“Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими ташаббуси билан жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимлари раислари ҳамда “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида Тўрақўрғон туманида семинар ташкил этилди.

Семинар иштирокчилари дастлаб туман марказидаги “Исҳоқхон Тўра Ибрат” музейига ташриф буюришди. Музей директори О.Мақсуджанов  ва меҳнат фахрийси Н.Низамовлар ҳамроҳлигида музей хоналарига кириб борар эканмиз, улар  музей фаолияти хусусида атрофлича маълумотлар бериб ўтдилар.

Саёҳат давомида Исҳоқхон Тўра Ибратнинг оғир ҳаёт йўли,  ўлкамизда илм-маърифатни тарғиб этиш мақсадида узоқ юртларни кезиб, ўлкамизга биринчи босмахона ускунасини  олиб келиб, маърифат тарқатишда фидойилик ва миллатпарварлик намунасини кўрсатгани, 10 дан ортиқ тилларни тўлиқ ўзлаштиргани, ҳуқуқий билимга эга бўлгани ҳақидаги маълумотлар билан танишдик. Миллат учун, халқ учун жон фидо қилган инсоннинг қатағон қурбони бўлгани эса — миллатимиз душманларининг жирканч кирдикорлари натижасидир.

Яқиндагина музейдан жой олган “Зингер” русумли чок машинаси ўз даврида янги техника бўлиб, замондошларимизнинг илғор техника ва технологияларни юртимизга келтиргани, янгиликка интилиб яшаб ўтганини амалда исботлайди. Бу каби экспонатларни кўрарканмиз, бугунги кунда замонавий, жаҳон андозаларидаги тикув, йигирув ва тўқув агрегатлари билан жиҳозланган йирик корхоналарда ишлаётган замондошларимиз, айниқса, ёшларимиз нақадар бахтли эканига яна бир бор иқрор бўлдик. Бу эса ҳозир Ибрат домла каби фидойи, миллатининг бахт-саодати, порлоқ келажаги йўлида жонбозлик кўрсатаётган инсонларнинг  саъй-ҳаракати маҳсули, албатта.

Кейинги манзилимиз — “Ахсикент” очиқ осмон остидаги музей бўлди. Дала йўллардан борар эканмиз, машҳур фермер, Турсунбой Комиловнинг кўркам экин майдонларига ҳавас қилдик. Буғдойлар бир текис бошоқлаб, денгиз каби чайқалиб тургани, қўш қатор экилиб, Хитой усулида қадалган чигитларнинг ниҳоллари кўк сари бўй чўзаётганини кўриб, Турсунбой отанинг давлатимиз раҳбарига пахтадан 80 центнердан,  ғалладан 100-120 центнердан ҳосил олиш юзасидан берган ваъдаси бежиз эмаслигини кўнгилдан ўтказдик.

“Ахсикент” очиқ осмон остидаги музей заминига қадам қўяр эканмиз, қалбимизда ажиб бир ҳис-ҳаяжон жўш урди. Ушбу сарҳаддан минглаб ота-боболаримизнинг муборак хоки жой олган. Бундан 5-6 йил аввалги қир-адирлар ва тупроқ уюмларидан иборат мавҳум тепаликлар ўрнида тарихннинг тилга кираётганлиги, илмий изланишлар, кенг қамровли археологик қазишмалар амалга оширилиб, улкан бино ва иншоотлар барпо этилаётганлиги, том маънода, очиқ осмон остида янги музей қад ростлаётганлиги бизни ҳайратга солди.

Нуронийларга ҳамроҳлик қилган мажмуа раҳбари Анваржон Икромов тарихий ёдгорликнинг пайдо бўлиши, ушбу заминда яшаган аждодларимизнинг ҳунармандчилик, ирригация-муҳандислик иншоотлари тизимини яратганлиги, темир хомашёсидан пўлат қиличлар тайёрлаб, ўз замонасида машҳур бўлганлиги, соғлом турмуш тарзини яратиш мақсадида ҳаммомлар барпо этганликларини аниқ фактлар, мавжуд осориатиқалар, илмий манбалардаги маълумотлар асосида баён қилди. Маълумотлар алмашиш жараёнида яна бир факт бизни ҳайратга  солди. Ўша даврларда  ҳовлиларда йиғилган чиқинди ташқарига чиқарилмаган, аксинча ҳовлидаги махсус ўрада йиғилиб, чиритиш йўли билан  йўқотилган. Бу тажриба бугунги  кунда ҳам ўз аҳамиятини  йўқотмаган ва тарғиб қилса арзигуликдир.

Музей мутасаддилари яқинда “Ахсикент”да VIII-IХ асрларга оид ноёб иншоот топилганини сўзлаб бердилар. Хоразмшоҳлар даврида бунёд этилган мудофаа деворларининг ён қисмидан топилган иншоот қолдиқлари арк девори қурилишида кўмиб юборилган бўлиб, ундан ёши анчагина катта эканлиги фанга маълум. Бу қисмда ХI-ХII асрларга оид турар жой қолдиқлари, ерости сув иншоотларининг кузатув пунктлари мавжуд бўлган.

“Ахсикент” археология паркининг йўл бўйидаги қисмида янги қурилган очиқ осмон остидаги музейда кўламли  қазишма ишлари олиб борилиб, замонавий улкан иншоотлар қурилганлиги  нур устига нур бўлди. Замонавий урфда барпо этилган ҳашаматли иншоотда конструкция ишлари якунланган бўлиб, айни вақтда устини ёпишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Мажмуа шарқида жойлашган очиқ осмон остидаги музейда  қад ростлаган маҳобатли уй ва ер ости иншоотлари нуронийларда улкан таассурот қолдирди. Бир сўз билан айтганда, нуронийлар ўз даврида 400 гектар, ҳозирги вақтда эса 167 гектар майдондаги улкан тарихий ёдгорликларни илмий жиҳатдан ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодга етказишда ҳокимлик ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Ахсикент”да мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишларининг олиб борилаётганлигига гувоҳ бўлдилар.

Саёҳатдан сўнг семинарнинг асосий қисмига ўтилди. Бунда иштирокчилар Тўрақўрғон туманида томорқалардан омилкорлик билан фойдаланиш, хонадонларда чорвачилик, хусусан, соғин сигирлар парваришлаб, оила аъзоларини банд этиш ва даромадларини ошириш борасидаги ишлар билан танишдилар. Туманнинг асосий драйвери кўчатчилик бўлиб, гилос ва хурмо етиштириш ҳам  бренд даражасига етказилган. 5315 нафар аҳолиси бўлган “Калвак” маҳалласида нуронийлар фаолиятини ўрганар эканмиз, бунга яна бир карра гувоҳ бўлдик. Ушбу маҳаллада 649 нафар кекса авлод вакиллари истиқомат қилиб, улар ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этмоқдалар. Семинар иштирокчилари айни маҳаллада яшовчи Н.Қодиров хонадонида бўлдилар. Хонадондаги томорқа атиги 4 сотихдан иборат бўлиб, оила вакиллари кўчат етиштириш ва чорва ҳайвонларини парваришлаш ортидан йилига 84 млн.сўм даромад олмоқдалар. Унинг ака-укалари Баҳриддин ва Нурмуҳаммадлар ҳам ўз томорқаларида мавсумий кўчат етиштириш билан банд бўлиб,         60-50 миллион сўмдан даромадга эга бўлишмоқда.

Туманда саноат асосида паррандачилик корхоналари ҳам жадал ривожланмоқда. Нуронийлар ташриф буюрган “Уйчи парранда” МЧЖ авваллари қир-адирликда, яъни камҳосил майдонда жойлашган бўлиб, лойиҳанинг умумий  қиймати 50 млн. долларни ташкил этган. Адир ерларда 5 гектар майдон ўзлаштирилиб, ўтган йили филиалнинг 1-босқичи ишга туширилган экан. Яна бир янгилик — туманда 4 та икки қаватли ноёб бино қад ростлайди. Камида 70 нафар янги иш ўрни яратилади. Бугунги кунда биринчи цех иш бошлаган.

Ҳа, адирлик ҳудудларининг ўзлаштирилиб, замонавий боғлар ташкил этилаётганлиги келгусида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, экологик вазиятни яхшилашга олиб келади, албатта.

Кўргазмали семинарнинг якуний қисми тадбиркор томонидан барпо этилган “Фаввора” мажмуида бўлиб ўтди. Сой бўйидаги тошлоқ жой ўрнида  барпо этилган, ўзида 200 бошдан ортиқ ноёб ҳайвон ва паррандаларни жамлаган “Ҳайвонот боғи” меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

“Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси О.Ходжаев ўз иш фаолияти ҳақида ахборот берди. Тадбирда “Нуроний” жамғармаси вилоят  бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов сўзга чиқиб, фаол нуронийлар томонидан амалга ошириб келинаётган тадбирлар, уларнинг ўзига хос натижалари, галдаги вазифалар хусусида фикр юритди.

Тўрақўрғон тумани нуронийларининг фаолияти билан танишар эканлар, семинар иштирокчилари бир олам таассуротларга эга бўлдилар. Ўз навбатида, ўрганганларини ҳудудларида амалиётга татбиқ этишни мақсад қилиб, янги режаларни белгилаб олдилар.

Абдурашид Болтабоев,

 “Нуроний” жамғармаси

 вилоят бўлими масъул ходими.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan