Мамлакатимизда баракали умр йўлини босиб ўтиб, 100 ёш билан юзлашиб турган пиру бадавлат инсонлар жуда кўп. Ана шундай инсонлардан бири эл суйган мураббий Худайберган Базаровдир.

Худайберган оға Базаров бугунги кунда 96 ёшга тўлди. У болаликдан туғилиб ўсган қишлоғи — Янгийўл туманидаги “Қоратепа”  маҳалласида истиқомат қилиб, фарзандлари, невара-чеваралари қуршовида кексалик гаштини сурмоқда.

Отахон 1930 йил 3 майда дунёга келган. Отаси Бозорбой оға деҳқончилик билан кун кечирар, кейинчалик қишлоғида ташкил этилган жамоа хўжалигига аъзо бўлган эди.  Онаси Жаннат ая уй бекаси бўлиб, бирин-кетин дунёга келган  6 нафар — Илёс, Турғунбой, Зейне, Роҳатой, Худайберган, Иброҳим каби фарзандларни  оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган.

Оиланинг  турмуши амал-тақал ўнгланиб келаётган пайтда Иккинчи жаҳон уруши  бошланиб, эл бошига айрилиқ, мусибатлар ёғила бошлади.

Хонадоннинг тўнғич фарзанди Илёс 1942 йили урушга сафарбар этилди.  1945 йил 11 апрелда бедарак йўқолгани хақида қорахат келди. Бу мусибат  қаршисида  хонадон бошлиғи Бозорбой бобо касалманд бўлиб қолди.  Бу пайтда оиланинг  вояга етган қизи  Зейне оқ-қорани таниган, ўқимишли, жамоа хўжалигининг етакчи қизларидан бири эди. Бошқа фарзандлар ҳам  оилага қанот  бўлишга ҳаракат қиларди. Жумладан, ўсмир ёшдаги Худайберган ҳам қишлоқ мактабида ўқиш билан бирга,  жамоа хўжалигида кучи етган ишларда  ёрдамлашиб юрарди.  Худайберган оға ўша оғир дамларни эслар экан, шундай ҳикоя қилади:

— Далада фронтга кетган эркаклар ўрнига,  асосан, аёллар, ўсмир ёшлар меҳнат қилар эди. Мен ҳам болалик пайтимда колхозчи онахон, отахонларга  яқиндан кўмаклашардим. У пайтларда техника етишмас, асосан, отлар кучидан фойдаланилар  эди. Аёл киши отга қўшилган  сўқа билан ер бағрини юмшатар, бизга ўхшаган болакайлар эса от устига миниб, жиловидан маҳкам тутиб, уни бошқарар эдик. Меҳнатимизга яраша тўйиб овқат ҳам емас эдик. Оналаримиз ёпиб берган зоғора, кези келганда, кепак  нонлар билан қорин тўқлардик. Оила бошига ўлчаб бериладиган  оз миқдордаги  буғдойни янчиб  келиш учун олис масофадаги  сув тегирмонларига  қатнардик. Авария ҳолатидаги мактабларда таълим олганмиз. Сайдали, Болтавой, Земфира, Жамол тенгдошларим каби турмуш қийинчиликларига қарамай, аъло ўқиган  синфдошларимдан ортда қолмасликка ҳаракат қилардим. Билимга чанқоқ ўқувчилардан эдик.

Эл бахтига уруш ҳам тугаб, унинг мусибатлари, қийинчиликлари ортда қола бошлади. Ёш Худайберган  қишлоқдаги 7 йиллик мактабни тугатгач, илк таълим берган  устози Адилбай Бейсенбаев каби ўқитувчи бўлиш ниятида Тошкент шаҳрига йўл олди.  Дастлаб пойтахтдаги билим юртига  ўқишга кириб, уни муваффақиятли тугатди. Бир муддат бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлади. Сўнг  билимини ошириш мақсадида, ҳозирги Низомий номидаги ТДПУнинг физика-математика факультетига ўқишга кириб, мазкур олий даргоҳни 1952 йили тугатди. Уч йил муддат мобайнида ОТМ йўлланмаси билан вилоятнинг олис қишлоқларида  ўз мутахассислиги    бўйича ўқитувчилик қилди.  Бу йилларда унинг ота-онаси вафот этган, ўзи эса Мелихон исмли қиз билан аҳду паймон қилиб, янги турмуш бошлашган эди.

Шуни  таъкидлаш лозимки, қийинчиликларни  енгиб ўтишида  ёш Худайберганнинг катта опачаси  Зейне унга яқиндан кўмаклашди. У ўз туғилиб ўсган қишлоғига қайтгач, Муқимий номидаги 17-умумий ўрта таълим мактабида дарс бера бошлади.  Унга ёшликдан таълим берган  Белги Мирзаҳмедов, Ҳамро Юнусов,  Аристан Балғабаев,  Тангат Туркебаев, Маҳмуджон Эргашев ва яна қатор  устозлари сафида туриб, ўз ҳамқишлоқлари  фарзандларини  меҳр бериб ўқитишдан  сира-сира чарчамади.   Шунингдек, Сайдали Ғаниев,  Маҳамат Якубов, Ҳамза Ўразбеков, Барот Рисдавлетов, Убайдулла Абдураҳмонов, Тўлан Ўролов, Рашида Халитова, Полина Соловьёва, Людмила Ким,  Маъмир Ўнгарбоев, Абдумалик Бўриев, Раҳима Қўчқорова, Рамиль Сахабутдинов,  Раъно Эргашева, Асия Юнусова, Ҳайдар Асқаров,  Гулчеҳра Пўлатова,  Дилором Нурматова, Лазокат Ботирова, Дариха Ўрмонова, Ҳурматой Эргашева, Шиннигуль Мирзахмедова, Раҳим Қипчакбоев, Марат Анарбаев каби сафдошлари бор эдики, улар билан доимий равишда ўзаро тажриба алмашиб, ўз педагогик маҳоратини ошириб борарди.

Ўша кезлари қишлоқ мактабида таълим олган Сарвар Қўчқоров, Абдураззоқ Маҳаматов, Зокир Мирзаҳмедов каби иқтидорли ўқувчилар кейинчалик олий таълимни муваффақиятли битириб, фан номзодлиги диссертацияларини ёқлаб, турли олийгоҳларда фаолият кўрсатганлар.

Худайберган оға Базаров салкам ярим асрлик педагогик фаолиятида катта ўқитувчилик мақомига эришган. Унинг самарали меҳнатлари  юқори ташкилотларнинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган. Тинимсиз хизматларига нисбатан эъзозу эҳтиром бугунги кунда кўплаб шогирдларининг    ғамхўрликларида намоён бўлмоқда. Ҳар бир шогирднинг  меҳр-мурувватидан устознинг қалби тоғдек юксалади.

Садоқатли умр йўлдоши Мелихон ая билан қарийб 60 йиллик биргаликдаги умрлари давомида  Тўрабой, Олим, Гулнора, Рустам, Сайёра, Ғайрат, Фурқат, Шавкат каби саккиз нафар фарзандни вояга етказиб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбияладилар.  Шуниси қувонарлики, Гулнора, Сайёра каби фарзандлари ота изидан бориб, ўқитувчилик касбини  бир умрга эъзозладилар. Не бахтким, бу кун 96 ёшни қаршилаган эл ардоғидаги мураббий Худайберган оға  Базаров нафақат суюкли фарзандлари  камолини, балки набира ва чевараларининг ва шогирдларининг ҳам бахтли дамларини, бугунги Янги Ўзбекистон даврининг дориломон кунларини, эъзозу эътиборини кўрмоқдалар.

Дарҳақиқат, отахоннинг асрга тенг босиб ўтган ибратли ҳаёт йўли ҳар бир инсонга намуна, десак асло муболаға бўлмайди.

Юсуп Мамадиёров,

фахрий педагог.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan