“Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, дейдилар. Ҳақрост. Ўзлик, миллий ғоя, аждодлардан мерос қолган миллий-маданий осориатиқалар бизни тарихий илдизларимизга боғлаб туради. Шу сабабдан юртимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни сифатида алоҳида нишонланади, токи бугунги дориломон кунларга етиб келгунга қадар ўзбек халқининг босиб ўтган шарафли йўли, юрт фарзандларининг жонбозлиги, фронт ва фронт ортидаги қаҳрамонликлар шунчаки унут бўлиб кетмасин.
Дарҳақиқат, Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлганлар хотирасини ёд этиш, бугун орамизда соғ-омон яшаётган уруш ва меҳнат фахрийларига ғамхўрлик кўрсатиш каби олийжаноб мақсадлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш йўлида олиб борилаётган эзгу ислоҳотларнинг ҳаётий ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронторти меҳнат фахрийлари, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларининг ўз хоҳишларига кўра республика ҳудудидаги санаторийларга 1 нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборилишини таъминлаш вазифалари белгиланган бўлиб, бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, жамиятда тарихий ва миллий-маданий қадриятларни қарор топтириш бош ғоялардан эканини кўрсатмоқда.
Қарор ижросини таъминлаш, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ва фронторти меҳнат фахрийлари, кекса нуронийлар ва якка-ёлғиз яшовчиларни йўқлаш тадбирлари жойларда изчиллик билан ташкил этилмоқда.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси фарғоналик Усмонжон ота Раҳимов бугунги кунда 101 ёшда бўлсалар-да, ёшларни шукроналик билан яшашга, бугунги кунни қадрлашга даъват этиб келмоқдалар.
Табаррук отахон уруш йилларини шундай хотирлайди:
— 1942 йилнинг 5 феврали. 240-полкка жўнатилдим, қўлимда ҳеч нарса йўқ, милтиқ берди — ўқи йўқ. Кейин билсам, Харьковга урушга кириб кетаётгандагина ўқ-дори беришар экан. Германияда 3 йил бўлдим. Қийинчилик кўрдик. Халқ очарчиликка ҳам, қийинчиликка ҳам рози бўлиб яшади. Шундай синовли, оғир йиллар кечди. Ҳатто ёнғоқнинг ўзи тугул, пўстлоғиниям, тегирмонга олиб бориб, туйиб нон қилиб едик. Лавлаги билан қорин тўқлаб, яна бориб далада ишлардик. Шукрки, тинч-омон кунларга ҳам етдик. Энди халқнинг сабрини синаган кунлар ортда қолди, қинғир-қийшиқ, лойсувоқ уйлар ўрнида бугун замонавий қиёфадаги уйлар қад кўтарди. Биз ҳам бултур давлат томонидан ажратилган 100 миллион сўмга янгидан уй солдик. Яйпан, Қўқон, Фарғона каби бетакрор шаҳарлар дунёда ягона. Ҳеч бир ерда биздагидек арзончиликни, ширинсухан, хушмуомала одамларни топа олмайсиз. Айниқса, шу охирги йилларда Ўзбекистонимизнинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Бутун дунёдан одамлар Имом ал Бухорий, Имом ат Термизий, Бурҳониддин ал Марғинонийни зиёрат қилиш учун келишяпти. Янги Ўзбекистонимиз яна маърифат, ибрат маконига айланяпти.
Усмонжон ота Раҳимов 1925 йил 20 январда Қўқон шаҳри (аввалги Ўзбекистон тумани) Катта қайнар қишлоғида туғилган. Мактабни битириб, колхозда ишлаган. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, урушга юборилган. 1943 йилда Узоқ Шарқда, ундан сўнг Москвада, Ленинград фронти жангларида қатнашган.
Уруш тугаб, советлар армияси ғалаба қозонган бўлса-да, 1945 йил август ойида япон интервенцияси давлат чегарасини бузиб киради ва Усмонжон ота Раҳимов кўп қатори шу урушда қатнашади. 1948 йил армия сафидан бўшатишга буйруқ чиқарилгандан сўнг захирага олиниб, шу йилнинг ўзида уйига қайтиб келган.
Усмонжон ота Раҳимов урушдан қайтиб, 1949 йил 5 майда Тошкент темир йўл бўлими Қўқон вагон депосида ишлаган. 1953-1954 йилларда Темирйўл техникумида ўқиб, 1963 йил декабрдан темирйўлда машинист ёрдамчиси бўлиб, 1968-1969 йилларда Ашхободда Темирйўл техникумида ишлаган. 1980 йилда нафақага чиқиб, 1986 йилгача тепловоз машинисти бўлиб ишлайди. Усмонжон ота Раҳимов ўз даврининг шижоатли, меҳнатсевар, мард кишиларидан бўлган. Унинг меҳнатлари муносиб қадрланиб, ўз даврининг қатор орден, медаллари, кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.
Турмуш ўртоғи раҳматли Хадичахон ая билан 7 нафар фарзандни тарбиялади, ўстирди. Фарзандлар турли соҳада меҳнат қилмоқда, баъзилари нафақада.
— Бугун биз, чин маънода, эл-юрт ардоғини, давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган қадрни ҳис этиб яшаяпмиз, илоҳим, юртимиз тинч бўлсин. Янги Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнасин, — дейди отахон шукроналик билан.
Чиндан ҳам, Усмонжон ота бугун эл-юртнинг ардоғида умргузаронлик қиляпти. Катта-ю кичик уни ҳурмат қилади. Нуроний отахоннинг тарбиясини олиб катта бўлган невара-эваралар Усмонжон ота атрофида гирдикапалак. Файзли хонадоннинг мустаҳкам устуни, донишманд отахон элпарвар, юртсевар, мард, жасур, матонатли ўзбек халқининг ўша йиллардаги жонли овозидир, унинг босиб ўтган ҳаёт йўли ва кўрсатган жасорати бугун ёшларга ва кенг жамоатчиликка муносиб ибрат, намунадир.
Суғдиёна СОБИРОВА, “Нуроний” мухбири.