Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиблари тақдирланди
Хабар бериб борганимиздек, мамлакатимиз бўйлаб узоқ йиллар давомида таълим, тиббиёт, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби халқ хўжалигининг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилган табаррук нуронийларимизга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини топшириш маросимлари ташкил этиб келинмоқда.
Бир пиёла чой устида, самимий муҳитда кечаётган бу учрашувлар нафақат нуронийларимизга юксак эҳтиром кўрсатиш, балки авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарни мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Шу билан бирга, жамият юксалиши йўлида фаол қатнашаётган отахон ва онахонларимизга янгича шижоат ва ғайрат бағишлаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Қорақалпоғистон: ТАРИХ, бугун ва келажакни бирлаштирган қадрият
Нукус шаҳри кўркига кўрк қўшган муҳташам “Оқ қуш” мажмуасида ўзгача файз, тантана ва эҳтиром шукуҳи кезди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ҳамда жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” тарихий хотира, бугунги тараққиёт ва порлоқ келажакни бир нуқтада бирлаштирди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Жўқорғи Кенгес раиси Аманбай Ўринбаев юртимиз равнақи, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган, бугунги осойишта ва дориломон кунларимизнинг мустаҳкам пойдеворини яратган кекса авлод вакилларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, ўз соҳасида маҳорат мактабини яратиб, ёш авлодга намуна бўлаётган бир гуруҳ фахрийларнинг фаолиятига алоҳида тўхталди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев ҳамда жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Турсинбай Абдижаббаров сўзга чиқиб, юртимизда олий қадрият даражасига кўтарилган инсон қадрини улуғлаш ва авлодлар ўртасидаги маънавий кўприкни мустаҳкамлашга оид фикрларини билдиришди.
Суҳбат давомида нуронийларнинг босиб ўтган машаққатли ҳаёт йўли, эришган ютуқлари ва тўплаган донишмандлик хазинаси бугунги ёш авлод учун ғоят муҳим восита эканлигига алоҳида урғу берилди. Бу, албатта, йигит-қизларни юксак марраларни забт этишга руҳлантиради, улар қалбида ватанпарварлик, миллий қадриятларга содиқлик ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлайди.
Тадбир “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросимига уланди. Кўп йиллар давомида юртимиз тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган, маҳаллаларда тинчлик-тотувлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда барчага ўрнак бўлаётган бир қатор нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ҳамда ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Маросим якунида эл суйган санъат усталари ва умидли ёш ижрочилар томонидан тайёрланган катта концерт дастури намойиш этилди.
Қашқадарё: Меҳнат қилган — элда азиз
Шу кунларда мамлакатимиз миқёсида энг улуғ, энг азиз байрам тадбирлари қизғин тус олмоқда. Ватан равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни эъзозлаш ва рағбатлантириш ушбу байрамона тадбирларнинг бош ғоясига айланган.

Жумладан, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Бахтли оила” анжуманлар саройида қашқадарёлик бир гуруҳ нуронийларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросим ва “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов мукофотланганларни қутлаб, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ва ёшлар тарбиясидаги фаол иштирокини алоҳида қайд этишди.
Маълумот ўрнида айтганда, ушбу нуфузли эътирофга бу йил вилоятнинг 50 нафар фаол нуронийси сазовор бўлди. Улардан 26 нафари I даражали, 24 нафари II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига лойиқ кўрилди.
Маросим давомида кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва яратилаётган шароитлар юзасидан фикр алмашилди.
— Бугунги тезкор замонда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш билан бир қаторда, жамиятда маънавий-маърифий муҳитни юксалтириш энг муҳим вазифага айланмоқда, — дейди Шаҳрисабз туманидаги “Янгиобод” маҳалласида яшовчи Ориф Маҳмудов. — Чунки моддий тараққиёт ўз йўлига, лекин ёшларимизни турли ёт ғоялар, бепарволик ва боқимандалик кайфиятидан асраб қолиш — ҳаммамизнинг бурчимиз. II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига лойиқ кўрилганимни эшитганимда, аввало, ана шу масъулиятни янада чуқурроқ ҳис қилдим.
Тадбир якунида фаол нуронийлар ва ёшларга эсдалик совғалари топширилди.
Навоий: Қадри баланд кексалар ҳамиша эъзозда

Шунингдек, тантанали тақдирлаш тадбирлари Навоий вилоятининг Кармана туманида жойлашган “Оқсарой” мажмуасида ҳам давом этди. Бир гуруҳ фахрийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонларини топшириш маросими ўтказилди. Сўз олганлар мамлакатимизда кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларни рағбатлантириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталишди.
Турли соҳаларда узоқ йиллар самарали фаолият юритган, давлат ва жамият ривожига ҳисса қўшган фуқароларнинг хизматлари давлат томонидан қадрланаётгани таъкидланди. Вилоят ҳокимлиги ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтган тадбирда “Нуроний” жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев сўзга чиқиб, нуронийларнинг жамиятдаги тинчлик-тотувлик ва барқарорликни таъминлашдаги ролини юқори баҳолади.
— Инсоннинг кўп йиллик ҳалол меҳнати давлат томонидан қадрланиши ҳар бир фахрий учун катта шараф ва масъулиятдир, — дейди “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Худойберди Наврўзов. — Бугун юртимизда кекса авлодга кўрсатилаётган юксак ҳурмат ва эътиборни ҳар биримиз ўз ҳаётимизда ҳис қилиб турибмиз. Бу эса биз, нуронийларни янада фаол бўлишга, ёшларга ўз билим ва тажрибамизни улашишга ундайди. Ёшларга айтар гапим: Ватан тараққиётининг энг мустаҳкам пойдевори ҳалол меҳнат, илм ва юртга садоқат асосига қурилади. Шу қадриятларга содиқ бўлсак, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оламиз.
Албатта, бу каби эътибор ва рағбат кекса авлод вакилларининг жамият ҳаётидаги нуфузини янада ошириш, уларнинг бой тажрибасидан самарали фойдаланиш ҳамда юрт тинчлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фарғона: Совриндорлар эҳтиромдан мамнун
Инсоннинг йиллар давомида тўплаган бой ҳаётий тажрибаси ва ҳалол меҳнати ҳеч бир бойлик билан ўлчаб бўлмайдиган энг катта маънавий хазинадир. Айниқса, бугунгидек тезкор ва мураккаб замонда ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган, босиб ўтган йўли билан ёшларга ибрат бўла оладиган табаррук нуронийларимизга суяниш, уларнинг ўгит ва маслаҳатларига қулоқ тутиш жамият мувозанатини ва маънавий барқарорлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис, кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатиш, меҳнатини муносиб эътироф этиш мамлакатимизда хайрли ва бардавом анъанага айланди. Шу каби эзгу ва кўтаринки тадбирлардан бири Фарғона шаҳридаги «Wине Гарден» мажмуасида бўлиб ўтди ва кўп йиллик ҳалол ва фидокорона меҳнати, жамият тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси билан эл-юрт ҳурматини қозонган фахрийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тантанали топширилди.
Байрамона руҳда ташкил этилган маросимда вилоят ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, жамғарманинг вилоят бўлими раиси Зокиржон Раҳмонов, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда турли соҳаларда самарали меҳнат қилганлар жам бўлишди.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов Фарғона вилояти ҳокимининг нуронийларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Унда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасини ўрганиш, устувор вазифалардан бири экани алоҳида таъкидланди.
Бугун Фарғона вилоятида 442 мингга яқин табаррук нуроний истиқомат қилмоқда. Улар орасида Иккинчи жаҳон урушининг 5 нафар қатнашчиси ва уларга тенглаштирилган фахрийлар, 310 нафар фронторти меҳнаткаши ҳамда аср билан тенглашган — 100 ёшдан ошган 49 нафар табаррук кексаларимиз борлиги диққатга сазовордир.
Тадбирда юртимиздаги тинчлик, дориломонлик ва кексаларимизга яратилаётган муносиб турмуш шароитлари бу борадаги амалий эътибор натижаси экани қайд этилди.
Санъаткорларнинг, айниқса, эл суйган санъаткор Дадахон Ҳасановнинг дилтортар қўшиқлари тантанали тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Хоразм: Эътироф нуронийларга шижоат бағишлади

Воҳада ўтказилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топшириш маросимида 56 нафар нуроний тақдирланди. Вилоят ҳокимлигида ўзининг бой ҳаётий тажрибаси, ҳалол меҳнати ва қимматли маслаҳатлари билан жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётганларнинг меҳнати, жамиятда тутган ўрни эътироф этилди. Тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирок этиб, кўкрак нишонини ўз эгаларига тақдим этди.
— Нуронийларимиз бизнинг олтин фондимиз эканликларини қайта-қайта такрорлашдан чарчамаймиз. Уларнинг бой тажрибаларидан маҳаллаларимизни ободонлаштиришда, ёш авлодни тўғри йўлга бошқариш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда кенг фойдаланамиз. Ўрни келганда эса меҳнатларини эътироф этишни ҳам унутмаймиз. Ҳар бир чин кўнгилдан қилинган меҳнат, албатта, эътирофга лойиқ эканлигини таъкидлаганимиз ҳолда, бугунги “Меҳнат фахрийси” медалини топширар эканмиз, бу уларга янада куч-ғайрат бағишлашига аминмиз, — деди вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов ўз сўзида.
Таъкидланганидек, ушбу кўкрак нишони кўп йиллар давомида турли соҳаларда ҳалол ва самарали меҳнат қилган, бугунги кунда ҳам ўзининг ҳаётий тажрибаси билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган нафақа ёшидаги фуқароларни муносиб эътироф этиш мақсадида таъсис этилган.
Шунингдек, фарзандларини Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаб, жамиятда катта обрў-эътибор қозонган фидойи оналар ҳам айни юксак эътирофга сазовор бўлдилар.
— Ушбу нуфузли кўкрак нишонига лойиқ кўрилганимдан бошим кўкка етди, — дейди Ҳусан Отажонов. — Гарчи нафақада бўлсак-да, маҳалламиз ободлиги ва оилалар фаровонлиги йўлида натижа учун ҳаракат қиляпмиз. Билганларимизни, бой ҳаёт ва меҳнат тажрибамизни ёшларга ўргатаётганимиздан мамнунмиз. Кексайганда ҳам жамиятга кераклигингни ҳис қилиб яшаш, меҳнатинг қадрланиб, эъзоз топишинг ўзгача куч ва шижоат бағишлар экан. Бунинг учун Юртбошимизга миннатдорлик билдираман.
Маросим давомида тақдирланган нуронийларга самимий табриклар йўлланиб, уларнинг мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига қўшган муносиб ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Тадбир кўтаринки руҳда ўтиб, иштирокчилар учун унутилмас онларга бой бўлди.
Кўрсатилаётган доимий эътибор ва яратилган имкониятлар юзасидан фахрийлар ўз фикрларини билдириб, эл-юрт тинчлиги, Ватан юксалишини сўраб, дуога қўл очдилар.
Илҳомжон Абдусаломов,
Шавкат СУЛТОНОВ.