Кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси, маслаҳат ва ўгитлари азалдан ёшлар қалбига  эзгулик, фидойилик, самимийлик хислатларини сингдириб келган. Айниқса, болажонлар ёзги таътилни мароқли ўтказаётган шу кунларда   оромгоҳларда ташкил этилаётган турли маданий-маърифий тадбирлар, кекса авлод вакиллари иштирокидаги учрашувлар келажагимиз эгаларини қувонтирмоқда.

Ана шундай мароқли тадбирлардан бири Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Ишкент қишлоғида жойлашган “Шўртан қалдирғочи” оромгоҳида ташкил этилди.

“Уч авлод учрашуви” тадбирини оромгоҳ бош етакчиси Зулфия Ашурова кириш сўзи билан очди. У ўз сўзида тадбир аҳамиятига тўхталар экан, бу каби лойиҳалар кекса, ўрта ва ёш авлод вакиллари ўртасида олтин кўприк бўлиб хизмат қилишини айтиб ўтди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, халқаро тоифадаги ҳакам, кураш бўйича уч карра Ўзбекистон чемпиони Аҳмад полвон Жўрақобилов, ички ишлар тизими фахрийси, 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Баҳиддин Алиқулов, Самарқанд шаҳрида фахрийлар ўртасида ўтказилган республика чемпионатида иштирок этиб, кураш бўйича 1-ўринни эгаллаган Абдужаббор Қурбонов, Яккабоғдаги “Сероб” маҳалласи фаол нуронийси Собир бобо Шукуровларнинг фикр-мулоҳазалари, ҳаётий ҳикоялари ёшларда ўзига хос таассуротлар қолдирди.

— Оромгоҳимиз мавсумда 1500 нафардан ортиқ болани ўз бағрига олган бўлиб, уларнинг соғлом ўсиши, ёзги таътилни мароқли ўтказишлари учун барча имкониятларимизни ишга солмоқдамиз, — дейди оромгоҳ раҳбари Музаффархон Низомов. — Айниқса, кўпни кўрган нуронийлар иштирокида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар болажонларнинг бир умр эсларидан чиқмайди.

Учрашувда оромгоҳ бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари даврага янада файз киритди.

 

Саёҳат ва зиёрат завқи

“Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан Нишон ва Қарши туманлари фаол нуронийларининг қадимий ҳамда ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди.

Эрта тонгдан “Voha travel” сайёҳлик агентлиги томонидан ажратилган махсус автобусда йўлга чиққан нуронийлар Самарқанд шаҳрига етиб бориб, илк зиёратни “Маҳдуми Аъзам” мақбарасидан бошладилар. Ўтганлар хотирасига қуръон тиловат қилинди.

Саёҳатчилар Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари билан танишгач, таъмирланиб янги қиёфа касб этган “Имом-ал Бухорий” мажмуасини зиёрат қилдилар. Тушликда бир пиёла чой устида қилинган самимий суҳбатдан баҳраманд бўлган нуронийлар кўрсатилган иззат-эътибор учун давлатимиз раҳбаридан миннатдор эканликларини изҳор этиб, юртимизга тинчлик, халқимизга хотиржамлик тилаб, дуоларга қўл очдилар.

— Биз, нуронийлар учун ташкил этилган саёҳатдан ғоят хурсандмиз, —   дейди Нишон туманидаги “Нишон” МФЙ фаол нуронийси, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Нурали Жўраев. — Саёҳат асносида қаршилик нуронийлар билан ҳам яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашдик. Саёҳат — танга роҳат, деб шунга айтсалар керак.

Қаршилик фаол нуроний Орзиқул Тоғаев ҳам нуроний-кексалар учун ташкил этилган саёҳатдан мамнун эканликларини маълум қилиб, кези келса, бир кунлик саёҳат нуронийлар учун бир умрлик хотирага айланиши мумкинлигини айтиб ўтдилар.

Шавкат СУЛТОНОВ, “Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan