Икромхон НАЖМИДДИНОВ,

 “Нуроний” жамғармаси Наманган

вилояти бўлими раиси,

сенатор, вилоят ҳокими маслаҳатчиси.

Ўтаётган ҳар бир кунимиз Ватанимизнинг шонли юксалиш тарихида ёрқин саҳифага айланмоқда, десак, асло муболаға бўлмайди. Мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш ва эл-юрт фаровонлигини оширишдай эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани аҳамиятли.

Бугун Янги Ўзбекистонимизнинг улкан ўзгаришлар юз бераётган барча ҳудудлари қаторида Наманган вилояти ҳам янги тараққиёт босқичига ишонч билан қадам қўйди. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ҳамда аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган эзгу ташаббуслар сўнгги ўн йилда Наманганни мисли кўрилмаган бунёдкорлик ва янгиланишлар майдонига айлантирди.

Бунинг амалий тасдиғини рақамлар ҳам яққол кўрсатиб турибди: сўнгги ўн йилда 40 мингдан зиёд янги корхона иш бошлади, ишлаб чиқариш ҳажми эса 6 баробарга ошиши эвазига 40 триллион сўмга етди. Шу боис, бугунги Наманган вилояти ҳақида шунчаки иқтисодий ўсиш ҳудуди эмас, балки янгича фикр, замонавий ташаббуслар ва имкониятлар туташган истиқболли маскан сифатида сўз юритиш асослидир.

Иқтисодиёт ва саноат ривожланди

Вилоятнинг айни даврдаги иқтисодий қиёфаси тадбиркорлик учун яратилган қулай имкониятлар ва хусусий секторнинг жадал кенгайиши билан чамбарчас боғлиқ. Ўтган 2025 йил якунларига кўра, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 85,4 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 8,2 фоизга етди. Саноат маҳсулотлари ҳажми 40,1 триллион сўм, хизматлар ҳажми эса 56,3 триллион сўмни ташкил қилди. Вилоятга 3,3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилиб, экспорт ҳажми 916 миллион долларга етказилди.

Айтиб ўтиш ўринлики, бундай натижаларга осонлик билан етиб келингани йўқ. Мустақилликнинг дастлабки даврида давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнидаги шошма-шошарлик оқибатида “Намангантўқимачи”, “Нотўқимачи”, “Атлас” каби йирик саноат корхоналари банкротликка учраб, кўплаб иш ўринлари йўқотилган эди. Ишлаб чиқариш ҳажми кескин қисқариб, айрим корхоналарда фаолият бутунлай тўхтаб қолди. Гувоҳи бўлганмиз, бу оғир вазият бир неча йиллар давомида сақланиб турди. 2016 йилдан бошлаб мамлакат иқтисодиётида туб ислоҳотларнинг янги босқичи бошланиши билан вазият жиддий равишда ўзгарди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва хусусий сектор улушини оширишга қаратилган туб чора-тадбирлар Наманган иқтисодиётига ҳам янги суръат бағишлади.

Ишлаб чиқариш қувватлари ортиб, инвестициялар оқими жадаллашди, экспорт салоҳияти эса муттасил юксалиб бормоқда. Бугунги кунда вилоятдаги 72 та кичик саноат зонасида ташкил этилган корхоналарда 75 мингта янги иш ўрни яратилгани бу жараёнларнинг амалий самарадорлигидан далолат беради. Наманган вилояти эндиликда чин маънода фаровонлик ва тараққиётнинг замонавий манзилига айланди.

Саноат, шаҳарсозлик, уй-жой ва йўл-транспорт инфратузилмасидаги ўзгаришларни қиёсий таҳлиллар ҳам тасдиқлайди: 2000 йилда вилоятдаги 631 та саноат корхонасида 38,1 минг нафар ишчи меҳнат қилган бўлса, бугун 4423 та замонавий саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Яъни саноат субъектлари сони қарийб 6,8 баробарга кўпайди. 2025 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 40,1 триллион сўмга етди, соҳадаги янги иш ўринлари эса 39 мингтани ташкил этди.

Бунёдкорлик лойиҳалари кенгаймоқда

Замонавий технологиялар асосида рақобатбардош маҳсулотлар чиқаришнинг йўлга қўйилиши экспорт имкониятларини тобора кенгайтирмоқда. Уй-жой қурилиши соҳасида ҳам улкан муваффақиятларга эришилди. Масалан, 2017 йилда вилоятда 180 хонадонли 8 та кўп қаватли уй қурилган бўлса, 2025 йилнинг ўзида қарийб 170 та кўп қаватли турар жой барпо этилиб, 8500 та оила шинам ва замонавий хонадонларга эга бўлди.

Бунёдкорлик ишларининг кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Жумладан, 2026 йилда Наманганда 8 та “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги кўчани тўлиқ реконструкция қилиш белгиланган. Ушбу лойиҳаларнинг тамал тоши нуронийлар иштирокида қўйилгани ҳам бунёдкорлик жараёнлари халқ билан ҳамоҳангликда амалга оширилаётганининг ифодасидир.

Шунингдек, йўл ва кўприкларни модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан 19-20 йил аввал Сирдарё орқали Наманган ва Андижонни боғловчи кўприк қурилишидаги мураккабликлар ҳали ҳам ҳамманинг ёдида. Бугун эса бир неча йилдан буён деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган тор “Норин – Андижон” кўприги реконструкция қилиниб, автомобиллар қатнови учун тўрт йўлакли замонавий кўприк барпо этилмоқда.

Наманганликларнинг кўп йиллик орзуларидан бири бўлган “Поп–Наманган” автомобиль йўлини кенгайтириш ишлари ҳам хорижий ҳамкорлар иштирокида бошланди. Лойиҳа доирасида ўнлаб кўприклар ва йўл ўтказгичлар қурилиши кўзда тутилган. Энг муҳими, ушбу магистраль йўлнинг модернизация қилиниши фақат транспорт қатновини енгиллаштириб қолмай, унинг атрофида янги ишлаб чиқариш қувватлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилишига, минглаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

 Бугунги Наманган манзарасига қараб, бир ҳақиқатни теран англаш мумкин: тараққиёт бир-бири билан узвий боғлиқ жараёнлардан ташкил топади. Яъни янги корхона янги иш ўрнини, янги йўл янги инвестицияни, янги уй-жой эса инсоннинг фаровон ҳаётини таъминлайди.

Қишлоқ хўжалиги: даромадли соҳага айланди

Вилоятнинг сўнгги ўн йилдаги тараққиёти ҳақида сўз юритганда, қишлоқ хўжалигидаги туб ўзгаришларни тилга олмасликнинг иложи йўқ. Чунки наманганликлар ҳаёти азалдан ер, деҳқон меҳнати ва барака билан чамбарчас боғланган. Бироқ мустақилликнинг дастлабки йилларида аграр соҳада шаклланган муносабатлар кутилган самарани дарҳол бера олмаган эди.

Собиқ давлат ва жамоа хўжаликлари ўрнида фермер хўжаликлари ташкил этилган бўлса-да, уларнинг эркин ва самарали фаолият юритиши учун зарур механизмлар тўлиқ шаклланмаганди. Давлат буюртмаси, маҳсулотларни сотишдаги қатъий нархлар, етиштирилган ҳосилни эркин тасарруф этиш имкониятининг чеклангани деҳқоннинг меҳнатга бўлган манфаатдорлигини сусайтирди. Соҳадан етарлича хабардор бўлмаган мутасаддиларнинг фермерларга асоссиз кўрсатмалар бериши ҳам ривожланишга салбий таъсир кўрсатди, оқибатда пахта ва ғалла ҳосилдорлиги пастлигича қолди.

Муҳтарам Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги ўн йилликда амалга оширилган туб ислоҳотлар аграр соҳадаги эски ёндашувларни мутлақо ўзгартирди. Энг муҳими, маҳсулот етиштирувчининг манфаати устувор мезонга айланди. Бозор муносабатлари асосида эркинликлар кенгайди, давлат буюртмаси босқичма-босқич бекор қилинди.

Экин майдонларини жойлаштириш, маҳсулотни бозор талабидан келиб чиқиб сотиш имконияти яратилди. Натижада 2016 йилда вилоятда пахта ҳосилдорлиги гектарига 21,7 центнерни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 45,8 центнерга етди, яъни ҳосилдорлик 2,1 баробарга ошди. Шу даврда ғалла ҳосилдорлиги ҳам 118,1 фоизга ўсиб, 2025 йилда ҳар гектардан ўртача 64,5 центнер ҳосил олинди.

Бугун далаларимизда илм-фан ютуқлари, замонавий технологиялар ва хориж тажрибасидан фойдаланиш одатий ҳолга айланмоқда. Хусусан, айрим хўжаликларда плёнка остида қўш қаторлаб, хитой усулида пахта етиштириш йўлга қўйилиб, гектаридан 75-80 центнергача ҳосил олиш имконияти яратилмоқда.

Аграр ислоҳотлар самараси чорвачиликда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Илгари чорвачилик кўп ҳолларда зарар билан ишлаган ва маҳсулдорлик паст бўлган. 2016 йилдан эса соҳада иқтисодий муносабатларни янгилашга кенг йўл очилди. Озуқа базасини мустаҳкамлаш, ихтисослашган чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш, хориждан зотдор чорва ҳайвонларини олиб келиш ҳамда паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни жадал ривожлантириш чоралари кўрилди.

Яратилган имкониятлар нафақат йирик хўжаликларда, балки оддий хонадонларда ҳам даромад манбаларининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Масалан, Наманган шаҳридаги “Диёр” маҳалласида яшовчи Ўлмас Нуриддиновлар оиласи бор-йўғи 3 сотих ҳовлида 2 бош соғин сигир ва 6 бош қўй парваришлаб, сут маҳсулотлари сотиш орқали кунига 60-300 минг сўмгача даромад олмоқда. Янги Наманган тумани “Фурқат” маҳалласида яшовчи Аҳмаджон Абдуқаҳҳаров эса хонадонида 600 бош “Арашан” зотли қўй боқиб, даромад топиш билан бирга, қўшниларига ҳам наслли чорва етказиб бермоқда.

Бу каби ибратли мисоллар вилоятда жуда кўп. Энг муҳими, деҳқон ва чорвадор ўз меҳнати маҳсулини кўриб, фаолиятини кенгайтирмоқда, бу эса соҳани даромадли ва истиқболли тадбиркорлик йўналишига айлантирмоқда.

 Ободлик ҳар бир инсон ҳаётига кириб борди

Сўнгги йилларда аҳолини муносиб ва замонавий турар жойлар билан таъминлаш борасида ҳам мутлақо янги тизим шаклланди. Илм-фан ютуқлари ва замонавий технологияларнинг жорий этилиши натижасида вилоятда замонавий қурилиш индустрияси қад кўтарди.

Вилоятга бир неча йил раҳбарлик қилган инсон сифатида яхши эслайман: авваллари уй-жойга муҳтож, ёлғиз ёки бошпанасиз қолган оилаларни турар жой билан таъминлаш жуда катта муаммо эди. Баъзан уларни вақтинча эски дала шийпонлари ёки масжид биноларига жойлаштиришга тўғри келарди. Бугун эса бу манзара тубдан ўзгарди. Бундай тоифадаги фуқаролар учун ҳам замонавий ва шинам хонадонлар барпо этилиб, уларга муносиб турмуш шароити яратилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг замонавий ва обод манзараси шаклланмоқда.

Вилоятда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, шаҳар ва туманларда замонавий хизмат кўрсатиш масканлари, савдо ва кўнгилочар объектлар, аҳоли учун қулай муҳит барпо этилмоқда. Бугун одамларнинг орзу ва мақсадлари ҳам кенгаймоқда. Маданий дам олиш, табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш ва оилавий саёҳатларга чиқиш истаги тобора кучаймоқда.

Табиийки, бу борада туризмни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Вилоятнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида Нанай, Косонсой, Чортоқ, Чуст ва Поп туманларида замонавий туризм мажмуалари барпо этилмоқда. Президентимиз таъкидлаганларидек, мамлакат тараққиётининг энг муҳим омили — чуқур билим, замонавий тафаккур ва илм-фан ютуқларидир.

Айниқса, ёшларга таълим олиш учун яратилаётган имкониятлар бу борадаги ўзгаришларнинг энг ёрқин ифодасидир. Вилоятимиздаги олий таълим муассасалари сони сўнгги йилларда 3 тадан 9 тага етказилди, нуфузли хорижий олийгоҳлар филиаллари очилди. Бу рақамлар ортида минглаб ёшларнинг тақдири ва порлоқ келажаги мужассам. Таъкидлаш жоизки, инсон саломатлигини асраш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ислоҳотлар ҳам ўз амалий натижасини бермоқда.

Яқин йиллар ичида вилоятда илғор технологияларга эга ўнга яқин ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ташкил этилди. Тиббиёт муассасалари жаҳон андозаларига мос жиҳозланди. Бу орқали беморларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва имкониятлари кенгаймоқда.  Илгари республика маркази ёки хорижда бажарилган мураккаб жарроҳлик амалиётларининг эндиликда вилоятнинг ўзида ўтказилаётгани — Янги Ўзбекистонда инсон саломатлиги ва қадри энг юксак мезонга айланаётганининг амалий ифодасидир.

Инвестиция муҳити шаклланди

Вилоят иқтисодиётининг жадал ривожланишида хорижий сармояларни жалб этиш муҳим ўрин тутади. 2016 йилгача инвесторлар манфаатларини ҳимоя қиладиган мустаҳкам кафолатлар тизими мавжуд эмас эди. Кейинги йилларда эса инвесторлар учун қулай муҳит яратиш, валюта муносабатларини эркинлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ташланган дадил қадамлар сармоялар оқимини кескин оширди.

Бугун хорижий сармоя иштирокида янги корхоналар, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилмоқда. Хорижий инвестицияларни мамлакатга кириб келаётган маблағ сифатида баҳолаш камлик қилади. У билан бирга, янги технология, замонавий бошқарув тажрибаси, янги касб ва кўникмалар, янги бозорлар ва янги имкониятлар ҳам кириб келди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳаётида рўй берган энг муҳим ўзгаришлардан бири — иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлардир. Бу жараённинг дастлабки босқичлари осон кечмагани, айниқса, иқтисодий барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд бўлгани ҳаётий тажрибадан маълум. Ўша даврларнинг мураккаб манзарасига ўзим гувоҳ бўлганман. Ўша мураккаб даврларга ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Ўша даврда раҳбарларнинг асосий эътибори бюджет даромадлари, солиқ тушумлари, иш ҳақи ва пенсияларни молиялаштириш каби кундалик муаммоларга қаратилган эди. Иш ҳақи ва пенсияларнинг ойлаб кечиктирилиши, ишлаётган пенсионерларга пенсиясининг ярми тўланиши каби ҳолатлар аҳолига жиддий қийинчилик туғдирган. Пластик карталар жорий этилган дастлабки даврда банкоматлар ва тўлов терминалларининг етишмаслиги ҳам кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқарган эди.

Бугун эса ана шу мураккаб даврлардан тубдан фарқ қиладиган янги иқтисодий муҳит шаклланди.Ўтган йилларга назар ташласак, электр таъминотидаги узилишлар ҳам одамлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатганини кўрамиз. Бундан 7-8 йил аввал чироқ кунига бир неча бор, баъзан кунлаб ўчиб қоларди. Бугун эса энергетика тизимида янги қувватлар барпо этилиб, ГЭС ва ТЭСлар ривожлантирилмоқда, қуёш ва шамол каби муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кенгаймоқда. Энг муҳими, аҳоли орасида энергия тежамкорлиги маданияти шаклланмоқда.

Тинчлик ва яхши қўшничилик — истиқбол гарови

Мамлакат тараққиётини қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқаларнинг янги босқичга кўтарилиши чегара ҳудудларида яшаётган аҳоли ҳаётида яққол сезилмоқда. Бир вақтлар чегарадан ўтишда мураккабликлар бор эди, бугун эса қариндошлик ва қўшничилик ришталари янада мустаҳкамланди. Зеро, тинчлик ва яхши қўшничилик бор жойда ишонч, инвестиция, ҳамкорлик ва тараққиёт бўлади. Бугун Наманганга хорижий ҳамкорлар қизиқишининг ортиши ҳам ана шу барқарорлик самарасидир.

Яқинда давлатимиз раҳбарига Наманган вилоятини жорий йилда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада жадал ривожлантиришга қаратилган устувор лойиҳалар тақдим этилди ва аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ишонч билан айтиш мумкинки, бугунги ютуқлар — босиб ўтилган йўлнинг якуни эмас, балки янги марралар сари ташланган дадил қадамлардир.

Юқоридагилар тараққиёт эврилишларининг биргина Намангандаги билганимиз ва кўрганимиз сарҳисоби. Англаш қийин эмаски, бошқа ҳудудларда ҳам бу каби ободончилик ва бунёдкорлик, фаровонлик омиллари чандон юксалмоқда. Биз эса эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, ана шу эзгу ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланишимиз, ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан барпо этишимиз зарур.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan