Мамлакатимизда туризм салоҳиятини ошириш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида Хива ҳамда Тошкент шаҳрини ўзаро боғлайдиган “Jaloliddin Manguberdi” номли тезюрар поезди ҳаракати йўлга қўйилган эди.
Дарҳақиқат, “Хива-Самарқанд-Тошкент-Хива” маршрути босиб ўтиладиган йўл масофасини қисқартирибгина қолмай, ортиқча оворагарчиликларга ҳам барҳам берди. Бу, табиийки, юртимизда туризм учун ўзига хос қулайликлар яратди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан “Кексалар учун туризм” лойиҳаси доирасида фаол нуронийлар иштирокида саёҳат ташкил этилди.
— Бу галги саёҳат барча нуронийлар кўнглини тоғдек кўтарди, — дейди саёҳат иштирокчиси, “Нуроний” жамғармаси Хоразм вилояти бўлими жамоатчилик кенгаши аъзоси Зарипбой Ибрагимов. — Турли соҳа вакилларидан иборат 45 нафар хоразмликларнинг Жамғарма вилоят бўлими раиси Рустам Султонов бошчилигида “Jaloliddin Manguberdi” номли тезюрар поездида Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига саёҳатга чиққани айни муддао бўлди. Мен ҳам ушбу сафардан олам-олам таассуротлар олдим. Уларни ўз маҳалламда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қиламан. Мақсадим — Ватанимиз ва халқимиз фаровонлиги, юксалишига муносиб ҳисса қўшиш.
Гуруҳ аъзолари шу куни Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуаси, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишдилар. Саёҳатчилар ушбу эътибор ва имконият учун тадбир ташкилотчиларига ташаккур билдириб, дуога қўл очдилар.
Шавкат СУЛТОНОВ,
“Нуроний” мухбири.