Содиқжон ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор,
“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги байрами тантаналарига ҳозирлик кўрилаётган бугунги шукуҳли кунларда халқимизнинг озод ва эркин ҳаёт сари босиб ўтган шарафли йўли — миллий қадриятларимиз, давлатчилигимиз эътирофи, эл-юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Янги Ўзбекистонимиз ободлиги сари ташланган салмоқли қадамлар юртимизда ҳам, дунё ҳамжамиятида ҳам юксак ифтихор билан эътироф этилмоқда.

Ўтган 35 йил давомида, айниқса, сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳаларда улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Янги шаҳар ва қишлоқлар бунёд этилди, илм-фан, таълим, маданият ва тадбиркорлик соҳалари кенг ривожланди. Нафақат шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси янгиланди, балки ҳамюртларимизнинг ҳаёти, орзу-истакларида ҳам улкан янгиланишларга гувоҳ бўлиб турибмиз.

“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори билан бошланаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги тантаналари қувончи халқимизнинг бахтиёр қиёфаси, нуронийларимизнинг нурли сиймоларида акс этмоқда, дилларимиз, тилларимизда шукрона бўлиб ифодаланмоқда. Энг муҳими, эл-юртимиз тинчлиги, маҳаллаларимизнинг кундан-кунга обод бўлиб бораётгани улкан саодатдир. Инсон қадри ва халқ манфаати давлат сиёсатининг устувор мезонига айланган бугунги кунда Янги Ўзбекистонимизнинг ҳар бир гўшасида миллий қадриятларимиз жилоси — ҳамжиҳатлигимиз, аҳиллигимиз, меҳр-оқибатимизда намоён бўлмоқда.

Инсон қадрини улуғлаш тамойили асосидаги ижтимоий ислоҳотлар натижасида давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан  ёши улуғ инсонларга ҳам муносиб иззат-икром кўрсатиш, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган ва ўзгалар кўмагига муҳтож кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини сақлаш ва ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун муносиб шарт-шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президентнинг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ва соҳага йўналтирилган 10 дан ортиқ ҳужжатлар кексаларимизнинг кундалик ҳаёти ва турмуши мазмунли бўлишини таъминлашга йўналтирилган мақсадли тадбирларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

1996 йилда ташкил этилган “Нуроний” жамғармаси дастлаб фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари билан шуғулланган бўлса, 2016 йилдан нуронийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини тубдан оширишга қаратилган амалий ишлар бошланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кекса авлод вакилларининг жамият ҳаётидаги ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди, бу нуронийларга жуда катта қувонч,  ғайрат ва қанот бағишлади. Мазкур фармондан сўнг мамлакатимизда кекса авлод вакилларига бўлган ғамхўрлик мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Ёши улуғларнинг маънавий интеллектуал салоҳияти, узоқ йиллик ҳаётий тажрибаси ва малакавий маҳоратидан янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлаш, ёшларни она Ватан, халқимизга садоқат руҳида тарбиялашда самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратилди. Кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни эъзозлашга қаратилган амалдаги 10 дан ортиқ ҳуқуқий-норматив ҳужжатларнинг ижроси изчил таъминлаб келинмоқда.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда 3 миллион 565 минг нафардан ортиқ ёшга доир пенсия олувчилар истиқомат қилмоқда. Эътиборлиси, уларнинг 59 нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 2 минг 620 нафари эса меҳнат фронти фахрийларидир. Уларнинг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти давлатнинг доимий диққат марказида бўлиб, фахрийларимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, саломатлигини муҳофаза қилиш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича тизимли механизмлар яратилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 8 июндаги тегишли қарорига мувофиқ, уруш фахрийлари, концлагерларнинг собиқ маҳбуслари ва Ленинград қамали иштирокчилари, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексаларга бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат ва гигиена товарлари ўрнига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бир баравари миқдорида қўшимча тўлов жорий этилди. Шунингдек, ҳар йили август ойида кийим-кечак хариди учун БҲМнинг 15 баравари миқдорида компенсация тўланмоқда.

Кекса ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш, саломатлигини тиклашларига шароит яратиш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилди. Биргина жорий йилнинг беш ойи давомида нуронийларнинг 85 минг нафари бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган хасталиклар бўйича даволанишга йўналтирилган бўлса, 3120 нафардан ортиқ кексаларнинг санаторийларда саломатлигини тиклашига шароитлар яратилди, 34 мингдан зиёд кексаларга дори-дармонлар олиб берилди.

Наврўз, Рамазон ҳайити, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан юксак эътибор, ардоқ ва эъзоз кўрган кексаларимизнинг  шукроналиги чексиз. Қурбон ҳайити арафасида Ҳаж сафарига отланган минг-минглаб ҳамюртларимиз қаторида  Президентимизнинг ташаббуси билан “Президент ҳожилари” лойиҳаси доирасида ҳаж сафарига юборилган ва муқаддас зиёратдан қалблари нурга, шукронага тўлиб қайтган 100 нафар ёши улуғ нуронийларимизнинг қувончи, шукроналик дуоларига эш бўлдик.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги Қарорига асосан, кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш дастурига мувофиқ, мамлакат бўйлаб кекса авлод вакилларининг саёҳат қилишларини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси — “Кексалар ҳафталиги”, ноябрь ойи эса “Кексалар учун туризм ойлиги” этиб белгиланган. Оилаларимизнинг файзу фариштаси бўлган бобо ва бувиларимиз, устозларимиз, соҳанинг етук мутахассислари бўлмиш фахрийларимизни эъзозлашга қаратилган мазкур ҳафталик ва  ойлик доирасида турли ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда, юртимизнинг диққатга сазавор жойларига саёҳатлар уюштириляпти. Нуронийлар фақат мазкур ойдагина эмас, йил давомида саёҳатлар завқидан баҳраманд бўлишмоқда. Ўтган йили 1 миллион 450 минг нафар нуронийнинг  саёҳати ташкил этилган бўлса, бу йилнинг ўтган беш ойи давомида 560 мингга яқин нуронийлар саёҳатга чиқишди. Йил охиригача 1 миллион 500 мингдан ортиқ нуронийларнинг мамлакатимиз бўйлаб  саёҳатларини ташкил этиш белгиланган.

Мамлакатимиз бўйлаб замонавий ва анъанавий меъморчилик услубларини уйғунлаштирган ҳолда 171 та замонавий “Нуронийлар маскани” барпо этилган.  Мазкур масканларда нуронийларнинг дам олиши, вақтини мазмунли ўтказиши учун ҳамма шароитлар яратилган. Кичик кутубхона, кексаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун  тренажёр зали мавжуд. Кексаларимиз бу ерда шахмат-шашка ўйнашади, давра суҳбатлари, маърифий гурунглар ўтказишади. Китоб ўқишади, ёшлар билан учрашувлар ташкил этишади. Қисқача айтганда, нуронийлар ва ёшларни бир даврага жамлаётган бу масканлар, чин маънода, маърифат бўстони, маҳорат мактабига айланмоқда.

Президентнинг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги 2017 йил 14 июлдаги қарорига кўра, узоқ йиллар давомида юрт равнақи, халқ фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилган ва айни пайтда пенсия ёшида ҳам жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок  этаётган нуронийлар “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланиб келмоқда. Юртимиздаги барча маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг энг фаол раҳбарлари ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида рағбатлантириб келинмоқда.

Бундай ғамхўрлик, эътибор ва эъзоз туфайли бугун нуронийлар жамиятимизнинг чин маънодаги маънавий устунларига айланишди.  Жамиятимизнинг қайси жабҳасига кириб борманг, у ерда, албатта,  фаол нуронийларни кўрасиз. Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш йўлида ҳамкор ташкилотлар ва “маҳалла еттилиги” билан ҳамқадам ҳаракат қилаётган  нуронийларнинг фаоллиги туфайли ажрим ёқасига келиб қолган оилалардаги ёш келин-куёвлар яраштирилмоқда, оилалар камбағалликдан чиқарилмоқда, алоҳида эътибор ва ишлашга мойил ёшлар муаммоли оилалар рўйхатидан чиқарилиб, уларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши орқали бандлиги таъминланмоқда. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмаяпти. Маҳаллаларда ҳамжиҳатлик муҳитини асраш, ёшларни юртимизинг муносиб ўғил-қизлари этиб тарбиялаш йўлида давлатимиз раҳбарининг кекса авлод вакилларига билдираётган ишончи нуронийларга куч-қувват бағишлаяпти.

Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари орқали кексаларнинг саломатликларини янада мустаҳкамлашга эришилмоқда. Шу мақсадда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида нуронийлар ўртасида уч босқичли “Ғайратли кексалар” спорт мусобақалари  ташкил этилиб, унда кекса авлод вакиллари мини футбол, миллий кураш ва шахмат-шашка бўйича беллашяпти. Республика миқёсида ғолиблари аниқланаётган мазкур турнирлар кекса авлод вакиллари ўртасида соғлом ҳаётни тарғиб этиш билан бирга, нуронийларимизга янгича куч-ғайрат бахш этиб,  спорт байрамларига айланиб кетяпти.

Ёшларимизни умуммиллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида, юрт тараққиётига дахлдор, ватанпарвар, илмли ва маърифатли шахслар этиб тарбиялашда азал-азалдан кексаларимизнинг ўрни ва роли алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу халқона анъана бугунги кунда ҳам замон талабларига ҳамоҳанг равишда янги босқичда давом эттирилмоқда. Шу маънода, Президентимиз ташаббуслари билан ёшлар тарбиясида нуронийларнинг ибратли турмуши, чуқур билими ва бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш мақсадида “Уч авлод учрашувлари”ни янгича мазмун-моҳият билан бойитган ҳолда ўтказиб бориш анъанага айланди.

“Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида маҳаллаларда уюшмаган, тарбияси оғир ёшлар билан ишлаш соҳасида юқори натижаларга эришаётган ижтимоий фаол нуронийларни уч босқичда — туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсида ўтказиб келинаётган танловлар асосида пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирлаш анъанага айланди. Мазкур тамойил асосида муаммолари ечим топган, касб-ҳунар эгаллаб, бандлиги таъминланган ёшлар ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишмоқда.

“Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлимларининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари туфайли бу йил ҳам ҳар бир маҳалладан ҳаётий тажрибага эга бўлган ва замонавий фикрлайдиган 16 мингдан ортиқ фаол нуронийлар 160 минг 651 нафар уюшмаган ва муаммоли ёшларга бириктирилган. Жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида нуронийлар томонидан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 20 минг 323 нафар ёшнинг  бандлиги таъминланди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Нотинч оилаларнинг низоларини бартараф этишда, ажрим ҳолатига келиб қолган оилаларни яраштиришда маҳаллалардаги  “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбарлари ҳамда фаол кексалар “Нуроний — ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси асосида тизимли иш олиб боришмоқда. Жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида 19643 та муаммоли оилаларга бириктирилган нуронийлар масъул ташкилот вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида 7200дан ортиқ оилаларда муаммолар ўз ечимини топди, шунингдек, 2818 та ажримларнинг олди олиниб, 878 та ажрашган оилалар яраштирилди.

Тўй ва маросимларни ихчамлаштириш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик бўйича тарғибот олиб борилмоқда. Қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ва миллий генофондга таъсири юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллалардаги инфратузилма — йўл қурилишлари, сув, электр таъминоти ва ижтимоий соҳа объектлари  фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиб, мутасаддиларга асослантирилган таклифлар киритилмоқда.

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ҳам Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида 2026 йил 30 январь куни қабул қилинган қўшма қарорга кўра, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий урф-одатлар ва қадриятлар асосида ҳашар ишларини самарали ташкил этиш мақсадида мамлакатимиз маҳаллаларидаги 159 минг 931 та кўчанинг ҳар бирига нуронийлар “кўчабай” бириктирилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, маҳаллаларда юзага келаётган кўплаб муаммолар — оилавий низолар, ёшлар бандлиги, ижтимоий бепарволик, жиноятчиликка мойиллик, энг аввало, маънавий бўшлиқ билан боғлиқдир. Бу бўшлиқни эса нуронийларнинг  ҳаётий тажрибаси, ёшларга бўлган меҳри, ишончи, маслаҳат ва ўгитлари билан тўлдириш яхши самараларни бермоқда. Шунингдек, камбағаллик, ишсизлик ва жиноятчилик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси ва маънавий таъсири аҳоли билан ўзаро суҳбатларда, олиб борилаётган тизимли ишларда ижобий самара бермоқда. Чунки ёши улуғларимиз нафақат муаммони кўради, балки унинг сабабини тушунади ва ҳар бир кўчада аҳоли билан ишонч асосида иш олиб боради. Бу эса ислоҳотларнинг ижросини жойларда самарали таъминлашга хизмат қилмоқда.

Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 405-сонли Қарорига кўра, 2025 йилдан   мамлакатимизнинг ҳар бир маҳалласида 3 нафардан фаол нуроний 5 нафардан камбағаллик реестрида турган оилаларга бириктирилиб, улар билан бевосита иш олиб боришмоқда. Фаол нуронийларнинг амалий ишлари натижасида камбағаллик реестрида турган оилаларнинг фарзандлари қўшимча дарслар ва тўгаракларга жалб этилмоқда. Ёшлар ҳунарманд ва усталарга шогирдликка бириктирилиб, касб-ҳунар эгаллаши таъминланмоқда. Уларга ўқув жиҳозлари, парта ва стуллар, спорт кийимлари олиб берилди. Шунингдек, нуронийлар кўмагида камбағаллик реестрида турган оилалар бўлиб тўлаш шарти билан техника воситалари (кўчма дўкон, кичик ишлаб чиқариш ускуналари) билан таъминланди.

“Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури доирасида нуронийларнинг фаолияти фақатгина иқтисодий кўмак билангина чекланиб қолмайди, балки маънавий тарбия, сабр-тоқат, шукроналик ва меҳнатга ҳурмат каби қадриятларни қарор топтиришга қаратилган. Бу, ўз навбатида, маҳаллаларда барқарор фаровонликнинг маънавий пойдеворини яратишга хизмат қилади.Фаол нуронийлар, шунингдек, маҳаллаларда боқимандалик кайфиятидан воз кечиш, меҳнат қилиш орқали фаровон ҳаётга эришиш ғоясини ҳам кенг тарғиб этиб, ёшлар ва ишсиз ҳамюртларимизни касб-ҳунар ўрганишга, тадбиркорликка рағбатлантириш орқали ижтимоий фаолликни оширишга хизмат қилишмоқда.

Шу билан бирга, нуронийлар томонидан оилалардаги муаммолар барвақт аниқланиб, қийинчиликка тушиб қолган ёшларга тегишли ташкилотлар орқали кўмаклашилмоқда. Маҳаллада ўзаро ҳамжиҳатлик ва ёрдам муҳити шакллантирилмоқда. Натижада маҳаллаларда ёшлар, ёш оилалар, ишсиз фуқароларнинг давлат томонидан яратилаётган имкониятларга нисбатан хабардорлиги таъминланиб, имтиёзли кредитлар, субсидиялар ва бандлик дастурларидан фойдаланишга бўлган ишончи ортмоқда. Айнан шу ишонч камбағалликдан чиқиш йўлидаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Мактабгача таълим муассасалари ва ўрта таълим мактабларига 3 нафардан, ўрта махсус  ва олий таълим муассасаларига 5 нафардан  фаол нуронийлар  бириктирилган бўлиб, таълим муассасаларида ўтказилаётган “Нуронийлар соатлари”да тарбиявий ишлар олиб борилмоқда. Мактабгача таълим муассасаларида эса “Бувижонлар мактаби” гуруҳи аъзолари болажонларга эртаклар, аллалар орқали миллий қадриятларимизни сингдириб боришяпти.

Бугун фаол нуронийларимиз жамиятнинг нафақат виждони, балки ислоҳотларнинг кўзгусига айланди. Улар орасидаги зиёлилар, ижодкорлар ва тадбиркорлар ўз билими ва тажрибаси билан Янги Ўзбекистон пойдеворини қуришда камарбаста бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан берилган кенг ваколатлар ва кўрсатилаётган чексиз эътибор нуронийлар учун янги куч-қувват манбаи. Демак, иштиёқ билан меҳнат қиладиган, бой тажрибани амалиётга татбиқ этиб, Ватан равнақи йўлида хизмат қиладиган даврдан унумли фойдаланиб, билдирилган ишончни оқлаш устувор вазифамиз саналади.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan