Маърифат фидойиси, кўплаб шогирдларнинг қадрдон устози Гулнора Рўзматова ҳар сафар ўзи ўқиган мактаб ёнидан ўтаётганда болалиги, ёшлиги, унга таълим-тарбия берган устозлари беихтиёр ёдига тушади. Мактаб ҳовлисида шўх-шодон ўйнаб, ўқиб, камол топаётган болажонларга ҳавас билан боқади.

Вақт жуда тез ўтаркан. Кечагина унинг ўзи ҳам  худди шу болалар каби эди. Ерга урса, кўкка сапчирди. Устоз ёзувчи Абдулла Каҳҳорнинг “Синчалак”  қиссасидаги Саидага ўхшарди. Бу ўхшатиш бежиз эмас. Ҳақиқатан ҳам, Гулнора опанинг жуссаси кичик, аммо жуда чайир, ўйлаган нарсасини амалга оширадиган, чаққон қиз эди.

Мана, бугун 65-баҳорни каршилаб турибди. У ўз умрини сарҳисоб киларкан, йилларнинг беҳуда ўтмаганлигидан ички бир қониқиш ҳосил қилади ва бунинг учун Яратганга шукроналар айтади.

Гулнора Рўзматова 1961 йил 24 апрелда Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида дунёга келган. Отаси Раджаббой Абдуллаев пахта бригадаси бошлиғи, онаси Гулсара Раджапова уй бекаси бўлиб, 13 фарзанд — 7 ўғил, 6 қизлик бўлишган. Гулнора ёшлигидан ўзига ишонган, ҳамма нарсага қизиқувчан,  барчага ўрнак, аълочи ва ташкилотчи эди.

Мактабни 1978 йилда аъло баҳоларга битирган, ўқишга кириб,  ўқитувчи бўлмоқчи эди. Аммо отаси “Сен ўқиб, шаҳар олиб берармидинг?!” деб ўқишга қўймаган. Отасининг “Яхши ишлаб, пахта терсанг, кейинги йил ўқишга юбораман”, деган гапи унга улкан рағбат бўлиб, пахтани ҳаммадан кўп, яъни 150-182 кг. атрофида теради. У мактабда ҳам, совхозда ҳам жамоат ишларида иштирок этиб, мажлисларда ўз фикирини дадил билдирарди.

Олтинчи синфда ўқиётган кезлари қўшниси Шарифа Халменова Ўзбекистон Олий советига депутат этиб сайланганди. Шарифа опанинг Тошкентга сессияга, Қурултойларга бориб келишига қизалоқ чинакам маънода ҳавас қиларди. “Насиб қилса, сен ҳам Олий советга депутат бўласан, бунинг учун фақат астойдил ҳаракат қилишинг керак”, дерди депутат кўзларида орзу-шижоат чақнаб турган қизалоққа. Фаришталар омин деган эканми, 19 ёшида Қорақалпоғистон Олий советига номзод сифатида кўрсатилди.

Шу тариқа Гулнорахон райком секретари ҳузурига борди. Улар саккиз нафар эдилар. Қизалоқдан бошқа барча номзодлар катта ёшдаги бригада бошлиқлари, сигир соғувчилар, умуман олганда, ўз даврининг фаоллари эди.

Райком секретари Олимбой Раджабовнинг биринчи саволи шундай бўлди:

— Мабодо депутат бўлсанг, нима килардинг?

— Ҳали ёшман, шундай бўлсаям, агар депутат бўлсам, биринчи ўринда ўзим ўқиган мактаб биносини янгидан қуриб, боғчаларни кўпайтиришга асосий эътибор қаратган, совхоз билан шаҳар ўртасига асфальт йўл ётқизган бўлардим, — дадил жавоб берди Гулнора.

Райком секретари қизнинг дадиллигидан ҳайратга тушди ва саволида давом этди:

— Келажакда ким бўласан?

— Ўқитувчи ёки доктор бўламан. Отам бу йил юбормади, сиртдан ўқийсан  дедилар…

— Агроном бўлсанг-чи, отанг пахта бригадаси бошлиғи экан, ишини давом эттирардинг?

— Ўқитувчи, адабиёт фани муаллими бўламан, — деди аҳдида қатъий турган қизалоқ.

— Бу суҳбатимизни ҳеч кимга айтма.  Ҳали депутат бўласанми-йўқми, номаълум. Ҳеч кимга овоза килма… Комсомол мажлисига бордим дегин, — тайинлади шижоатли қизга қойил қолган райком секретари.

Шундан сўнг кунлар, ойлар ўтди. Номзодлар жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказдилар. Ёш Гулнора Рўзматова ҳам шундай тадбирларда қатнашди. Унга қоғозда матнлар ёзиб, шуни ўқиб берасан, дейишди. Қизалоқ кичик жуссали бўлганлиги учун минбардан кўринмасди. Унинг оёғининг тагига ғишт қўйиб беришди.

Бу ҳақда Гулнора Рўзматованинг ўзи шундай дейди:

— Отам тенги кишилар, катта аёллар пичир-пичир қилардилар. Шаппатай қиз нимаси депутат бўларкан, дейишарди. Бу гаплар аниқ қулоғимга чалинарди. Отам ҳам улар ичида ўтирибди. Аввалига бироз тортиниб, қоғозни ўқий бошладим. Сабрим чидамади, дангалига ўтиб қўяқолдим. Менга бу қоғоз керакмас, халқ билан учрашяпманми, бемалол мулоқотда бўлишни истайман. Хуш келибсизлар, дея гап бошладим. Директор, партком, райком ҳам бор. Ҳамма жим бўлиб қолди. Кейин асл ниятимни баён этишга ўтдим. Менинг мақсадим — мактаб, боғча қуриш, кўчаларга асфальт ётқизиш, мабодо сайлансам, шуларни йўлга қўярдим, ҳамма ёшларнинг ота-оналари билан гаплашиб, уларнинг ўқиши учун рухсат олиб берардим  ва ҳоказо…

Ёш Гулноранинг бу шиддатидан барча мум тишлаб қолгандек бўлди. Атроф бир зум тинчиб қолди. Пашша учса эшитиларди. Кейин эса “Баракалла!”, “Балли! Отангга раҳмат!” деган олқишлару жарангдор қарсаклар янгради…

… У Қорақалпоғистон Олий советига 19 ёшида депутат (1980-1985) этиб сайланди. Амударёнинг бўйларидан янги қўриқ ер очдириб, шу ерда пахта бригадаси бошлиғи бўлиб ишлади. Дала майдонига учта 6 хонали шийпон уйи барпо эттирди. Биттасига “Депутат Гулнора шийпон уйи” деб ном берилди. Ҳозир ҳам 2 та ёш оилага берилган уй унинг номи билан юритилади.

Гулнора айтганларининг устидан чиқди. 7 та боғча, 5 та мактаб қурдирди. 33 километр масофалик йўлга асфальт ётқиздириб, ўзининг ва халқ орзусини амалга оширди. Ўқиб, агрономлик мутахассислигини ҳам олди.

Шу билан бирга, асосий мақсади — ўқитувчиликка ҳам эришди. Ҳозирги ЎзМУнинг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлади. ТДЮУ, унинг ҳузуридаги академик лицейда ўқитувчи, тўгарак раҳбари вазифаларида ишлаб, қарийб 25 йил давомида ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда.

Умр йўлдоши — Низоматдин Рўзматов аслида синфдоши. Ўқимишли, ўткир фикрли инсон. Олий таълим вазирлиги ва ТДЮУда юрист вазифаларида ишлаб, оилапарвар, севимли ёр ва меҳрибон ота эди. Улар 17 йил бирга ширин ҳаёт кечирдилар. Низоматдин ака 4 норасида фарзанди вояга етмаган бир пайтда автоҳалокатга учраб, ҳаётни тарк этди. Бугун фарзандлар улғайиб, олий ўқув юртларини тамомлаб, ота-оналари каби халққа фидойилик билан хизмат қилмоқдалар. Бунда матонат соҳибаси бўлган Гулнора опанинг ҳиссалари буюк, албатта.

Гулнора опа ҳозирда академик лицейда ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда. Унинг ҳаёти ёшлар таълим-тарбиясидан ажралган эмас, ўқувчилар билан тез тил топишиши, онадай меҳрибон ва ғамхўр эканлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Тадбирлар Гулнора опанинг иштирокисиз ўтмайди. У ўқувчиларга сценарийлар тузиш, даврада ҳаяжонланмасдан чиройли сўзлаш, ўзини тутиш, нутқ фаолиятини ўстиришни мунтазам ўргатиб боради.

Опанинг кўпчилик ҳавас қилса арзийдиган хислатлари бисёр. Улар асло яқинлар, дўстлар, қариндош-уруғларини ёддан чиқармайдилар. Кимнингдир бетоб бўлганлигини эшитиши билан бориб кўради, ҳол-аҳвол сўрайди, дардига шерик бўлади. “Нуроний” жамғармаси томонидан уюштирилган маърифий тадбирларда фаол қатнашади.

Ёш авлоднинг қадрдон устози, истеъдодли давлат ва жамоат арбоби, бугунги матонатли замондошимиз Гулнора Рўзматовадек заҳматкаш ва фидойи инсонлар худдики йўлчироқ каби миллат йўлини ёритиб бораверадилар. Бахтимизга ана шундай инсонлар ҳамиша омон бўлсинлар, илоҳим!

Иқболхон Ашрапова,

“Нуроний” жамғармаси

Юнусобод тумани

бўлими раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan