Республика “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари Мирзажонова Хайринисо Холматовнани бутун мамлакатимизда яхши танишар эди. Давлат ва жамоат бошқаруви тизимларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган ушбу фидойи инсон эл-юртимиз манфаатлари йўлида бор куч-имкониятлари, билим ва тажрибасини сафарбар этган фаол юртдошларимиздан бири эдилар.
Хайринисо Мирзажонова 1947 йил 10 март куни Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида туғилган. 1969 йилда ҳозирги Низомий номидаги ТДПУни тамомлаган. Ўз фаолиятини мактаб ўқитувчилигидан бошлаб, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани 9-мактаб директори, Наримонов шаҳар халқ таълими бўлими мудири, Бектемир тумани халқ депутатлари Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Бектемир тумани хокими ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари, “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқаруви бўлим бошлиғи, раис ўринбосари, Республика “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари вазифаларида сидқидилдан меҳнат қилган.
Хайринисо Холматовнанинг меҳнатлари давлатимиз томонидан эътироф этилиб, “Шуҳрат” медали, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.
— Хайринисо Холматовна “Бувижонлар мактаби” гуруҳининг барча фаолларига ўрнак эдилар, — дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари Гулбаҳор Хусаинова. — Маҳаллаларда ҳамжиҳатлик муҳитини асраш, оилаларда тотувликни таъминлаш, қизларимизни миллий қадриятларимиз руҳида, замонавий, илмли, касб-ҳунарли қилиб тарбиялашда ҳамиша ўзига хос ташаббусларни илгари сурардилар. Ҳар бир масалага мулоҳаза билан ёндашиб, муаммолар ечимини топишда барчамизга ўрнак бўлардилар. Хайринисо Холматовнанинг очиқ чеҳралиги, ширинсўзлиги, инсонларга самимий муомала-муносабати, ёшларнинг келажагига хайрихоҳлиги, атрофидагиларга қўлидан келганча яхшилик қилишга уринишдек фазилатлари биз учун катта мактаб эди. Ҳам ишда, ҳам оилада масъулиятни бирдек зиммаларига олиб, эл-юрт, инсонлар розилиги йўлида олиб борган ҳалол ва фидойи меҳнат фаолиятлари, ўзига хос инсоний фазилатлари барчамизга ибрат ҳамда намунадир.
Хайринисо Мирзажонова, чин маънода, ибратли умр йўлини босиб ўтди. Ҳаётини эл-юрт равнақига ҳисса қўшишдек эзгу ишга бағишлаган онахонимизнинг порлоқ хотираси қалбларимизда мангу яшайди.
Таҳририят.
Қашқадарёлик энг кекса фахрий вафот этди
Жорий йилнинг 21июнида Қамаши туманининг “Манғит” маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рўзибой ота Сатторовнинг 116 ёшда вафот этгани ҳақидаги нохуш хабар мамлакатимиз бўйлаб тарқалди.
Рўзибой отанинг ёшлик йиллари колхозлаштириш пайтларига тўғри келди. От-арава билан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун астойдил ишлади. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, кўплар қатори Рўзибой Сатторов ҳам урушга сафарбар этилди. Россия ўрмонларида бир ой жангга тайёрланишгач, урушга кирди. Жангларнинг бирида Рўзибой Сатторов ўнг оёғидан яраланиб, 8 ой мобайнида ҳарбий госпиталда даволанди. Унинг оёғидаги жароҳати тўлиқ битмасдан яна урушга кетди. Қишнинг изғиринли совуғи, ўрмонлардаги зах унинг оёғидаги жароҳатни қайталаб, яна госпиталда ётиб даволанди. 1941 йилдан 1945 йилнинг 25 сентябрига қадар ҳарбий хизматда бўлиб, 1945 йилда Берлингача бориб, 8 ой мобайнида ўша ерда жанг қилди. 9 май куни уруш якунига етгани расман эълон қилингач, 1948 йилда соғ-омон Ғалаба билан уйига қайтди. Урушдан қайтгач, Ғузор тумани хўжаликларида, сўнг Яккабоғ туманидаги колхозда аравакаш бўлиб ишлади…
Рўзибой бобонинг кўксини тўлдирган орден-медаллар Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир кунини, отанинг жасоратларини киши ёдига солиб тургандек бўларди.
— Рўзибой бобо Сатторов нафақат туманимиз, балки Қашқадарёнинг фахри эди, — дейди “Нуроний” жамғармаси Қамаши тумани бўлими раиси Нормўмин Имомов. — “Манғит” маҳалласи ёшлари Рўзибой бобо билан учрашувлар ўтказиб туришар, бобонинг мазмунли ҳаёт йўли, кўрсатган жасорати билан ҳақли равишда фахрланишарди. Бугун Ўзбекистондаги энг ёши катта бўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисини сўнгги манзилга кузатиб қўйдик. Унинг жасорати ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактабидир.
Урушдан қайтгандан сўнг Рўзибой Сатторов мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун ўз меҳнатини аямади. 5 нафар фарзандни вояга етказиб, уйли-жойли қилди. Бугун бобо орамизда бўлмаса-да, унинг пок руҳи доимо қалбларда яшайди. Сиз доимо қалбимиздасиз, Рўзибой бобо!
Шавкат СУЛТОНОВ,
“Нуроний” мухбири.