Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, “Андижон девзира оши” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.

“Андижон девзира оши асрлар давомида шаклланган ошпазлик анъаналари, ўзига хос тайёрланиш усули ва ноёб таъми билан ажралиб турадиган миллий таом ҳисобланади. Ушбу ош тури, асосан, Фарғона водийсида етиштириладиган машҳур девзира гуручи асосида тайёрланади. Девзира гуручи ўзининг қизғиш тусли, зич ва сифатли доналари билан ажралиб туриб, ошга бетакрор таъм, хушбўйлик ҳамда дона-дона кўриниш бағишлайди. Географик кўрсаткич мақомининг берилиши “Андижон девзира оши” номи ва унинг анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, маҳсулотнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш ҳамда унинг сифат кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мазкур мақом Андижон вилоятининг гастрономик салоҳиятини намоён этиш, миллий брендларни ривожлантириш, туризмни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек ошпазлик маданиятини халқаро миқёсда тарғиб этиш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади”, — дейилади вазирлик хабарида.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan