Инсонга кексаликдаги саодатли ҳаёт ўз-ўзидан туҳфа этилмайди. Унга холис ният, тўғри йўл, ҳалол меҳнат орқали эришилади. Бугун юзларидан нур ёғиЛИб, ўтган умридан, бугунидан мамнунлик туяётган, диллари шукроналигу кафтлари олтиндан қиммат дуоларга тўлган нуронийларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, айни шу ҳақиқат билан юзлашасиз. Улар кабилар гўёки юрагида офтоб яшаётган инсонлардир!

Бухоро шаҳридаги “Гулчорбоғ” маҳалласининг “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳибаси, Халқ таълими аълочиси  Мавжудахон Рўзиева ана шундай онахонлардан бири.

Мавжудахон она 1954 йилда шу маҳаллада туғилди. Болаликдан энг эъзозли касблардан бири — ўқитувчиликка меҳр қўйди ва шу истакда Бухоро давлат университетининг математика факультетида таҳсил олди. 1975 йилда ўзи таҳсил олган Бухоро шаҳридаги 25-умумий ўрта таълим мактабида педагоглик фаолиятини бошлади ва нафақага чиққунига қадар ишига бор меҳрини бахшида қилди. Муаллималик ҳаётининг мазмунига айланди. Ундаги куч-шижоатга, интилиш ва ташаббускорликка, ҳатто ёшлар ҳам ҳавас қилишарди. Чунки янгиликларни амалга татбиқ этишда, ноанъанавий дарслар ташкиллаб, уларни оммалаштиришда доим ташаббускор бўлди. Энг муҳими, минглаб ўқувчилар қалбидан энг яхши устоз сифатида жой олди. Бугун ҳам унга барча ёшлар “устоз” дея ҳурмат кўрсатиб, мурожаат қилишади.

Албатта, Мавжудахон Рўзиева мактабдаги ўқувчиларга математикадек мураккаб фан сирларини ўргатиш баробарида оиладаги масъулият ва вазифаларини ҳам бекаму кўст уддалашга ҳаракат қилди.

— Болалар қалбида илмга, китоб ўқишга иштиёқни уйғотишга ҳаракат қилдик, бу фарзанднинг ёруғ келажаги учун энг муҳим шарт эканини англаган ҳолда, — дейди Мавжудахон она. — Шукрки, ўғил-қизларимизнинг барчаси ўқимишли, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнига эга инсонлар бўлиб камолга етишди. Ўғлимиз Ҳамза тележурналист ва бошловчи, Мавлудахон менинг изимдан келяпти, у бошланғич синф ўқитувчиси. Машҳура қизимиз ҳамширалик касбини танлаган бўлса, Муқаддасхон шифокор бўлди. Хурсанд бўламиз, зиёга интилиш ҳисси худди олтин занжирдек дилбандлар фитратида давом этаётир. Тўққиз набиранинг уч нафари олий маълумотли бўлиб улгурди, бу йил яна икки набирамиз олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишган.

Дарҳақиқат, оила ҳаёти ҳам бир ўрам узун ипдек туюлади. Унда бир тугун ёки узилиш пайдо бўлса, бу тақдирларга дахл қилади. Аслида бу нозикликни ушлаб туришнинг ўзи осон эмас…

— Болага фақат “ўқи-ўқи” деяверганингиз билан у китобга муккасидан шўнғиб кетмайди, шу билан болангиз орзуингиздагидек инсон бўлиб қолмайди, — суҳбатни давом эттиради қаҳрамонимиз. — Унга, аввало, ота-она, яъни ўзингиз намуна, ибрат бўлишингиз керак. Устозликнинг энг катта дарси оилада кечади. Муомала-ю муносабатда, меҳнатда-ю маънавият бобида сиз мураббий бўласиз. Ҳовлимизда икки сотихлик иссиқхонамиз бўларди, отаси болаларнинг ҳар бирига бир қатордан эгатни бўлиб берган. Болаларнинг эгатлардаги ҳосилни кўриб қувониши ўз йўлига, эртапишар помидор, бодрингларни бозорга чиқарганимизда, рўзғоримизга қўшимча даромад кирганида, уларнинг кўнглида одамлар дастурхони тўкинлигига, оила иқтисодига ҳисса қўшишдек сурур, ҳузур пайдо бўлгани — бизнинг мақсадга етганимиз ифодаси эди. Меҳнат билан турмуш фаровон бўлишини улар болаликдаёқ тушуниб етишди. Меҳнат билан топилган пулни қадрлаш, уни режали сарфлаш борасида отаси энг қимматли ўгитларни берганидан ҳам бугун хурсанд бўламан.

Ҳамма ҳавас қиларли бахт қўрғонини яратган, тадбиркорликда ҳам юксак салоҳиятга эга Ҳаёт ака Жумаев билан Мавжудахон онанинг умр йўллари боғлаганига 48 йилдан ошяпти. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу йиллар уларга уч қиз, бир ўғилни илмли, эл-юрт ишига камарбаста инсонлар этиб тарбиялаш машаққати билан бирга, уларнинг роҳати-ю камолини кўришдек ҳузурли онларни ҳам тақдим этди.

Қаҳрамонимиз нафақага чиққандан сўнг “қирқ беш йилга яқин мактабда дарс бердим, энди оёғимни узатиб, дам олсам ҳам бўлади”, деса ҳам ярашаверарди. Бироқ у танамда кучим бор эканки, эл-юртга нафим тегсин, деди. Маҳалла иши ўқитувчиликдек соатли жараён эмаслигидан, куну туни оилалар ва одамлар муаммосини ҳал этишга йўғрилиб ўтишидан чўчимади. Маҳалладагилар ҳам хурсанд бўлишди.

— “Гулчорбоғ” деб аталган маҳалламиз ўз номига муносиб обод ва кўркам, унда 6030 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дея кўзлари қувнаб сўзлайди Мавжудахон она. — Янги Ўзбекистонимизда кечаётган йиллар, асрларга татигулик ўзгаришлар бизнинг маҳалла ҳаётида ҳам яққол акс этмоқда. Айниқса, сўнгги ўн йилда инсонларнинг яшашга, эртанги кунга бўлган ишончи кучайди. Ҳар бир инсон, ҳар бир оила эътиборда тутилиб, улардаги муаммолар энди қоғозларда қолиб кетмаяпти. Барчасига ечим топиляпти. Бугун маҳалладаги 1220 та хонадонда яшаётган 1805 та оиланинг ҳар бири бизга жуда яхши таниш. Фаоллар, нуронийлар хонадонларга бирон сабаб пайдо бўлганида эмас, балки доимий равишда ташриф буюришади. Илғанган айрим вазиятлар чуқурлашмасдан ҳал этилади, муаммолар катталашмай туриб барҳам топади, режалар рўёби янада тезлашади. Ҳудудлардаги таълим муассасаларида ўтаётган “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ёшлар билан дилдан суҳбатларга айланиб кетади. Чунки унда кеча ва бугун юзлашади, синовларни енгиб ўтмоқлик, қатъият, юртга садоқат, мақсад сари кураш, натижаларга эришиш йўллари ҳақида сўз боради.

Мавжудахон аяга бу катта маҳалланинг ҳар бир оиласи таниш. Хонадонларга кириб бориши билан “хуш келибсиз, устоз” ва ёки “келинг, ҳожи она” дея очиқ чеҳра билан кутиб олишади. Қиз чиқараётган, ўғил уйлантираётган оилаларга у одатдагидан-да кўпроқ ташриф буюради, кўпроқ вақт қолиб кетади. Эрта турмуш, қариндошлар никоҳининг олдини олиш мақсадида, тўйларнинг камхарж, тартибли ўтишини таъминлаш учун қудалар, ёшларнинг ҳар бири билан суҳбатлашишдан эринмайди. Унинг тушунтиришларидан сўнг қанча қизлар эрта оила қуриш фикридан кечиб, олий таълим олишни истамади дейсиз. Қанча қудалар тўйни, у билан боғлиқ маросимларни қисқартирди, ўзларига енгиллик бўлганидан миннатдор ҳам бўлишди. Ўтган йили 11 та ажрим ёқасига келиб қолган оила муросага келтирилди. Бу билан ўша оилалардаги ўттизга яқин норасидаларнинг пешонасига тирик етимлик қисмати битилишининг олди олинди, улар кемтик кўнгилликдан асраб қолинди демакдир. Ҳалигача бу оилалар ҳаёти назоратда.

Сидқидилдан қилинган меҳнатлар, албатта, тан олинади. Мавжудахон Рўзиеванинг “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосидаги саъй-ҳаракатлари  эътирофга лойиқ. Қаҳрамонимиз худди шу йўналишдаги танловнинг шаҳар ва туманлар босқичида фахрли, вилоят босқичида эса совринли ўринларни эгаллаб келяпти. У ёшлар таълим-тарбияси, уларга касб-ҳунар ўргатиш билан боғлиқ амалий саъй-ҳаракатларда Шарофатхон Назарова, Раҳмат Ўроқов, Муяссархон Жалолова, Шамсия Ашурова каби маҳалла фаоллари кўмагига таянади. Сафар Авезов, Содиқжон Турсунов, Озодахон Замонова, Музаффар Ҳайитов каби ибратли оила соҳиб ва соҳибалари билан кенгашиб, амалга оширилган ишларнинг натижасидан ҳам доим кўнгли ёришади.

— Бугун юртимизнинг жамики кекса фахрийлари эътибор, эъзоз, эҳтиром оғушида, — дейди Мавжудахон она Рўзиева суҳбатимиз ниҳоясида. — Уларнинг саломатлигидан тортиб, кўнгилли дам олишларигача бўлган барча масалалар Юртбошимиз, ҳукуматимиз ва масъулларнинг диққат-марказида. Бизнинг маҳалламиз нуронийлари ҳам ҳозиргача Хоразм, Тошкент, Самарқанд, Қарши, Нукус, Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари ва шаҳарларига саёҳатлар қилишди.

Ҳа, 72 ёшли Мавжудахон она учун бугун “Гулчорбоғ” катта бир оилага айланган. Ая маҳалладаги ҳар бир ўғил-қиз тақдирига ўзини дахлдор сезади. Ҳеч бир миннат, манфаатсиз улар учун қайғуради. Шу юртга кераклилик ҳисси унга куч беради.

Бахтимизга мана шундай нуронийлар омон бўлишсин. Улар борки, ҳеч қачон фарзандлар тарбиясида оғиш бўлмайди. Улар борки, оилаларда соғлом муҳит қарор топаверади. Улар борки, пиру бадавлатлар дуоси тонгу шом қадар янграйверади. Бу дуолар ниҳолга қуйилган сувдек қудратли — элни юксаклик, ойдинлик, ободлик сари элтаверади.

Шаҳло Тошбекова,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan