Уста Дўстёр шоирни ёд этиб…

Бахшичилик қадим санъат турларидан бўлиб, халқимиз маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисмларидан ҳисобланади. Бугунга қадар кўплаб достонлар, бир-биридан гўзал асарлар халқ бахшилари томонидан маромига етказиб куйлаб келинмоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилнинг 1 ноябрь кунидаги 3990-сонли “Халқаро бахшичилик санъат фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги ва 2019 йилнинг 15 май кунидаги 4320-сонли “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорларининг қабул қилиниши билан Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ҳар икки йилда ўтказилиши йўлга қўйилди. Бу, ўз навбатида, юртимизда бахшичилик санъатини ривожлантириш йўлида ўзига хос тарихий саҳифа очди.

Айни ташаббуслар доирасида Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида китобхонлик фестивали  ўтказилди. Фестивалда  Ҳасан ҳожи Алиев ва Шавкат Бобомурод ҳаммуаллифлигидаги “Уста Дўстёр шоир” номли достонининг тақдимоти ҳам ташкил этилди. Тақдимотда булунғурлик бахши Уста Дўстёр шоир ва унинг халқимиз маданияти ва санъатида тутган ўрни хусусида фикр юритилиб,  у кишига бағишланган достон ҳақида ўзаро фикр алмашилди.

Нурободлик бахшичилик мактаби ёшлари ушбу достонни ўқиб, ёд олиб, дўмбира жўрлигида куйладилар. Достонни бахши-шоир Шавкат Бобомурод ёшларга ўргатиб, устозлик қилиб келмоқда.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан сўнгги ўн йилликда халқимизнинг миллий ўзлиги, қадимий тарихи, тили, унинг ҳаёт тарзи, анъана ва урф-одатларини ўзида мужассам этган бахшичилик санъати, атоқли бахши-шоирларимизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, улар томонидан қолдирилган бой маданий меросни келажак авлодга  етказиш, ушбу ноёб санъатни  асраб-авайлаш ва ривожлантириш бўйича мамлакатимизда  тизимли ишлар амалга  оширилмоқда. 2022 йилнинг 15 декабрида юртимизнинг атоқли бахшиси Фозил Йўлдош ўғли  таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Нуробод туманидан таклиф этилган бахши-шоир  Шавкат Бобомурод  билан танишдим.  Шавкат бахши билан бобомиз Уста Дўстёр бахши ҳақида суҳбатлашдик ва у киши ҳақида  достон яратишга киришдик, — дейди “Уста Дўстёр шоир” достони муаллифларидан бири Ҳасан ҳожи Алиев.

Муаллифлар “Уста Дўстёр шоир” номли достонни ёзишга киришишдан аввал бахши бобо ҳақидаги маълумотларни жамладилар. Бу жараёнда бахшичилик тарихи ҳақидаги китоблар билан танишиб, Уста Дўстёр шоирни танийдиган ёши улуғ кексалардан сўраб-суриштирдилар. Булунғур туманидаги, Самарқанд вилоятидаги ва Тошкент шаҳридаги архивлар, шунингдек, ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтлари ҳамда кутубхоналардан ҳужжатлар тўпладилар. Шунингдек, асарни яратишда ЎзФА академиги, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўра Мирзаевнинг 1979 йилда чоп этилган “Халқ бахшиларининг эпик репертуари”, 1980 йилда эълон қилинган “Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди” китоблари ва яна қатор олимларнинг тадқиқот ишлари жуда қўл келди.

Дўстёр Хўжаёров (Уста Дўстёр шоир) 1868 йилда  Самарқанд вилояти Булунғур туманининг Лойқа Ўрай қишлоғида туғилган. Уста Дўстёр шоир аждодлари касби бўлмиш дурадгорлик билан шуғулланган. Доира, дутор, рубоб, дўмбира миллий чолғу асбобларини ҳам ясайди.  Қўбиз оҳангига мафтун бўлиб, бахшичилик йўлига киради. Унинг ёғочни сайратадиган чолғу асбоблари ясашини эшитган бахши, оқинлар Уста Дўстёр бободан соз ясаб беришини илтимос қилиб кела бошлашади. Улар орасида машҳур бахши Фозил Йўлдош ўғли ҳам бор эди. Уста Дўстёр бобо дўсти Фозил Йўлдошга ўзи мўъжазгина, аммо овози баланд дўмбира ясаб беради. Уста Дўстёр бобо “Бахшиларнинг устаси — усталарнинг бахшиси” деган эътирофга эришиб, эл-юртда ҳурмат-эътибор қозонган эди.

— Керакли маълумотлар тўплаб бўлингач, бахши-шоир Шавкат Бобомурод билан ҳамкорликда бобомиз ҳақидаги достонни ижод қилдик. Фарзандларим, невараларим, чевараларим, шундай шоир-бахши бобонгиз борлигидан фахрланинг, шуларга муносиб, халққа, Ватанга хизмат қиладиган ўқимишли, билимли инсон бўлиб улғайинг, — дейди достон муаллифи — Уста Дўстёр бахшининг авлоди бўлган Ҳасан ҳожи Алиев китобнинг кириш қисмида.

Дарҳақиқат, аждодлар сабоғи — ақл қайроғидир. Уларнинг шонли ва шарафли ҳаёт йўлини ўрганиб, бебаҳо ҳикматларидан хулоса чиқарар эканмиз, бахтли авлод сифатида камол топишимиз шубҳасиз.

Майсара Назарова. 

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan