Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан 2026 йил 30 январь куни ҳамкорликда қабул қилинган “Маҳаллалар фаолиятини янада самарали ташкил этишда маҳалла фуқаролари йиғини раиси, унинг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси, “маҳалла еттилиги”, “Кексалар маслаҳати” гуруҳининг ҳамкорликдаги фаолиятини тизимли равишда амалга оширилишини таъминлаш тўғрисида”ги қўшма қарорида нуронийлар ҳар бир кўчага “кўчабай” бириктирилиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли Қарори, 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 209-сонли Фармони ва яна қатор ҳужжатларга асосан, бугун “маҳалла еттилиги” ҳамда жамоатчилик асосида фаолият юритаётган маҳалла раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси, шунингдек, “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб боришмоқда.
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан қабул қилинган қўшма қарорда маҳаллалар фаолиятини янада самарали ташкил этишда маҳалла фуқаролари йиғини раиси, унинг нуронийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси ҳамда “маҳалла еттилиги”, “Кексалар маслаҳати” гуруҳининг ҳамкорликдаги фаолиятини тизимли ташкил этилишини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан ҳар бир кўчада ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий урф-одатлар ва қадриятлар асосида ҳашар ишларини самарали ташкил этиш мақсадида нуронийларни ҳар бир кўчага “кўчабай” бириктириш белгиланди.
Мазкур ҳужжатда маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, санитария ҳолатини яхшилаш, “яшил макон” лойиҳаси доирасида дарахтлар экиш ишларида нуронийлар фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, маҳаллаларга “Янги Ўзбекистон қиёфаси”ни татбиқ этишда нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибаси, маънавий салоҳияти ва жамоатчиликдаги нуфузидан самарали фойдаланиш, муддатли ҳарбий хизматдан қайтиб келган ёшларни ижтимоий мослаштириш, бандлигини таъминлаш ҳамда уларни маҳалла ҳаётига фаол жалб этиш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширишда, аҳоли ва ёшлар ўртасида шукроналик кайфиятини шакллантириш, маҳаллалардаги ободлик ва янгиланишлар моҳиятини тушунтириш, соғлом турмуш тарзини аҳоли ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш ва ижтимоий маънавий муҳитни яхшилаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва кўмагидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган.
“Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда оилаларда тинчлик ва хотиржамликни таъминлашда сабр, матонат, қаноат фазилатларини тарғиб этишда нуронийларнинг энг илғор тажрибаларини ўрганиш ва уларни оммалаштириш, камбағалликни қисқартиришда ва жиноятчилик ҳамда ишсизлик юқори бўлган маҳаллаларда, шунингдек, камбағалликни қисқартиришда энг оғир 903 та маҳаллада тарғибот-ташвиқот ва амалий ишларни ташкил этишда нуронийларнинг маънавий кўмакчилигидан ва имкониятларидан самарали фойдаланиш белгиланган.
Мазкур ҳужжатга кўра, маҳаллаларда тўй ва бошқа маросимларни тартибга солиш орқали исрофгарчилик, боқимандалик, истеъмолчиликка чек қўйиш ҳамда тежамкорлик, тадбиркорлик фазилатларини тарбиялашда нуронийлар тарғиботчилиги қўллаб-қувватланади, уларнинг жамоат ишларида фаол иштироки таъминланади ҳамда “яшил макон” лойиҳаси доирасида дарахтлар экишда, камбағалликни қисқартиришда фаоллик кўрсатган кекса-нуронийларни “Навбаҳор” санаторийсида саломатлигини тиклаш чоралари кўрилади.
Шунингдек, юқоридаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида нуронийларнинг сифатли ва мазмунли дам олишларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда ҳаётий тажрибаларини бойитиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг турли ҳудудларига саёҳатлари ташкил этилади. Давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишда нуронийлар тарғиботчилигини кенг ёритувчи маънавий-маърифий кўрсатувлар, медиалойиҳалар учун тавсия ва таклифлар тайёрлаш, контентни ривожлантиришда нуронийлар иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Қўшма қарорда белгиланган вазифалар нуронийларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини янада юксалтириш, ёшлар тарбияси ва маҳаллалардаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги масъулиятини кучайтириш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш йўлида мамлакатимизда олиб борилаётган эзгу ишларни яна янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Б.Валиев.