Ер — халқнинг энг катта бойлиги. Уни кўпайтиришнинг имкони йўқ. Аммо ундан оқилона фойдаланиш орқали юзлаб оилаларнинг келажагини таъминлаш мумкин. Бугун аҳоли сонининг ўсиши, ёш оилаларнинг кўпайиши ва уй-жойга бўлган эҳтиёжнинг ортиши нафақат Ангор тумани, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудлари учун долзарб масалага айланмоқда.
Кечагина бир ҳовлида бир оила яшаган бўлса, бугун ўша ҳовлида икки, уч, ҳатто тўрт оила истиқомат қилмоқда. Ўғиллар уйланмоқда, қизлар турмуш қурмоқда, неваралар вояга етмоқда. Бу эса яшаш майдонининг қисқариши, маиший муаммолар ва айрим ҳолларда оилавий келишмовчиликларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Шундай бир пайтда Ангор туманида мавжуд ҳудудлардан унумли фойдаланиш орқали ёш оилалар учун қўшимча томорқалар ташкил этиш имкониятини яратувчи ташаббус илгари сурилмоқда. Маълумки, маҳаллаларда ўнлаб йиллар аввал қурилган уйлар билан кейинчалик барпо этилган хонадонлар орасида ариқлар, эски молхоналар ва амалда самарасиз фойдаланилаётган ҳудудлар сақланиб қолган. Ушбу ер майдонларини қайта режалаштириш орқали катта имкониятлар очилиши мумкин.
“Нуроний” жамғармаси Ангор тумани бўлими ташаббуси билан фуқароларнинг ўзаро келишуви асосида ариқларни янги жойга кўчириш, эски молхоналарни тартибли равишда бошқа ҳудудга жойлаштириш таклиф қилинмоқда. Бу ишларнинг барчаси аҳолининг розилиги ва ҳамжиҳатлиги асосида амалга оширилиши кўзда тутилган.
Мутахассислар таъкидлаганидек, ердан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири. Ангорда таклиф этилаётган ташаббус амалга ошса, тахминан 300-400 метрли янги кўча барпо этилиши, 60-80 тагача янги томорқа ташкил этилиши мумкин. Ҳар бир хонадон йўл учун белгиланган ер майдонини ажратса, замонавий ва тартибли инфратузилма шаклланади. Бу ташаббуснинг энг муҳим жиҳати шундаки, у давлат бюджетига ортиқча юк туширмасдан, аҳолининг ўзи иштирокида амалга ошириладиган ижтимоий лойиҳа ҳисобланади. Энг муҳими, ёш оилаларнинг уй-жой муаммосини юмшатишга, қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга ва маҳаллаларда ижтимоий барқарорликни таъминлашга эришилади.
Бугун мамлакатимизда маҳаллаларни обод қилиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ангорлик нуронийлар томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус ана шу эзгу мақсадларга ҳамоҳанглиги билан ҳам аҳамиятлидир. Ушбу ташаббус доирасида тумандаги “Янгиобод” маҳалласида хайрли ишлар бошланмоқда. Улар бошқа маҳаллаларга ҳам кўчса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Эсон Мардонов,
“Нуроний” жамғармаси Ангор тумани бўлими раиси.