Нуронийларнинг ибрати, самимий маслаҳати ва қўллаб-қувватлаши ёшлар учун катта сабоқдир. Айниқса, ҳаёт йўлини танлашда иккиланаётган, ишсиз, муаммоли ёшларга тажрибали устознинг кўмаги жуда зарур. Шу маънода, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида олиб борилаётган тизимли ишлар ёшларнинг орзу-интилишларини англаш, муаммоларини ўрганиш ва уларниНГ ҳаётда ўз ўрни ва йўлини топиб олишига кўмаклаШишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-167-сонли ҳамда 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-92-сонли Қарорларига кўра, маҳалладаги ёшлар етакчилари ва “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ҳамкорлигида шакллантирган рўйхатлар асосида ўн нафар уюшмаган, муаммоли ва тарбияси оғир ёшлар тажрибали, замонавий фикрлайдиган фаол нуронийга бириктирилиши ва уларнинг жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашувчи дастурлар ишлаб чиқилиши, ушбу йўналишда ижобий натижага эришган нуронийларни рағбатлантириш тизими белгиланган.
Мазкур тамойил асосида бир неча йилдан бери ўтказиб келинаётган тадбирлар, бу йил ҳам изчил давом этмоқда. Мамлакатимиз бўйлаб “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари ғолиблари аниқланиб, айни пайтда улар вилоят босқичларида беллашмоқда.
Ушбу танловнинг Самарқанд вилояти босқичи “Ширин” шаҳарчаси дирекциясининг фаоллар залида бўлиб ўтди. Танловни “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Шуҳрат Негматов кириш сўзи билан очиб, тадбир аҳамиятига тўхталиб ўтди. Ўз сўзида ҳозирда юртимиз нуронийларига билдирилаётган юксак ишонч, кекса фахрийларимизнинг жамият ҳаётидаги ҳал қилувчи ўрнига алоҳида эътибор қаратди ва танлов иштирокчиларига омад тилади.
Танловда иштирокчилар Низом талабларига кўра, учта шарт асосида ўзаро беллашдилар. Уларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан одилона баҳолаб борилди.
Иштирокчи отахону онахонлар саҳнада ўз билим-малакалари, тажрибалари ва маҳоратларини намоён этдилар. Биринчи шарт — ўзини таништириш босқичида улар нотиқлик, шеърхонлик, ғазалхонлигу қўшиқчилик, актёрлик маҳоратларини намоён этган бўлсалар, иккинчи шарт — тайёрлаган тақдимот материаллари, фотоальбомлар, қўлланмалар ва тарғибот воситалари орқали ҳакамлар ва иштирокчиларнинг муносиб баҳоларига сазовор бўлдилар. Учинчи шарт — бириктирилган ёшлар билан бевосита ишлаш, унинг натижалари, ёшларнинг бугунги оқилона ижтимоий-иқтисодий сиёсат, кекса фахрийларимизнинг хайрихоҳликларидан миннатдорлик туйғулари видео-тақдимот ҳамда саҳна кўринишлари воситасида очиб берилди.
Баҳслар қизғин, муросасиз ва ўзига хос тарзда кечди. Ниҳоят, баҳолаш, ғолибларни саралаш босқичига етиб келинди. Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, Булунғур тумани “Гулзор” МФЙ фаол нуронийси Сапарбой Алибоев учинчи ўринни, Пахтачи тумани “Гўрўғли” МФЙ фаол нуронийси Мурат Ишкабилов, Нарпай тумани “Беклар” МФЙ фаол нуронийси Абдирозиқ Ҳакимовлар иккинчи ўринни, Қўшработ тумани “Бойтўп” МФЙ фаол нуронийси Норбобо Шакаров фахрли биринчи ўринни эгалладилар. Бундан ташқари, бир гуруҳ иштирокчилар қатор номинациялар ғолиби сифатида эътироф этилдилар. Ғолиб ва совриндорларга диплом, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди. Номинациялар ғолиблари ҳам қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
— Бу, албатта, биз учун катта ютуқ. Давлатимиз, ҳукуматимиз, халқимиз бизга ишонган экан, ушбу ишончни оқлаш учун ҳамиша фаол ҳаракатда бўлишимиз лозим. Буни нафақат ўзим, балки туманим, жамоамнинг ютуғи деб биламан, — дейди танловнинг вилоят босқичи ғолиби Норбобо ота Шакаров. — Бундан кейин ҳам ўз устимда ишлаб, астойдил тайёргарлик кўриб, республика босқичида бор куч-имкониятимни ишга соламан. Юксак ишонч ва эътибор учун ҳурматли Президентимизга улкан миннатдорлик билдираман.
Тадбирда меҳмонлар нафақат беллашув, балки санъат ва маданият соҳаси вакиллари томонидан тайёрланган ажойиб концерт дастуридан ҳам баҳраманд бўлдилар.
Беллашув якунлангач, отахону онахонлар бир пиёла чойга таклиф этилдилар. Улар дастурхон атрофида жам бўлиб, дилдан суҳбат қурар эканлар, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини Яратгандан сўраб, дуоларга қўл очдилар.
Баҳодир Валиев,
Баҳодир Қиличев.