Юртимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси ва ҳаётийлиги, энг муҳими, ислоҳотларнинг марказий шаҳарлардан тортиб, чекка қишлоқ, овулларгача ҳар бир хонадонга кириб бориши масъулият баробарида, жавобгарлик, дахлдорлик ҳиссини кучайтирмоқда.
Қувонарлиси, мамлакатимиз бўйлаб нуронийларнинг шахсий намунаси, жумладан, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ва ташаббускорлиги, фидойи хизматлари Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида катта куч механизмига айланиб бораётир. Сабаби, маҳаллаларгача янгиланишлар нафаси кириб бораётган, аҳоли ислоҳотлар натижасини ўз ҳаётида ҳис этаётган мана шу кунларда фаол нуронийлар давлат ва жамият ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар кўлами йил сайин кенгайиб, ёшлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилда ҳам мазкур танлов асосида олиб борилаётган ишлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Айни кунларда туман босқичлари ғолиблари аниқланмоқда. Жумладан, Навоий вилояти Нурота туманида ўтган танловда “Миришкор” маҳалласининг фаол нуронийси Шодигул ая Ҳусенова биринчиликни қўлга киритди. У қарийб 70 ёшда бўлишига қарамай, маҳалладаги 10 нафар муаммоли ёш билан шуғулланиб, уларнинг ҳаётини тўғри йўлга қўйиш, оилада барқарор маънавий муҳитни шакллантиришга кўмаклашмоқда.
Аслини олганда, Шодигул ая эллик йилдирки, халқ билан бирга: ижтимоий муаммоларни ўрганиш ҳамда уларга мувофиқ ечим топиш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қатор натижаларга эришган.
— Танлов доирасида бириктирилган ёшлар билан ишлаш жараёнида уларнинг муаммоларини ўргандим. Тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож ёшларга “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида ёрдамлашдик, туман ҳудудида дурадгорлик, устачиликка нисбатан юқори талаб бўлгани сабаб, ишсиз ёшлар айни соҳаларга йўналтирилди ҳамда бандлиги таъминланди. Улар орасида устага шогирд тушгани ҳам, кундалик даромаддан фойдага ўтгани ҳам йўқ эмас. Қувонарлиси, ёшларнинг оиласи билан муносабатлари яхшиланмоқда. Биргина мисол, Бухоро давлат муҳандислик ва технология университети энергияни тежаш-энергия аудит факультетида ўқиётган бола билиб-билмасдан тақиқланган манбаларни ўз профилидан тарқатгани ортидан 4 йилга озодлиги чекланганди. Саъй-ҳаракатларимиз натижасида 4 йилнинг 2,5 йилга қисқартирилишига эришилди. Ҳозирги кунда бу бола Жанубий Кореяда магистратура босқичида таҳсилини давом эттирмоқда. Шукрки, юртимизда рўй бераётган янгиланишлар ёшлар ҳаётида, умуман, аҳолининг турмушида акс-садо беряпти, — дейди Шодигул ая Ҳусенова. — Имконияти чекланган ёшларнинг фаол ҳаётга қайтиши ҳамда ўз иқтидорини намоён этишига ҳам кўмаклашилмоқда. Хусусан, бундай ёшларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда спортга жалб этишга жиддий эътибор қаратдик. Қолаверса, бизнесга қизиқиши бўлган ёшга “Бизнесга кўмак” лойиҳаси бўйича 30 миллион микроқарз ажратилиши, савдо-сотиқни йўлга қўйишига эришдик.
Шодигул ая айни пайтда Нурота тумани “Бувижонлар мактаби” раҳбари. Узоқ йиллар мактаб директори, ҳоким ўринбосари лавозимларида ишлаб, халқ манфаатлари йўлида хизмат қилган. Унга кўра, оилавий фаровонлик жамият тараққиётига ҳисса қўшишнинг асосий омилларидан бўлиб, ижтимоий муаммолар келиб чиқишининг олдини олади. Онахоннинг узоқ йиллик меҳнатлари муносиб қадрланиб, II даражали “Меҳнат фахрийси”, шунингдек, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси. Фарзандларининг ҳаммаси ўқимишли, оила маҳалланинг зиёли, маърифатли хонадонлари қаторида эътироф этилади. Шеъриятга, адабиётга ихлоси баланд онахоннинг “Тушларимда кечган умрим”, “Ҳаёт ҳақиқатлари”, “Мен излаган дунё” тўпламлари чоп этилган. Унга бириктирилган ёшнинг Шодигул ая муҳаррирлигида “Халқим учун дуодаман” номли шеърий китоби ҳам нашр этилди.
Хулоса ўрнида шуни қайд этиш жоизки, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида ташкил этилаётган ишлар муаммоли ҳамда уюшмаган ёшлар сиёсатининг тизимли йўналишини ташкил этиб, маҳаллаларда соғлом муҳитни шакллантириш, маънавий кўмакка муҳтож ёшлар билан самарали ишлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, эзгулик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда нуронийларнинг ҳаётий тажрибасини ёшлар тарбиясида татбиқ этишга хизмат қилмоқда.
Суғдиёна СОБИРОВА,
“Нуроний” мухбири.