Маълумки, дунёда ҳар бир юрт, халқ, миллат ва элатлар ўз қаҳрамонлари ва истеъдодли фарзандлари билан фахрланади, уларни ардоқлайди. Чунки улар ўз ватани ва миллатининг номини жаҳонга танитади, обрўсига обрў қўшади.
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида ҳам ана шундай қаҳрамонлар, истеъдодлар талайгина. Улардан бири Ғузор спортига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб, эл олқишига сазавор бўлган инсон — “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, кекса спортчи, меҳнат ва халқ таълими фахрийси, кўплаб таниқли спортчиларнинг устози Суюн ака Ортиқовдир. Эсини таниганидан буён ҳозиргача спортга ошно бу қалб соҳибини ҳеч ким 82 ёшга кирган деб ўйламайди.
Бугунги кунда ҳам туманда спорт бўйича ташаббусни қўлдан бой бермай, кексаликни бўйнига олмай келаётган тиниб-тинчимас Суюн ака нуронийларнинг саломатлигини асраш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўлида хизмат қилиб келмоқда. 1916 йил июнь ойидан бошлаб, ўзи яшаб турган “Тинчлик” маҳалласида “Саломатлигимиз — ўз қўлимизда” шиори остида “Соғломлаштириш гуруҳи”ни ташкил этган. Ҳозирги кунда “Тинчлик” ва “Амир Темур” маҳаллаларидан 30 нафардан зиёд хотин-қизлар ушбу гуруҳга аъзо бўлиб, улар ҳудуддаги техникум спорт майдони ва залларида ҳар куни эрталабки бадантарбия машқларини биргаликда олиб бормоқдалар.
— Ўтган асрнинг 50-йиллари боши. Биринчи синфга энди қадам қўйган пайтларим. Бир куни қўшнимиз Рафиқ акани ўртоғи суяб уйига олиб келди. Унинг бир оёғи бинт билан боғланган эди. Кейин билсам, футбол ўйнаб, оёғидан жароҳат олган экан. Шундан сўнг футбол қаердалигини сўраб билдим. Ёшим олтида, футбол майдони яшаш манзилимдан узоқда бўлса ҳам футбол ўйинларини кўришга ошиқардим. Бу борада онамдан рухсат олиб, Рафиқ ака менга ёрдам берар, ўзи билан футбол майдонига олиб кетарди, — деб эслайди Суюн ака.
Шу тариқа спорт унинг ҳаётига кириб келди. Ўрта мактабни тамомлагач, бир муддат ўз иқтидорини турли соҳаларда синаб кўрди. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам уни спорт ўзига жалб этаверди. Натижада у тумандаги Охунбобоев номидаги (ҳозирги 54-сонли) мактабда жисмоний тарбия фанидан ўқувчиларга дарс бера бошлади. Шундан буён унинг бутун ҳаёти Ғузорда спортни ривожлантириш билан боғлиқ. Ўзининг ўрта маълумотидан қониқмаган Суюн Ортиқов 1966-1969 йилларда Душанбедаги жисмоний тарбия ва спорт техникумида, 1974-1979 йилларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтида таҳсил олди. Спортсевар ўртоқлари билан 1961-1966 йилларда Ғузорда 10 та кўча футбол жамоаларини тузиб, илк маротаба болалар ўртасида туман биринчилигини ўтказишга бош-қош бўлди. Туман ва вилоят учрашувларида ҳакамлик қилди.
“Ғузор” футбол терма жамоаси таркибида вилоят биринчилигида тўп сурди. Туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббий ва раҳбар бўлиб ишлаган даврида унинг шогирдлари вилоят босқичларидаги мусобақаларда иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритдилар. У спорт мактабида мураббий, умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган даврларида спорт мусобақалари уюштириб, ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарликларини ошириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, маҳоратларини ошириш устида тинимсиз иш олиб борди. Натижада ўз даврида унинг энг яқин шогирдларидан бири, собиқ Иттифоқ ёшлар терма жамоаси аъзоси Элгизар Эшпардаев сув полоси бўйича ёшлар ўртасида Европа чемпиони бўлди. Шогирдларининг бир қанчаси ҳозирги пайтда МДҲ мамлакатларида спорт соҳасида фаолият юритмоқдалар.
Суюн Ортиқовнинг шогирдлари ўтган асрнинг 80 йилларида Гулистон ва Андижон шаҳарларида ўтказилган Республика мусобақасида иштирок этиб, катта ютуқларга эришди. Симферополь шаҳрида ўтказилган собиқ Иттифоқ миқёсидаги “Умид стартлари” мусобақасида Республикамиз шарафини ҳимоя қилди.
1991 йили Сурхондарёда ўтказилган “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловида иштирок этди. Ғофур Ғулом номидаги мактабда синфдан ташқари спорт тўгараклари ишларини жонлантириб, ўқувчиларнинг 46 фоизини спортга жалб этди ва бир қанча спорт турлари бўйича тоифали спортчиларни етиштирди. Мактабда сузиш ҳавзасини барпо этишда бош-қош бўлди. Тиним билмас спортчи 1985-1998 йилларда туманда футбол ҳаваскорлари клубини ташкил этди ва ундаги 14 та маҳалла жамоалари ўртасида илк маротаба футбол биринчилигини ташкил этди.
1996 йилда туман халқ таълими бўлими методисти этиб тайинлнгач, унинг иш фаолияти янада кенгайди. Тумандаги жисмоний тарбия ва спорт ишларини янада жонлантириш, спортчиларнинг вилоят ва республика мусобақаларида муваффақиятли иштирокини таъминлаш, мактаблардаги соҳа ўқитувчиларининг иш услубларини яхшилашга катта эътибор қаратди. Бу соҳаларда тавсиянома ва қўлланмалар ёзиб, соҳа ўқитувчиларига етказди. Унинг “Мактабда нуқсони бор ўқувчилар билан ишлаш”, “Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш юзасидан чиқарилган қонун ва қарорлар”, “Мактабда жисмоний тарбия ва спорт бўйича юритиладиган ҳужжатлар” каби қўлланма ва тавсиялари ўз даврида соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этган.
Кейинчалик Болалар спорт мажмуасида методист, спорт мураббийи бўлиб ишлаган Суюн Ортиқов 1999-2000 йилларда туғилган 18 нафар болани ўзи мураббийлик қилаётган гуруҳга қабул қилиб, уларга футбол сирларини ўргатишга киришди. “Футбол ғунчалари” деб номланган бу кичик жамоа тез орада туман, вилоят ва Республика миқёсидаги мусобақаларда иштирок эта бошлади. 2010 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда илк бор иштирок этишига қарамасдан фахрли 4-ўринни эгаллади. Ушбу турнирда унинг икки нафар шогирди “Энг яхши дарвозабон” ва “Энг кўп тўпурар ўйинчи” деган номинацияларни қўлга киритдилар.
Тиниб-тинчимас мураббий Суюн Ортиқов ташаббуси билан Болалар спорт мажмуаси залида туманда илк бор “Футбол шоу” бўлиб ўтди. Унда “Футбол ғунчалари” (Болалар) ва “Бургутлар” (Оталар) ўртасида мини-футбол бўйича авлодлар учрашуви ўтказилди.
Бундан ташқари, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳузурида баскетбол бўйича қизлар жамоасини тузиб, уларга баскетбол сирларини ўргата бошлади. Шогирдлари қисқа вақт ичида баскетбол бўйича ўтказиладиган турнир ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди. Жамоа “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг 2013-2015 йилларда туман ғолиби, 2014-2015 йилларда вилоят чемпиони бўлди.
Дарвоқе, 2012 йилда туманда футбол федерацияси ташкилоти тузилган. Унинг биринчи вице-президенти этиб Суюн Ортиқов сайланган. Болаларга футболдан сабоқ бериш, унинг сирларини қунт билан ўргатиш, уларни чаққон, эпчил ва соғлом этиб тарбиялашда Суюн Ортиқовнинг хизматлари беқиёс. Шу билан бир қаторда, 60 йилдан ошибдики, Суюн ака тумандаги “Ғузор ҳаёти” газетасининг жамоатчи спорт мухбири, “Шўртан” футбол жамоасининг спорт шарҳловчиси. Суюн ака 2024 йилда узоқ йиллардан буён орзу қилиб келган яна бир ниятига етди. Шу йили Тошкент шаҳридаги “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган “Ғузор спорти: кеча ва бугун” номли рисоласини мухлисларига тақдим этди.
Дарҳақиқат, эл-юрт манфаатлари йўлида қилинган холис ва фидойи хизматлар асло эътиборсиз қолмайди. Олий тоифали методист, устоз ва мураббий, меҳнат фахрийси Суюн Ортиқов “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Катта ўқитувчи, халқ таълими фидойиси, кекса спортчи Суюн бобо Ортиқовнинг фаолияти хусусида кўп ва хўб ёзиш мумкин. Муҳими шундаки, Суюн бобо Ортиқов каби фидойи ва тажрибали мутахассислар бор экан, юртимизда спорт ва маданият янада гуллаб-яшнайди, ёшлар сафидан чемпионлар етишиб чиқаверади.
Ҳасан Қахаров,
“Нуроний” жамғармаси
Ғузор тумани бўлими раиси.