Оталар чойхонаси… Бу сўзни эшитганимизда, кўз олдимизга уч-тўрт нафар нуроний ўзаро йиғилиб, гурунглашиб ўтирадиган жой эмас, балки халқимизга хос қадриятлардан бири, ўзига хос маънавият ва тарбия маскани келади.
Мамлакатимизда нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга муҳим эътибор қаратилаётган, айни йўналишда тизимли ишлар олиб борилаётган бугунги кунда “Оталар чойхонаси”нинг янада фаоллашиб, ўзига хос тарбия, маънавият ва маърифат, камолот ўчоғига айланиб бораётганлигига яққол гувоҳ бўлмоқдамиз.
Ҳозирда юртимизнинг олис ва чекка ҳудудларида ҳам ушбу анъананинг қизғин давом этаётганлиги ёш авлодни шарқона одоб-ахлоқ, кўҳна қадриятлар руҳида тарбиялашда асосий омиллардан бўлмоқда. Шубҳасиз, “Оталар чойхонаси” тадбирларида иштирок этаётган ёшларимиз пиру бадавлат нуронийларимизнинг ақлу закоси, тажрибаси-ю донолигидан куч олиб, ўз мақсад-вазифаларини амалга ошириш учун янада қатъий фикрга келмоқдалар. Ватан ва халқ учун муносиб фарзандлар бўлиб улғайиш йўлида бор имкониятларини сафарбар этмоқдалар.
“Нуроний” жамғармаси Жиззах вилояти Бахмал тумани бўлими томонидан ташкил этилган “Оталар чойхонаси” тадбири ҳам ана шундай ташаббуслардан бири бўлди. Унда фаол нуронийлар, оқсоқоллар ва меҳнат фахрийлари, ёш авлод вакиллари бир даврада жам бўлдилар. Тадбир давомида юртимизда инсон қадрини улуғлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан самимий суҳбатлар олиб борилди.
Мулоқотларда ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти, оиладаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳити, маҳаллаларда нуронийларнинг ўрни ҳамда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида вояга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Оқсоқоллар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларни ҳалол меҳнат, ватанпарварлик ва одоб-ахлоқ руҳида тарбиялаш бўйича қимматли фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Бу каби ғоят самимий ва мазмунли кечадиган мулоқотлар авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни асраш билан бир қаторда, нуронийларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.
Б.Валиев.