Бугунги кунда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ҳам ёши улуғ нуронийларни қадрлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар доирасида “Кексалар учун туризм” лойиҳаси ҳам қизғин давом эттирилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида кекса фахрийлар юртимизнинг турли гўшаларида бўлиб, ҳам саёҳат, ҳам зиёрат завқидан баҳраманд бўлмоқдалар.
Туманнинг бир гуруҳ фахрийлари, муҳтарам отахон ва онахонларнинг бу галги саёҳати Самарқанд вилоятининг табаррук қадамжолари ва тарихий зиёрат масканларига бўлди.
Мазкур саёҳат давомида улар Самарқанднинг муқаддас зиёратгоҳлари ҳамда бой тарихий-маданий мерос объектларида бўлиб, халқимизнинг бебаҳо маънавий қадриятлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Улар азизлар қадамжоларида зиёрат амалларини бажарар эканлар, бугунги кунда фахрийларга нисбатан улкан эътибордан мамнун бўлиб, давлатимиз раҳбариятига миннатдорлик билдирдилар. Халқимизга тинчлик, юртимизга фаровонлик тилаб, дуоларга қўл очдилар.
М.Назарова.