Наманганда “Бувижонлар мактаби” фаолларининг семинари ташкил этилди
Юртимизда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланиш ҳамда ҳудудлараро маданий-ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда, “Нуроний” жамғармаси Самарқанд ва Наманган вилоятлари бўлимлари ташаббуси билан Наманган шаҳрида “Гул байрами, дўстлик байрами — ҳамкорликнинг олтин кўприги” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур маърифий тадбирда икки вилоятнинг “Бувижонлар мактаби” тузилмалари раҳбарлари, фаол онахонлар, нуронийлар иштирок этдилар. “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар доирасида тажриба алмашиш, фидойи бувижонларнинг саёҳат завқидан баҳраманд бўлишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур семинар меҳмонларни тантанали кутиб олиш маросими билан бошланди.
“Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов раҳбарлигида жамғарманинг туман ва шаҳар бўлимлари раислари, фаоллари, “Бувижонлар мактаби” гуруҳлари раҳбарлари Наманган Темир йўл вокзалида самарқандлик фаол ва ташаббускор бувижонлар катта ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олинди. Икки вилоят бувижонларининг биргаликда ижро этган лапарлари ва рақслари кутиб олиш маросимига ўзгача файз бағишлади.
Наманган шаҳридаги муҳташам “Нуронийлар маскани”да семинарнинг расмий очилиш маросими ўтказилди. “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими бош мутахассиси Абдурашид Болтабоев сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини Наманган вилояти нуронийлари ва “Бувижонлар мактаби” гуруҳи фаоллари олиб бораётган ишлар билан таништирди.
Тадбирда меҳмонлар Наманган шаҳрида бўлиб ўтаётган “Гуллар фестивали” тарихи билан ҳам таништирилди. Наманган вилоятидаги бунёдкорлик ишлари алоҳида эътироф этилди. Ҳар икки вилоят бувижонлари томонидан боғчаларда, мактабларда, айниқса, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган маърифий тадбирлар алоҳида таъкидланди. Келгусида жамиятнинг тинчлиги, юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши, ёшлар тарбияси, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш йўналишларида ўзаро тажриба алмашилди.
Маҳаллаларда миллий қадриятларни тиклаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлашда пиру бадавлат онахонларнинг ўрни ва мажбуриятларини муҳокама қилиш ҳамда бу борадаги илғор иш тажрибаларини оммалаштиришни кўзлаган семинар Наманган шаҳрида жойлашган Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи мезбонлигидаги “Халқаро Гуллар фестивали” таассуротлари билан давом этди.
Боғнинг бетакрор ландшафт дизайни, миллий рамзлар акс этган гул композициялари ва ҳунармандчилик кўргазмалари меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди. Марказий майдонда ташкил этилган самимий мулоқот давомида икки вилоятнинг фаол бувижонлари миллий либослар, анъанавий каштачилик ва оилавий қадриятларни асраб-авайлаш хусусида фикр алмашдилар. Семинар дастури доирасида маънавий дунёқарашни бойитиш ва тарихий хотирани мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муқаддас қадамжоларга меҳмонларнинг зиёрати ташкил этилди.
Иштирокчилар Косонсой туманидаги улуғ аллома “Имом Аъзам” ҳамда Чортоқ туманидаги табаррук маскан — “Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳларида бўлдилар. Юртимиз тинчлиги, эл-юрт осойишталиги ва фарзандлар камолини сўраб эзгу ниятлар қилинди. Шунингдек, Чортоқнинг хушҳаво бағрида жойлашган сўлим “Сутли булоқ” зиёратгоҳи ҳам меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Тўрақўрғон туманига уюштирилган сафар семинарнинг маърифий қисмига айланди. Бувижонлар дастлаб буюк маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат музейида бўлиб, алломанинг миллий матбуот, ноширлик ва таълим тизими ривожига қўшган улкан ҳиссаси билан яқиндан танишдилар. Сўнгра меҳмонлар қадимий “Ахсикент” очиқ осмон остидаги музейига йўл олдилар. Фарғона водийсининг қадимий пойтахти бўлмиш Ахсикентнинг тарихи, археологик топилмалар ва аждодларимизнинг юксак маданиятидан сўзловчи экспонатлар самарқандлик онахонларда фахр туйғусини уйғотди.
Мулоқотлар давомида жамиятда тинчлик-осойишталикни асраш, ёшлар тарбияси, оилалар мустаҳкамлиги, тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ҳамда жиноятчилик ва ажримларга қарши курашишда бувижонларнинг ўрнини янада кучайтириш бўйича муҳим таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.
Якунда икки қадимий кент — Самарқанд ва Наманган вилоятларининг фаол онахонлари келгусида ҳамкорликни тизимли давом эттириш, маҳаллаларда “Бувижонлар мактаби” фаолиятини янада жонлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашинуви режаларини белгилаб олишди.
Бир сўз билан айтганда, наманганлик ҳамкасбларимиз билан боғча ва мактаблар, айниқса, маҳаллаларда “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан тажриба алмашганимиз айни муддао бўлди.
Семинарда Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани “Бувижонлар мактаби” раҳбари Ўғилой Йўлдошева, Оқдарё тумани бош бувижони Ў.Шомуродова, Нуробод туманидан Ойгул она ҳамда Наманган вилоятининг Чуст туманидан Саҳобат Исмоилова, Поп туманидан Одила Бобова, Чортоқ туманидан Зулхумор Эргашева, Тўрақўрғон туманидан Раъно Норқўзиева ва бошқа фаоллар сўзга чиқиб, ўз иш фаолиятлари хусусида маълумот бердилар.
Самарқандлик бувижонлар Наманганда бошланган бу файзли ҳамкорлик учрашуви яқин кунларда гўзал ва навқирон Самарқанд заминида янада юқори кайфиятда давом этади, деган эзгу тилаклар билан ушбу сермазмун саёҳатни якунладилар.
Гулбаҳор ҲУСАИНОВА,
Самарқанд вилояти
“Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари.