ёшлар учун маҳорат мактаби вазифасини ўтайди

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Қашқадарё вилоятида “Ғайратли кексалар” шиори остида туркум спорт тадбирлари ташкил этилмоқда.

Қамашидаги “Бердоли” маҳалласида жойлашган 98-мактабда бўлиб ўтган навбатдаги спорт мусобақаси ва хотира турнири бунинг яққол тасдиғи бўлди. Президентимизнинг Хотира ва қадрлаш кунига доир қарори асосида, “Бурч, жасорат, матонат!” тамойили остида ўтказилган тадбир туман спорти ривожига муносиб ҳисса қўшган марҳум спортчилар — Бойназар Чориев ва Мурод Эшмуродовлар хотирасига бағишланди.

— Туманимизда 300 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Уларнинг 3 минг 132 нафарини нуронийлар ташкил этади, — дейди “Нуроний” жамғармаси бўлими раиси Нормўмин Имомов. — Бугун улар ёшлар таълими ва тарбияси, камбағал оилалар билан ишлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш билан бирга, спорт тадбирларида ҳам анчагина фаол. Жами 350 нафардан зиёд нуронийларни қамраб олган ушбу тадбиримиз ҳам кекса авлод вакилларининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Дастлаб нуронийлар “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” юриш марафонида иштирок этишди. Мусобақа дастуридан шахмат-шашка, мини-футбол, тош кўтариш ва миллий кураш турлари ўрин олди. Тадбирнинг очилиш қисмида 75 ёшли полвон Алламурод бобо Отамуродов ва Норқул бобо Шералиевлар гиламга чиқиб, миллий курашни бошлаб бердилар.

—  “Ўзбекистон” маҳалласиданман, — дейди 72 ёшни қаршилаган Тоғаймурод полвон Намозов. — Миллий кураш бўйича олимпиада чемпиониман. “Ғайратли кексалар” шиори остидаги спорт байрами ташкилотчиларидан миннатдорман. Тадбир асносида кексалик фақатгина заифликдан иборат эмаслигини ёшларга намойиш қилдик. Юздан ортиқ шогирдларим бор. Ҳозир ҳам спортнинг футбол, волейбол, шахмат ва шашка, миллий кураш турлари бўйича мунтазам машғулотлар олиб бораман. Шу ҳаракатларимиз ёшларга ўрнак бўлса, ажаб эмас.

Ғолибларга “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев ҳамда “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими номидан ташаккурнома, диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир бир пиёла чой устидаги гурунгга уланди. Қисқаси, дўстона руҳда ўтган турнир қамашилик нуронийларнинг ҳамон ёшлик ғайрати билан яшаётганини яна бир бор исботлади.

Жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёши улуғ инсонларни спортга кенг жалб қилиш мақсадини кўзлаган “Ғайратли кексалар” шиори остидаги беллашувлар Нишон тумани спорт мактабида ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Жамғарманинг туман бўлими раиси Хўжақул Махсумов, спорт мактаби директори Обид Сайфиевлар иштирокчиларга омад тилаб, жараёнга старт берди.

Шижоатли нуронийлар аввал 5000 қадам юриб, саломатликларини мустаҳкамладилар. Шахмат ва шашка бўйича дона суриб, ғолибликка эришганлар мусобақанинг вилоят босқичига йўлланма олишди. Фаоллик кўрсатганларга топширилган эсдалик совғалари ва ташаккурномалар уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишда муҳим рағбат бўлди.

Ҳақиқатан ҳам, маҳаллаларда пиёда юриш маданиятини тарғиб қилиш ва кексаларнинг спорт билан шуғулланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби тадбирлар жамиятдаги соғлом ҳаёт муҳитини янада юксалтиришга замин яратади.

Шавкат СУЛТОНОВ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan