Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги “Янги ҳаёт” МФЙда бундан 60 йил аввал Россиянинг Уфа шаҳридан келиб, аёли вафот этган Мардиқул Қодировга рафиқа, унинг беш нафар ўғлига оналик меҳрини берган, бугун 102 ёшга етган Аптриева Шумотбика исм-шарифли онахон истиқомат қилади.

— Онамиз вафот этганда мен уч ёшда эканман. Онамни эслай олмайман, — дейди юраги тўлиб Бекмурод  Қодиров. — Аммо Шумотбика онамнинг меҳри билан улғайганим, тўрт акамдан, ҳатто ўз ўғли Виктор акамдан ҳам мени кўпроқ яхши кўрганини ҳар доим сезаман, ёдда тутаман.  Дунёда ўгай деган ибора борлиги ёлғон деб ўйлайман. Чунки уфалик онамиз бу иборани йўққа чиқаргани айни ҳақиқат.

Дарҳақиқат, Шумотбика она ҳақида барча фарзандлари оғзидан бол томиб гапиради. 1983 йилда турмуш ўртоғи Мардиқул ака  вафот этади. Аммо  Шумотбика она ўзининг ўғли  Виктор ва Оқдарёда туғилган қизи Гулсора билан жами етти нафар болани вояга етгазгунча ҳам ота, ҳам она бўлди. Колхозда  ер чопди, ғўза чилпиди, ягана қилди, пахта терди,  пиллакор бўлиб  юқори ҳосил етиштирди. Колхознинг зўр пиллакори дея “Москвич”  автомобили билан мукофотланди ҳам. Бўш қолди дегунча чевар бўлиб кийимлар тикди, ип йигириб, жунпайпоқ тўқиб, тўқувчилик ҳам  қилди.

Уйда сигир соғди, кир ювди, овқат пиширди. Тандир тўлатиб нон ёпиб, етти фарзандининг оғзига тутди. Томорқасига экин экиб, парвариш қилди. Тунлари алла айтиб, бешик тебратди. Хуллас, асл ўзбек аёли бўлди. Кийиниши, ўзбекча одатларни жон дили билан бажаришини кўрган эл унинг бошқа миллат аёли эканини бутунлай унутди. Ахир, маҳалла-кўйнинг тўй-тўркинида,  мусибатли аза кунларида кўкрак бурма кўйлак, ўзбекча камзул кийиб, Самарқандча рўмол ёпиниб, иштирок этди. Кўпга ибрат бўлди.

Мардиқул Қодировни Оқдарёда  дурадгор уста дейишарди. Қишлоқдаги уйларнинг саксон фоизини шу уста қурган. Шумотбика она бундан фахрланар, ўғли Викторга доим “Дадангнинг касби зўр. Дурадгор  уста деб  ҳамма ҳурмат қилади. Сен ҳам ўрган, болам”, — дея юрагига ҳавас солиб, дуо қиларди. Онанинг фарзандга дуоси  ижобат деганлари рост.  Шумотбиканинг Уфада туғилган ўғли Викторжон айнан устачиликка меҳр қўйди. Дадасининг ёнида  юриб, унинг ҳунарини пухта эгаллади.

— Норбону янгам Виктор акамнинг аёли, — дейди Бекмурод ака. — Виктор акам ота касбини эъзозлаб обрў топди. Қўли гул уста бўлиб етишди. Қишлоқда Виктор акамни яхши кўрган қизлар кўп эди. Норбону янгам билан синфдош бўлишган. Жуда бахтли яшашди.  Афсус,  Виктор акам вафот этиб қолди.

Шумотбика она  олти нафар ўғилни  ўзи совчиликка бориб уйлантирди. Олти келинига  беозор ва меҳрибон қайнона бўлди. Олтов келин ҳам унинг измида рўзғор тутиб, билмаганини ўрганди.

Онахон 102 ёшга етиб, анча-мунча нарсани эсдан чиқариши мумкин,  аммо 1983 йилда эри Мардиқул отанинг, 2018 йили ўғли Викторжоннинг, 2021 йилда эса тўнғич ўғли Шодиқулнинг вафот этганини  сира эсдан чиқармайди. Эслади дегунча меҳрибонликлари, ишчанликларини гапириб, кўзига ёш олади.

Норбону келин ҳам уни  жуда яхши кўради. Ўғли Элёрбек, келини Ферузахон билан бирга бу жаннатий бувини парвариш қилишади.

— 102 ёш деймиз, аммо қайнонам  ҳамон жонсарак, бир жойда ўтириб қолгани йўқ, — дейди Норбону келин. — Она-бола сигиру бузоғимиздан ҳар куни бир марта  ўзи хабар олади, набирам билан бориб  сув тутади. Ўти, емини беради. Кейин  ҳовлимиздаги дов-дарахт, гулларни узоқ томоша қилади. Онажонимизнинг айтишича, у Ўзбекистонни мана шу яшил гўзаллиги учун, сахий тупроғи, қўли гул одамлари учун ҳам жуда яхши кўради. Оқдарёни Ватан деб билади. Тақдиридан рози яшайди. Раҳматли турмуш ўртоғим  Виктор аканинг қалбига ҳам шу меҳр, шу муҳаббатни сингдиролган. Аслида мен ҳам унга юртимизга бўлган меҳр-муҳаббати, оқдарёликларни қаттиқ ҳурмат қилганлиги учун  турмушга  чиққанман.

102 ёшли Шумотбика она ва унинг ўғли Виктор  ҳақидаги бу гапларни эшитиб, шоир Муҳаммад Юсуфнинг  “Момолар ҳар қайда бор, Бизда бори қайда бор, Ўзбекистон қайда бор?!” деган  оташин сатрларини эсладим. Самарқанднинг Оқдарё туманидаги  беназир, муҳаббати улкан бу онахоннинг  кенжа қизи Гулсорахон ҳам аллақачон 54 ёшга етиб, нафақага чиқди. Ўғил-қизли, уч нафар набирали бўлди. Ўзбекистонга келганларида, етимликдан кўзлари ёшланган беш нафар  ўғилчанинг  бари бугун нуронийга айланган. Шумотбика онанинг эса қаридим дегиси келмайди. Қулоғи бироз оғирлашганини айтмаса,  гап-сўзи бутун, ғайрати-ю жонсараклиги кетмаган.

Ўша — уч ёшида онасидан ажраб,  Шумотбика онанинг қўйнида  катта бўлган Бекмурод Қодиров бугун  “Янги ҳаёт” МФЙ “еттилиги”да “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари  бўлиб  фаолият юритяпти.

Шумотбика онанинг 27 нафар невара,  50 нафардан кўпроқ эвара, 30 га яқин чевараси бор. Улар  гапу гаштак ёки байрамларда жам бўлишса борми,  юз нафардан ошиб кетишади. Халқнинг: “Туп ёзиб, палак отди” деган нақли Шумотбика она Аптриева каби пиру бадавлатлар учун айтилгани аниқ.

Замира РЎЗИЕВА,

“Нуроний”  мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan