Миллий матбуот марказида «Ўзархив» агентлиги томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар якунлари ҳамда архив соҳасидаги муҳим ислоҳотларга бағишланган матбуот анжуманида кўплаб янгиликлар очиқланди.
Хусусан, «Шажара» ахборот тизими ишга туширилиши маълум қилинди. Платформа фуқароларга ўз оилавий шажарасини шакллантириш, аждодларига оид архив маълумотларини масофадан туриб излаш ҳамда давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш имкониятини яратади.
Тизим «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви», давлат ва идоравий архивлар маълумотлари базалари билан интеграция қилиниши баробарида, Суд-экспертиза марказининг ДНК маълумотлари орқали этник келиб чиқишни аниқлаш хизматидан фойдаланиш имконини ҳам тақдим этади.
Шу билан бирга, соҳадаги энг муҳим стратегик янгиликлардан бири сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги тегишли қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 августдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида архив ишига оид ҳужжатлар фақат электрон шаклда юритилиши тартиби жорий этилади.
Янги тартибга кўра, архив ҳужжатларини шакллантириш, ҳисобга олиш, сақлаш ва давлат архивларига топшириш жараёнлари босқичма-босқич рақамли муҳитга ўтказилиб, қоғоз ҳужжатлар айланмасини сезиларли қисқартириш ва архив маълумотлари билан ишлашнинг ягона тизимини яратиш таъминланади.
Агентлик томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳисоботига кўра, соҳавий фаолиятни тартибга солувчи 11 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган ва 72 миллион кадр архив ҳужжатлари рақамлаштирилган.
Натижада бугунги кунга қадар жами 1,3 миллион сақлов бирлиги электрон шаклга ўтказилиб, Миллий архив фондидаги рақамлаштирилган ҳужжатлар улуши 14,3 фоизга етказилган.
Махсус ахборот тизимига ярим йил давомида 1 миллион 158 мингдан ортиқ маълумот, жумладан 115 та фонд, 439 та рўйхат ва 80 минг 818 та сақлов бирлигига оид кўрсаткичлар киритилган.
Давлат архивлари фондларини бутлаш ва мавжуд материалларни жисмоний тиклаш йўналишида ҳам тизимли ишлар олиб борилган бўлиб, сақловга жами 156 мингдан ортиқ турли тоифадаги сақлов бирликлари қабул қилинган ҳамда 348 183 сақлов бирлиги архив ҳужжатларининг мавжудлиги текширилган.
Бундан ташқари, 307 379 варақ архив ҳужжатлари таъмирланиб, 64 580 сақлов бирлиги муқоваланган ва зарур тартибга келтирилган.
Шунингдек, «Ўзархив» агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилган 201 та давлат назорати тадбири натижасида қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 189 та ташкилотга мажбурий тақдимнома киритилиб, 52 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий чоралар кўриш учун ҳужжатлар суд органларига юборилган.
Ҳа, миллий тарихий меросни асраб-авайлаш, архив ҳужжатларини изчил рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги қадамлар нафақат давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга, балки фуқароларнинг архив хизматларидан фойдаланиш имкониятларини сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ,
Санжарбек АБДУЛХАЕВ (фото)
Тошкент




