“Беларусь дафтари”дан
Тонг. Ўрмоннинг қоқ ўртаси. Минскдан ўттиз чақирим наридамиз. Яъни Пуховичи деган туманда. Шу ерлик фотожурналист Димитрий ҳамда саксон ёшдан ошган озғин, лекин чаққон ва чайир тарихчи Александр Александрович ҳамроҳим. Биз ўрмонни кесиб ўтиб, қишлоққа кирдик. Менга Иккинчи жаҳон уруши пайти, болалигида Тошкентга эвакуация қилинган, ўсмирлиги она юртимизда кечган бир кампирни кўрсатишмоқчи. Дарвоқе, қишлоқдошлари уни Тошкент момо дейишаркан.
Кексайиб-қартайган кампир билан юзлашиш жуда ҳаяжонли кечди.
Кампир кимлигим, қаердан келганимни билгач, кулбасининг ёғоч зинасига ўтириб ерга тикилиб қолди. Анчагача миқ этмади. Кейин сўлғин нигоҳлари намланди.
Ҳа, Хотира ўлмаскан… Болалик ўлмайди. Яхшилик ўлмайди! Ўлмайди! Ўлмайди! Ўлмайди!!!
Вужуди қартайган кампирнинг ботинида ҳали хотира мавжлари тириклиги, хотира уммон бўлиб тўлқин ураётгани, оқаётган кўз ёшлар эса хотира уммонининг томчилари эканлигини хис қилдим. Худди узоқ йиллардан бери дом-дараксиз йўқ бўлиб кетган ўғли бағрига қайтган муштипар каби титрар эди у.
Очиғи, менинг ҳам кўзимдан ёш сиза бошлади. Шерикларим кампирга ҳазил-ҳузил қилишди: “Нега йиғлаяпсиз? Мана, атайлаб Тошкентдан сизни излаб келишибди. Ундан кўра топган-тутганингизни опчиқиб, дастурхон тузамайсизми?”
Кампир менга анграйиб қаради-да, жилмайди… Бу ёғини энди шеърга солдим:
Кулба. Қақшоқ кампир тинмайди бир пас
Шамолни қамаган каби ичига…
Дастурхон тузайди — нон, пишлоқ, квас…
“Болам, хуш келибсан, Пуховичига…”.
Ўғли жангдан қайтган каби кўнгли тўқ,
Ўзини қўярга топмаяпти жой.
Хижолат тортади: “Бизда чойнак йўқ…”
Истоконда дамлаб узатар кўк чой.
Альбом варақларкан жилмаяр кампир —
Гўё кўз ўнгимда гуллайди оғоч…
Озғин бармоқларда титрайди тақдир:
“Бу – мен! Болалигим… Тошкент. Бешёғоч…”.
Кампир нигоҳида милтиллайди чўғ,
Заминни кўтариб турар киприги.
Сўзларкан бўғзига соғинч урар тиғ:
“Ҳали ҳам ширинми, Тошкент ўриги?!”.
Сўнгра маъюс боқар — титрайди альбом,
Ҳаволарда инграр жон зарралари…
Менинг кўз ўнгимдан ўтади шу дам
Қиёматнинг қонли манзаралари…
Беларусь ерини ўқ, олов олди —
Танклар занжирида айланар фалак.
Ўзбек қўл узатди. Соғ-омон қолди
Замбарак оғзида турган қизалоқ…
Тирикликни қириб қайтмайди изга
Уруш кўкни ёриб қилар тантана.
Еру осмонидан айрилган қизга
Тошкентнинг осмони бўлар бошпана.
Қайтар чоғим қучди: “Болам, кўп яша!”
Кўксимга бош қўйди. Титради лаби…
Кўзлари жавдираб боқарди… Ўша,
уруш улоқтирган қизалоқ каби…
Кампир дер: “Унутмам… Яратган Эгам
Кўнглимда борини кўриб турибди.
Болам, Сенга айтсам, кўксимда шу дам
Ўзбекнинг юраги уриб турибди!..”.
Қўчқор Норқобил,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.