Ҳаёт ундаги бағрикенг, хушфеъл, одамохун, фидойи инсонлар билан гўзал, аслида. Тиниқ булоқ суви чанқоғингни қондиргани каби яхши инсонлар суҳбатида бўлган чоғингда ўзингни енгил ва хотиржам ҳис қиласан. Улардан куч ва илҳом оласан.

Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги “Кўкдала” маҳалласида истиқомат қилиб, 80 ёшни қаршилаган Жуман бобо Шойимов ана шундай замондошларимиздан бири. Отахон ўтган йилларини шундай хотирлайди:

— Айни кучга тўлган йигитлик давримиз Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тикланиш йилларига тўғри келди. Қорнимиз тўйиб нон емаганмиз, тўғриси. Бир ҳовуч буғдой кўзимизга тўтиё кўринган. Ҳатто тирик қолиш учун кунжара еганлар ҳам бўлган. Ёшимиз улғайгани сари ҳаётни теран англадик. Қарийб 30 йилдан ортиқ вақт давомида “Халққа хизмат — олий ҳиммат” шиори остида савдо соҳасида фаолият юритдим. Ўшанда қишлоғимиз билан туман марказини боғловчи йўл жуда олис эди. Туман марказига бориб, иш битириш учун икки-уч кунлаб вақтимиз кетарди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари билан биз, кексалар орзу қилган замон келди. Кўкдала тумани ташкил этилиб, бу ерда бир-биридан кўркам ва шинам бинолар қурилди. Меҳнатларим инобатга олиниб, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландим. Ҳозир Кўкдалага ташриф буюрган меҳмонлар бу ердаги ўзгаришларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаши тайин… Замонавий “Нуронийлар маскани”да кексалар учун барча қулайликлар яратилган. Яқинда маҳалламизда туман ҳокими ташаббуси билан “Нуронийлар чойхонаси” биноси фойдаланишга топширилганлиги нур устига аъло нур бўлди. Буларнинг барчаси биз, нуронийларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси бўлиб, дориломон кунларимизга шукрона айтиб яшамоқдамиз.

Жуман бобонинг шукронаси замирида айни ҳақиқат ётади. Отахон пенсияга чиққандан сўнг ҳам халқ фаровонлиги йўлида самарали меҳнат қилди. “Кўкдала” маҳалласи раисининг ўринбосари бўлиб фаолият юритган даврида маҳаллани ободонлаштириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда катта ҳаётий тажрибаларидан фойдаланди.

Отахон катта бир оиланинг сардори. 8 нафар фарзанд, 33 нафар набира ва 16 нафар эваранинг суюкли бобоси. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлса-да, қўлтиқтаёқ билан маҳалланинг барча ташкилий ишларида фаоллик кўрсатади.

“Нуроний” жамғармаси туман бўлими “Кексалар маслаҳати” жамоатчилик Кенгаши аъзоси сифатида отахонни гоҳ  мактабда, гоҳ маҳаллада ёшлар билан суҳбатлашиб турганини кўрасиз. Жуман бобога “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури доирасида жами 5 та камбағал оила, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” лойиҳаси доирасида 10 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож ёшлар бириктирилган. Отахон мазкур лойиҳалар доирасида қатор амалий ишлар билан банд бўлиб, оилаларни камбағалликдан чиқариш, эътибор, қўллаб-қувватловга муҳтож ёшларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларида бевосита кўмак бериб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда Жуман бобо кўкдаланинг кўркига кўрк, ҳаётига янада фаровонлик улашиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларда  зиммасидаги масъулиятли вазифаларни фаоллик билан адо этиб, ўрта ва ёш авлод вакилларига ўрнак бўлиб келмоқда.

Шавкат СУЛТОНОВ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan