Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, маҳаллаларни обод қилиш, ёрдамга муҳтож кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, уларга ёрдам қўлини чўзиш, ишсиз, оилавий шароити оғир ёшларни касб-ҳунарга ўргатиб, ўз ишини йўлга қўйиши учун шароитлар яратиш борасидаги ташаббуслар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Айниқса, кекса авлод ва ёшлар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш орқали ёшларни турли хато йўлларга кириб қолмасликлари, кексалар маслаҳатига, йўл-йўриқларига асосан ҳаётларини изга солиш тажрибасини таҳсинга лойиқ лойиҳалардан десак, хато қилмаган бўламиз.
Айни йўналишдаги ислоҳотлар доирасида “Нуроний” жамғармаси Ғаллаорол тумани бўлими ҳам фаоллик кўрсатиб келмоқда. Яқинда мазкур бўлим ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида яна бир ташаббусга қўл урилди. Жумладан, Ғаллаорол туманидан 90 нафар фаол нуроний ва 30 нафар ёш учун Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да 7 кунлик дам олиш ва саёҳат дастури ташкил этилди.
Саёҳат ва дам олиш тадбири давомида икки авлод вакиллари ўртасида жонли мулоқот ташкил этилиб, ёшлар кекса нуронийлардан ўзига хос ҳаёт сабоқларини олдилар.
— Биз — кекса авлод вакиллари мароқли ҳордиқ ва саёҳат учун яратиб берилган имкониятлардан жуда хурсандмиз, — дейди “Маданият” маҳалласи “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раиси Абдусалом Муродқулов. — Ҳам саёҳат, ҳам саломатлик, шу билан бирга, ёш авлод вакиллари билан учрашиш бизга янада илҳом берди. Нуронийларнинг эъзозда, ёшларнинг эътиборда эканлигидан қалбимизда хотиржамлик ҳиссини туйдик.
Тадбир иштирокчиларидан бири, ижодкор фаол нуроний — Сабоҳат ҳожи она учрашувдан илҳом олиб яратган янги шеърларини ёшларга ўқиб берди. Бахтли авлод вакилларига узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва муваффақиятлар тилади.
Саёҳат тадбирлари қизғин лаҳзаларга бой бўлиб, барчада илиқ таассуротлар қолдирди.
Шакарбек УМАРОВ,
“Нуроний” жамғармаси Ғаллаорол тумани
бўлими раиси.