31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

Юртимизда ҳар йили 31 август санасида Қатағон қурбонларининг пок руҳлари ёд этилади. Ушбу сана совет мустабид тузуми даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган минглаб ватандошлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида жорий этилган. ХIХ аср охири ва ХХ асрнинг биринчи ярмида Туркистон ўлкасида, айниқса, совет ҳокимияти даврида кенг кўламли сиёсий қатағонлар амалга оширилган. Жадидлар, давлат арбоблари, олимлар, ёзувчилар, шоирлар, дин арбоблари ҳамда миллий истиқлол ғояларини илгари сурган минглаб инсонлар таъқиб қилинди, қамоққа ташланди, сургун қилинди ёки қатл этилди. 1937-1938 йиллардаги оммавий репрессиялар қатағон сиёсатининг энг оғир босқичи ҳисобланади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, тарихий адолатни тиклаш ва қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.  2002 йил 31 августда Тошкент шаҳри Юнусобод туманида ташкил этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида озодлик ва мустақиллик учун курашган фидойилар хотирасини ёд этиш мақсадида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи очилди.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 1937-1953 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган. Уларнинг 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолган. Биргина 1937-1938 йиллардаги катта қатағон даврида 7 мингга яқин ватандошимиз отилган.

Ҳар йили 31 август куни республика бўйлаб хотира тадбирлари, илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатлари ва маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилади. Асосий тадбирлар Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида ташкил этилади. Бу ерда давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатағон қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирадилар.

Айниқса сўнгги ўн йилликда қатағон қурбонларининг хотирасини ёд этиш борасида ўзига хос ташаббуслар амалга ошириб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 июлдаги  “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги 270-сонли қарори шулар жумласидандир.

Ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда мустақиллигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тарихимизнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ва илмий нуқтаи назардан чуқур ўрганиш, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этиш, шу асосда юртдошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини, фуқаролик позициясини кучайтириш, уларни бугунги тинч, эркин ва озод ҳаётнинг қадрига етиш руҳида тарбиялаш мақсадида, Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси  ташкил этилди. Мазкур комиссиянинг зиммасига қатағон қурбони бўлган шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларни номма-ном аниқлаш, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейлар, кутубхоналар ва турли фондларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш ва тадқиқ этиш, оммалаштириш учун ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш; қатағон қурбонларининг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларига гувоҳ бўлган инсонларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий манбаларни, ноёб суратларни тўплаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва яна қатор вазифалар юкланди.

Республика комиссиясининг ишчи органи этиб, Мудофаа вазирлигининг умумий раҳбарлигида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Фанлар академияси Тарих институти, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, “Шон-шараф” давлат музейи масъул ходимлари ва етакчи мутахассисларидан иборат гуруҳ белгиланди.

Мазкур қарорга кўра, ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси мамлакатимизда “Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги” сифатида нишонланмоқда. Қатағон қурбонлари, жумладан, жадидлик ҳаракати намояндаларининг ибратли ҳаёти ва фаолиятини халқимиз, айниқса, ёшлар орасида янада кенг тарғиб этиш мақсадида, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида халқимизнинг мустақилликка эришиш йўлидаги кўп асрлик мардона кураши, бу йўлда сиёсий қатағонга учраган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда уларнинг хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда уч авлод учрашувлари ташкил этилмоқда.

Қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолиятига доир чет эллардаги мавжуд манбаларни излаб топиш ҳамда ўрганишда хориждаги илмий-тадқиқот марказлари, нуфузли университет ва фондлар ҳамда соҳа мутахассислари билан яқиндан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилиб, бу борада қатор натижаларга эришиб келинмоқда. Олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатлар жараёнида шахсий ва оилавий архивларда сақлаб келинаётган қатағон қурбонлари фаолиятига бевосита дахлдор бўлган қўлёзма, китоб, сурат ва буюм шаклидаги тарихий-маданий ашёларнинг давлат музейлари фондларига қабул қилиб олиш билан боғлиқ ташаббусларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хулоса қилиш мумкинки, халқимиз ҳурлиги, фаровонлиги ҳамда тараққиёти йўлида ўз жонини фидо этган аждодларимизнинг хотираси  қалбларимизда мангу яшайди. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Энг катта мактаб, энг катта тарбия — тарихнинг ўзи. Ёшларимиз тарихимизни яхши билиши, бошқалардан эмас, ўзимизнинг боболаримиздан намуна олиши керак. Бунинг асосини мукаммал қилиб, ёшларга муносиб тилда, қизиқарли тарзда, ижтимоий тармоқлар орқали етказиш, жамиятга сингдириш зарур. Ёш авлодни шу руҳда тарбияласак, ўз танлаган йўлимиздан қатъий бора оламиз”.

Шундай экан, ҳар бир ишда аждодларимизнинг доно ўгитларига амал қилиб, уларнинг пок руҳларини ёд этган ҳолда, зиммамиздаги вазифаларимизни адо этишга сидқидилдан киришишимиз лозим. Шундагина кўзлаган мақсадларимизга эришамиз, орзуларимиз ижобатга айланади. “Тилда, фикрда, ишда бирлик”  ғояси биз учун дастуриламал бўлмоғи даркор. Зеро, ўтганларнинг хотираси ҳамиша порлоқ, уларнинг қолдирган мероси эса биз учун мангу йўлчироқдир.

У. Эшпўлатов.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan