Ўз даврида улуғ халқимизнинг улуғ йўлбошчиси бўла олган давлат арбоби
9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида Ўзбекистонга энг оғир йилларда раҳбарлик қилган, унинг ривожига улкан ҳисса қўшган, кўплаб шогирдлар тарбиялаган, қанчадан-қанча истеъдодларни кашф этган таниқли давлат ва жамоат арбоби Усмон Юсупов хотирасига бағишланган уч авлод учрашуви бўлиб ўтди.
Янгийўл шаҳридаги “Усмон Юсупов уй-музейи”да бўлиб ўтган тадбир аввалида мутасадди ташкилотлар томонидан тайёрланган гулчамбарлар кекса, ўрта ва ёш авлод вакиллари иштирокида Усмон ота пойига қўйилиб, у кишининг пок руҳига эҳтиром бажо келтирилди. Меҳмонлар уй-музей фаолияти билан яқиндан танишдилар, Усмон Юсуповнинг ўзбек халқи фаровонлиги, Ўзбекистон манфаатларини таъминлаш йўлидаги фидойи хизматлари ёдга олинди. Тошкент вилояти ҳокими маслаҳатчиси Фарҳод Мирзаев, Усмон Юсуповнинг жияни Комила Садикова, уй-музей директори Сайёра Мамадалиевалар сўзга чиқиб, Усмон Юсуповнинг ҳаёти ва фаолиятига доир ноёб маълумотларни ёшларга тақдим этишди.
Тадбирда, шунингдек, академик Азиз Қаюмов қаламига мансуб “Усмон ота” номли китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви томонидан китобнинг бир нусхаси Усмон Юсупов уй-музейи директори Сайёра Мамадалиевага туҳфа қилинди.
Тақдимотда мазкур китобнинг яратилиши тарихи, Усмон Юсуповнинг давлатимиз ва жамиятимиз тарихида тутган ўрни ва мақоми, ёш кадрлар ва истеъдодларни саралаш, уларга қанот бўлишдек умуминсоний фазилатлари, мазкур китоб саҳифаларидан жой олган қимматли материаллар ҳақида сўз юритилди. Ўз навбатида, мазкур китоб нафақат Усмон отанинг ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилиши, балки бугунги куннинг етти ёшдан тортиб, етмиш ёшгача бўлган ҳар бир кишиси учун улкан ҳаёт мактаби эканлиги алоҳида эътироф этилди.
* * *
“Усмон ота” хотира китоби ҳақида филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов шундай ёзган эди: “Тарихдан маълумки, Ўзбекистон ва ўзбек халқи ўзининг буюк раҳнамоларига эга бўлиб келган. Шулардан бири Усмон Юсупович Юсуповдир. У киши айни мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсати оғир даврни бошдан кечираётган бир вақтда раҳбар бўлган. Усмон Юсуповнинг жамият ҳаётидаги ўрни беқиёсдир.
Усмон Юсупов 1937 йилдан то 1954 йилгача Ўзбекистонда ва иттифоқ миқёсида энг юқори хизмат вазифаларида ишлаган. Айни уруш йилларида Ўзбекистоннинг бутун мамлакат иқтисодий ҳаётига муносиб ҳисса қўшди, жуда катта ишларни амалга оширди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонни йирик индустриал-аграр мамлакатга айлантириш, фронтни қурол-аслаҳа, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминловчи марказ сифатида қайта қуриш ишига бошчилик қилди.
Мингдан ортиқ саноат корхоналари, уруш даврида бошпанасиз қолган оилалар, етим болалар Ўзбекистондан паноҳ топди. Ўзбек ўғлонлари 1941-1945 йилларда фронтда мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатиб, мардонавор жанг қилдилар. Фронт ортида эса бор имкониятни ишга солиб ғалаба учун туну кун меҳнат қилдилар.
…Усмон Юсупович Юсупов санъат ва адабиётни жону дилдан севар, унинг ривожи тўғрисида доимо ғамхўрлик қилар эди. Йирик санъаткорлар ва адиблар билан дўстона муносабатда бўлган эди. Жумладан, Азиз Қаюмовни фарзандлари қаторида тарбиялаб, унга меҳрибонлик кўрсатиб, ҳаётида туб бурилиш ясаган ҳам Усмон Юсупович Юсупов бўлган. Азиз Қаюмов тарбия олган муҳит, устозлар ўгитларига муносиб ҳаёт кечирди. Илм жабҳасида катта ютуқларга эришди. Мамлакат ижтимоий ҳаётида раҳбар лавозимларида фаолият юритар экан, ҳалоллик, тўғрилик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, ўз ишига садоқат, ёшларни қўллаб-қувватлаш, катта авлодга ҳурмат каби фазилатларни ўзида намоён этди.
Азиз Қаюмов кўплаб илмий ижодий ишларида буюк сиймолар, замондош алломалар, раҳнамолар ва устозларининг ҳаёт йўлларини ёритди. Жумладан, академик олимнинг шаклланишида катта ўрин тутган Усмон Юсупов хақидаги хотира асари муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки унда Усмон Юсупов билан Азиз Қаюмов ораларидаги муносабатлар, давлат раҳбарининг халқига бўлган муҳаббати акс этган.
Азиз Қаюмовнинг Усмон Юсупов тўғрисидаги бу китоби 1994 йилда ёзилган. Уни академик олим вақти-соати келганида жамоатчиликка тақдим қилишни мўлжаллаган. Янги Ўзбекистон ижтимоий ҳаётидаги ўзгаришлар натижасида буюк тарихий шахслар фаолиятини кенг ўрганиш ҳамда номларини ҳурмат билан абадийлаштириш ишига катта эътибор қаратилмоқда. Аждодларни муносиб эътироф этмоқ, уларнинг қилган хизматларини улуғламоқ ҳозирги авлоднинг шарафли бурчидир.
Бу китоб академик Азиз Қаюмовнинг таъбири билан айтганда, “Шонли давлат раҳбари, ўзбек халқининг асл фарзанди Усмон Юсупович Юсуповнинг ҳаёти ва фаолияти ёш авлодни ватанпарварлик ва халқпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиздир”.
* * *
Усмон Юсупов 1900 йилда Фарғона вилояти Водил туманининг Каптархона қишлоғида дунёга келган. Отаси Юсуф Сайдалиев, онасининг исми Ойимнисо бўлган. Икки болалик бўлган Юсуф ота оиласини боқиш учун иш излаб Фарғонадан йўлга тушади. Кўп азоб-уқубатларни бошдан кечирадилар ва Янгийўлга (эски номи Қовунчи)га келиб тушишади…
…1937 йил 27 сентябрида у Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари лавозимига тайинланган. Усмон Юсупов раҳбарлик қилган йилларда Ўзбекистон индустрияси шаклланди. Шунинг учун ҳам уни мамлакатимиз индустриясининг отаси дея таърифлашади. Унинг раҳбарлигида, 1938 йилда Попда 9 км. узунликда Лангар канали қурилди ва 600 гектар янги ерлар ўзлаштирилиб, сув билан тўлиқ таъминланди. 1939 йилда Фарғонадаги Шоҳимардон сойидан Исфарайрам сойигача узунлиги 37 км. бўлган Лоғон канали жамоа хўжалиги деҳқонларининг қўл кучида 18 кунда қуриб фойдаланишга топширилган. 1939 йилнинг ёзида 170 минг жамоа хўжаликлари аъзолари, машинист, экскаватор ва бульдозерчилардан иборат қурувчилар 270 км. узунликдаги Катта Фарғона каналини 45 кун ичида ишга туширишди. Шундан сўнг Шимолий Фарғона канали, Жанубий Фарғона канали, 1940 йил Халқобод ҳудудида Шимолий Тошкент канали, 1942 йили Халқободнинг юқори қир ҳудудида Юқори Тошкент канали, Тошсоққа канали (Хоразм), Каттақўрғон сув омбори ва бошқа кўп суғориш иншоотлари, 1943 йилда Фарҳод гидроэлектростанцияси ва шунга ўхшаш бошқа қурилишлар ана шу мақсад йўлида қўйилган дадил қадамлар эди.
Усмон Юсупов Ўзбекистонга металл заводи қуриш зарурлиги ҳақида Марказга “Ўзбекистонга ўз металлургия корхонаси зарур”, деган телеграмма юборди ва 1943 йил ноябрь ойида Бекобод металлургия комбинати фойдаланишга топширилди. Усмон Юсупов бошчилигида 1941-1945 уруш йилларида Ўзбекистонда 9 та ГЭС қурилиб ишга туширилди. Унинг ташаббуси билан 1948 йилда Хоразм ва Қорақалпоғистонни республикамизнинг бошқа вилоятлари билан боғловчи, мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришда ҳамма томондан мустаҳкам боғловчи бўлган “Чоржўй — Қўнғирот” темир йўли ишга туширилган. 1950 йилда Қашқадарё вилоятига Зарафшон сувини келтирувчи Ангор канали тикланди. Чимқўрғон сув омбори, Пачкамар иншооти қурилишлари ҳам Усмон ота раҳбарлигида амалга оширилган.
Тошкент вилоятининг Пискент, ўша пайтдаги Киров туманидаги каналлар қуриб ишга туширилди. Бухородаги қадимий Зиндона канали қайта қазилиб, тикланди.
Усмон ота ижтимоий, маданий қурилишларга катта эътибор қаратган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида собиқ Иттифоқ даврида қурилган ягона театр биноси, Тошкент шаҳридаги Муқимий номидаги мусиқали драма театри қурилишига ҳам Усмон Юсупов раҳбарлик қилган. Урушдан кейин Марказқўмнинг янги биноси қурилиб, ишга туширилди. Усмон Юсупов 14 йил давомида Ўзбекистонни бошқарган бинода ҳозир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолият олиб бормоқда. Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси биноси 1943 йили Усмон Юсупов ташаббуси билан қурилган.
Унинг жонбозлиги туфайли Янгийўл шаҳрида икки заллик “Ғалаба” номли кинотеатр, катта кутубхона, маданият саройи, вилоят театри қуриб, фойдаланишга топширилди. Янгийўл шаҳри вилоят марказига айланди. Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри каби залворли қурилишлар, албатта, ҳашар йўли билан бажарилган.
Усмон Юсупов Ўзбекистондаги барча миллат ва элатларга катта ҳурмат билан қарар эди. Ўз ўрнида юртимиздаги бошқа миллат вакилларининг ҳам Усмон отага ишонч ва эҳтироми баланд эди. У раҳбарлик қилган йилларда юртимизда миллий низо умуман бўлмаган. Барча халқлар тинч ва ҳамжиҳатликда яшар эдилар. Уруш вақтида Қримдан, Шимолий Кавказдан, Закавказьедан баъзи миллатлар кўчириб келинди. Месхети турклари, қорачойлар, чеченлар, греклар, қрим-татарлар, қисман немислар шулар жумласидандир.
Ўзбекистон — энг олис фронторти ҳудуд эди. Уруш вақтининг шароити ва талаблари жуда кескин бўлган. Қанчадан-қанча кавказлик ва қримлик халқлар Ўрта Осиё ва Қозоғистонга кўчириб келинган. Улар яшовчанлиги ва бизнинг табиий шароитимизнинг қулайлиги туфайли бу янги жойда ўз ҳаётларини қайтадан қура олдилар.
Унинг кўз олдига ўзга ўлкалардан юк вагонларда кўчириб келинган абгор ва ночор, оч, юпун, хаста кексалар, болалар, аёллар, оиласи билан бадарға қилинган бегуноҳ қрим-татарлар, қорачойлар, корейслар, месхети турклар, чеченлар, польяклар, қисман немислар келарди. Уруш олови ичидан олиб келинаётган юз минглаб етим болаларни Ўзбекистон ўз бағрига олди. Ўзбек оналари уларга худди туққан боласидек меҳр кўрсатди, уларни болаларининг бир тишлам нонига, бир дона лавлагисига, бир қошиқ сутига шерик қилди.
Ўзбек халқи Усмон Юсуповга ўз Отасига ишонгандек ишонди ва ғалаба қилди. Улуғ давлат арбоби 1954 йил Ўзбекистон Министрлар советининг раиси лавозимидан озод этилиб, республиканинг энг қолоқ чўл ҳудудида жойлашган Тошкент вилояти Боёвут туманидаги “Боёвут – 2” совхозига директор қилиб юборилди.
У мана шу шароитда ҳам бениҳоя катта ғайрат билан иш бошлади. Она заминга меҳр, қишлоқ хўжалигини бошқариш, деҳқончилик технологияси, шўр ювиш, ер унумдорлиги устида ишлаш, суғоришни ихтисослаштиришнинг алломаси бўлиб кетган Усмон ота ҳафталаб оёғидан этик ечмасдан “Боёвут –2” (кейинчалик унга “Боёвут – 4” совхози ҳам қўшиб берилди) совхозида меҳнат қилди. 8 йиллик заҳматлари уни яна ва яна она Замин тупроғига боғлади. Қақроқ дала-даштларда боғу роғлар барқ ура бошлади. Мўл-кўл пахта ва ғалла хирмонлари қад кўтарди. Бу орада Боёвут республикада энг илғор хўжаликка айланди. Совхознинг пахта етиштириш тажрибаси халқаро миқёсда тажриба мактабига айланди. Шундан сўнг унга Янгийўл туманидаги “Халқобод” агросаноат бирлашмасининг раҳбарлиги топширилди. Бу лавозимда ҳам жонбозлик кўрсатиб, то умрининг охиригача эл-юртимизга садоқат билан хизмат қилди.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5598-сонли Фармойишига асосан, Республика “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан 2020 йилда Боёвут туманида Усмон Юсупов музейи ташкил этилди, ОТА нинг бюсти ўрнатилди. 10 гектарли жойда Усмон Юсупов боғи барпо этилди.
Янгийўл шаҳридаги Усмон Юсупов музейи қайта таъмирдан чиқарилди. Янгийўл туманида ҳам Усмон Юсупов номли боғ барпо этилди. ЎзМТРК нинг “Маҳалла” канали ижодкорлари томонидан Усмон Юсупов хотирасига бағишланган “Инсон азиз” номли телефильм яратилди.
Атоқли давлат раҳбари Усмон Юсупов ҳаётини, сиёсий фаолиятини ўрганган ёшлар қалби шундай боболари ўтганидан фахру ғурурга тўлади. Зеро, улуғларимиз босиб ўтган ғоят оғир, машаққатли йўлларини унутишга ҳаққимиз йўқ. Очлик, қашшоқликнинг ўпқонидан бутун бир халқни омон олиб чиқиш, яхши кунларга одамларни ишонтириб, каналлар қазишга, йўллар қуришга, пахтазору ғаллазорлар, боғу роғларни барпо этишга, мактаблар, кутубхоналар, ҳатто уруш вақтида театру кинотеатрлар қуришга, эзгуликка руҳлантиришга қодир раҳбар ҳамма давлатларнинг пешонасига ёзилган эмас.
Усмон Юсупов ўз даврида улуғ халқимизнинг улуғ Йўлбошчиси бўла олган эди.
Шароф Убайдуллаев,
“Нуроний” жамғармаси республика
Бошқаруви раисининг 1-ўринбосари, фахрий журналист.