилаб тайёргарлик кўришим керак. Вилоят шарафини ҳимоя қилиш, бу — катта масъулият дегани. Ўз навбатида, биз, нуронийларга қаратилаётган эътибор, билдирилаётган юксак ишонч учун давлатимиз раҳбариятига улкан миннатдорлик билдираман, — дейди танлов ғолиби Нодира ая Тожиева.
Наманган вилоятида ўтказилган танловда ҳам туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 28 нафар нуроний иштирок этиб, мақом ва миллий қўшиқчилик йўналишларида ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Тадбирда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуритдинов иштирок этиб, нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллиги, маънавий-маърифий тадбирлардаги иштироки ва миллий қадриятларимизни тарғиб этишдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Кўрик-танлов Сирдарё, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона, Навоий, Сурхондарё вилоятларида ҳам уюшқоқлик билан ташкил қилиниб, уларда вилоят ҳокимликлари, мутасадди ва ҳамкор идоралар вакиллари иштирок этдилар.
Танлов саҳнасида ўз маҳоратини намоён этган отахону онахонлар, чинакам маънода, санъатга ошуфта қалблари билан бир-биридан гўзал мақом ашулалари ва миллий қўшиқчилик намуналарини ижро этдилар. Иштирокчиларнинг овоз имконияти, саҳна маданияти, ижро маҳорати ва бадиий савияси ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Тадбирлар якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга турли даражадаги диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Ғолиблар танловнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритдилар.
— Мақом санъатини ривожлантириш, биринчи галда, ёш авлодимизга керак. Ёшларимиз шу санъат турини ўргансалар, уларнинг онги ва қалбига миллий қадриятларимиз чуқур сингиб, маънавияти, маданияти юксалиб бораверади. Илгари бундай ташаббуслар бўлмаган. Тўғриси, бу лойиҳадан қаттиқ ҳаяжонга тушдик. Умид қиламизки, ушбу танлов келажакда бардавом бўлади, — дейди танлов иштирокчиси — навоийлик отахон Шуҳрат ота Деҳқонов.
Ҳа, “Нуронийлар куйлаганда” кўрик-танловининг энг қизғин ва муросасиз босқичи тобора яқинлашмоқда. Ушбу босқич кўп сонли санъат шайдоларига унутилмас онлар ва таассуротларни туҳфа этиши аниқ. Ўз навбатида, беллашув иштирокчилари — хушовоз отахону онахонларга галдаги баҳсларда омад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Б.Валиев.