– дейди Янгийўллик иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Нодир ота Мансуров

Инсон умрини оқар сувга ўхшатишади. Кўз очиб-юмгунча мен ҳам бир аср яшаб қўйибман. Тошкент вилояти Янгийўл тумани ва Янгийўл шаҳридан иккинчи жаҳон урушига сафарбар этилган ўн тўрт минг одамдан айни кунда бир ўзим қолдим.

Бугунги фаровон кунларга етиб келгунча жуда кўп машаққатли кунларни кўрдик. Отам қошлари қалин, елкадор, бақувват, юз-кўзи нурли ва кўркам, мўйлови ўзига ярашган барваста киши эди. У уста миришкор деҳқон бўлиб, умр бўйи деҳқончилик билан шуғулланди. Онам туманда, фронт ортида колхозчи бўлиб ишлаб, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан, оғир ва машаққатли меҳнат қилди. Чеҳраси очиқ, кенгфеьл, сабрли, юзидан нур ёғилган, ширинсўз, юзида машаққатли йилларнинг чуқур излари акс этган, тиниб-тинчимас аёл эди.

Болалигимдан қишлоқ ҳаётининг машаққатларини ўз гарданимда ҳис қилганман. Ёшлик йилларида турли юмушларга эрта жалб қилинган эдик. Етти ёшимда мактабга борганман. Тўққиз ёшимда, 1935 йили отамдан ажралиб қолганмиз. Шунда турмушимизда оғир кунлар бошланган. Оилани боқиш акамнинг зиммасида, мактабимиз масжиднинг ёнидаги 44-мактаб эди.

1941 йилда уруш бошланиб, осуда ҳаётимиз остин-устун бўлиб кетди. Аввалига номинг ўчгур уруш узоқ жойларда бўляпти-ку, деб бироз хотиржам бўлдик. Лекин тез орада урушнинг зиён-заҳмати бизгача етиб келди. Ўзбекистон бўйлаб ялпи чақирув эълон қилинди. Акамга ҳам чақирув қоғози келди. Акам уйланган, икки фарзанди бор бўлгани сабаб, хеч иккиланмасдан Ватанни ҳимоя қилишга отланди. Эсимда, ўшанда поезд одамлар билан тўла эди. Ҳамма яқинларига сўнгги бор қарар, қадрдонларидан кўз узолмас, вагонлар эшигидан тинмай қўл силкитиб туришарди. Йиллар ўтди, лекин акамнинг дараги бўлмади. Урушдан на бир хат, на бир хабар келди. Шу кетганича уйга қайтмади. Эркаклар фронтга жўнатилганлиги сабабли, деҳқончилик, завод ва фабрикалардаги ишлар, асосан, аёллар ва болалар зиммасида қолганди. Уруш йиллари озиқ-овқат маҳсулотлари кам бўлиб, аҳоли тақсимот тизими асосида яшашга мажбур бўлди.

Акам урушга кетгач, оила масъулияти менинг зиммамга тушди. 1941-1944 йилларда ўқишни ташлаб, колхозда, оқсоқол Умарали ота бригадасида ишлаганман. Ўқишга вақт, имкон бўлмай қолди.

Ниҳоят, 1944 йилнинг ноябрь ойида мени ҳам урушга чақиришди. Ўша пайтда 18 ёшда эдим. Ҳарбий хизматга кетиш олдидан икки ой давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтдик. Бизни дастлаб Самарқанддаги ҳарбий полигонга жўнатишди. У ерда сапёрлик, жанговар тактика ва қурол ишлатиш бўйича машғулотлардан ўтдик. Бизнинг авлод уруш тугашига яқин жангга кирди. 1945 йилнинг январь ойида Шарқий фронтга жўнатишди. Қишда Польша ҳудудига етиб келдик. Мен 209/30 снайпер полкида оддий аскар-ўқчи сифатида хизмат бошлаганман. Бизни жанговар қисмларга тақсимлаш пайтида: “Ким уйида овчилик билан шуғулланган? Ким милтиқ отган?” деб сўрашди. Мен бир қадам олдинга чиқдим. Чунки бобом номдор овчи эди. Йиллар давомида бобом ва бошқа тажрибали овчилардан тўқайда юриш, жониворларни пойлаш, керакли пайтда милтиқ тепкисини босиш каби малакаларни ўзлаштирган эдим. Бизни снайпер бўйича ҳарбий йўриқчи синаб кўрди. Биз бирин-кетин нишонга қарата ўқ уздик. Менинг тўртта ўқим тўртта нишонга бехато тегди. Бошқа аскарлар бундай натижаларга эриша олмадилар. Шу тариқа, мен снайпер бўлиб урушга кирдим.

Илк марта ҳақиқий жангга 1945 йил февраль ойида кирдим. Бу пайтда душман ортга чекинаётган, лекин ҳар бир қадамини қон билан, жон билан тўлашга тайёр эди. Душман артиллерияси бизни шиддат билан ўққа тутар, биз эса тупроқ қазиб, мудофаа чизиғини барпо қилишга ҳаракат қилар эдик. Ўша жангларда ҳалок бўлган сафдошларимни биринчи марта ўз кўзим билан кўрдим. Шарқий фронт жанглари Польша, Венгрия ва Чехославакияда бўлиб ўтарди.

1945 йил январь ойида Польшани озод этиш жангларида иштирок этдим. Бир куни биз етти кишидан иборат гуруҳ бўлиб, душман мустаҳкам ўрнашиб олган бино ичига кирдик. Ҳеч қандай овоз чиқармасликка ҳаракат қилдик. Душман бизни пайқаб қолди ва отишма бошланди. Ўқ отилиши билан бир неча сафдошим ерга қулаб тушди. Шунда мен снайпер милтиғимни кўтариб, ўқ отилган томонга йўналтириб, душман жойлашган манзилни аниқладим. Душман томонда ҳам снайпер бор экан. У ҳам менинг снайпер эканимни сезиб қолди. Бу дуэлда мен ғолиб чиққанман. 1945 йил апрель ойи охирида Берлинга яқинлашдик.

Берлинда уруш ўзининг сўнгги палласига кирган, душман таслим бўлиши аниқ эди. Улар буни билишса ҳам, охиригача курашишга қарор қилишган. 1945 йилнинг 30 апрель куни аскарларимиз Германия парламенти, Учинчи Рейхнинг тимсоли бўлган Рейхстаг биносига бостириб киришди. Ниҳоят, Рейхстаг биноси пештоқига Ғалаба байроғи қадалди. Ҳамма байроққа тикилганча “Ура! Ура!” деб ҳайқирарди.

Ғалабадан сўнг биз даҳшатли урушнинг аянчли оқибатларини бартараф этиш, яъни тозалаш ишлари билан шуғулландик. Мен 1945 йил ёзига қадар 315-снайпер полки, кейин эса 17-танк бригадасида хизмат қилдим.     1946-1947 йилларда Чехославакия ва Германия ҳудудида ҳарбий хизматда бўлдим. 1950 йилларгача Европада уруш оқибатларини бартараф этиш, жойлардаги вайрона ва харобаларни тозалаш ишларида қатнашдим.

Вақтлар ўтди. 1950 йилнинг кузи. Мен ота юртим, жонажон Ўзбекистонга келдим. Лекин, афсуски, урушдан қайтганимда ҳаёт тамоман ўзгариб кетган эди. Болалигим ўтган уй бутунлай бузилган. Рўзғор, тирикчилик деганлари издан чиққан. Қора қозонни ҳар куни қайнатишнинг илож-имкони йуқ эди. Шу оғир кунларда опам менга таянч бўлди. Бир муддат Анорхон опам билан яшадим. Шундай мушкул вазиятда ҳаётимни қайтадан барпо этишга ўзимда куч-қувват топдим.

Тақдир мени татар миллатига мансуб  мовий кўзли, ширин сўзли Амина исмли қиз билан учраштирди. Амина ҳам менинг тенгдошим эди. Урушдан кейинги тикланиш йилларида катта тўй қилишга имконимиз йўқ эди. Фақат мулла чақириб, никоҳ ўқитдик. Тўй-тантана эмас, бир-биримизга бўлган ҳурмат ва садоқат муҳаббатимизнинг безаги бўлди. Амина ақлли ва меҳрибон аёл эди. Ҳар қандай шароитда ёнимда турди.

Йиллар ўтди, лекин бизнинг фарзандимиз бўлмади. Шунга қарамай, ажрашиш ҳақида ҳеч ўйламадик. Бир-биримизга суянч ва таянч бўлдик, ҳаёт машаққатларини бирга, елкама-елка енгиб ўтдик. Аминанинг синглиси, қайнисинглим ўз қизини бизга берди. Уни меҳр билан бағримизга босдик, ўз фарзандимиздек тарбияладик.

Кунлар, йиллар ўтиб, бу қизимизни турмушга узатиш вақти келди. Уни ҳарбий хизматда бўлган йигитга турмушга бердик. Куёвимизнинг иши туфайли улар Озарбайжонга кўчиб кетишди. Орадан йиллар ўтди. Бу орада улар ўз ҳаётларини тўла-тўкис барпо этишди. Фарзандли, уй-жойли бўлишди. Ҳозирда уларнинг ҳам неваралари бор. Байрам ва бошқа кунларда келиб-кетиб, ҳолимиздан хабар олиб туришади. Мен 1950 йилдан 1964 йилларгача консерва тайёрлаш заводида ишладим. Кейин эса 1965 йилдан 1983 йилгача Янгийўл ёғ-мой заводи, 1983 йилдан 1986 йилгача, яъни нафақага чиққунимга қадар “Гидролиз” заводида меҳнат қилдим. Нафақага чиққач, оғир атлетикага оид жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиб туришим умримга умр, соғлиғимга соғлиқ қўшган бўлса, не ажаб?!

2000 йил эди. Ёлғизим, бахтим Аминамни шафқатсиз ўлим ҳаётимдан юлиб кетди. Уни йўқотиш мен учун жуда оғир бўлди. Шу кунлар ичида одамлар мени тинчлантирмоқчи бўлишди. “Вақт — олий ҳакам. Бу кунлар ўтиб кетади”, дейишди. Аммо вақт фақат кунларни ўтказади. Лекин юрагимдаги оғриқни олиб кетмади. Мен уни йўқотдим, лекин у юрагимда ҳали-ҳамон яшайди.

Ҳозир ҳам менинг олдимга ҳол-аҳвол сўрагани нуронийлар, ҳокимлар, маҳалла раислари, қўни-қўшнилар келиб туришади. Меҳрли сўзлари билан таскин-тасалли беришга ҳаракат қилишади. Менга жияним Ҳафиза қарай бошлади. У бедарак кетган акамнинг невараси, акамдан қолган ёдгорим. Мен 30 йилдан ортиқ акамнинг изларини изладим. Турли ташкилотларга мурожаат қилдим, урушда ҳалок бўлганларнинг мозорларини топиш билан шуғулланадиган изтопарлар билан ҳам боғланиб, хабарлашдим. Кейин тушундимки, акам ҳалок бўлган.

Жияним Ҳафиза менга меҳр билан қарайди, у ҳар куни ёнимда. Мана, йигирма беш йил бўлди. Ҳафизанинг оиласи, болалари, неваралари бор. Яқинда уйимизда тўй қиламиз, Ҳафизанинг ўғлини уйлантирамиз. Мен эвара келинли бўламан. Ҳаёт шунақа, бир келиб, бир кетамиз. Ортимизда яхши одамлар қолса, умр бефойда ўтмаган бўлади.

Ҳаётимда кўп мукофотлар олганман. Лекин улар орасида урушда олган мукофотларимни алоҳида қадрлайман. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига мувофиқ, асосан, Ғалабанинг 65, 70, 75, 80 йиллиги муносабати билан юбилей медаллари, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирландим. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин “1941-1945 йилларда Улуғ Ватан урушида қозонилган буюк ғалабанинг 75 йиллиги” юбилей медалини тақдим этди. Бу мукофотлар мени беҳад қувонтиради ва уларнинг ҳар бирини мен ҳаётда эришган юксак марралар, деб аташим мумкин.

Урушни жуда катта фожиа, беаёв ҳалокат ва мислсиз йўқотишлар деб биламан. Шуни англадимки, тинчликдан бошқа муқаддас неъмат йўқ.  Президентимиз маърузаларидан бирида: “Биз Иккинчи жаҳон урушини кўрган юртдошларимиз олдида умрбод қарздормиз!” деб таъкидлаганлар. Бу борада ўзлари алоҳида ташаббус ва саъй-ҳаракат кўрсатиб, Тошкент шаҳрида “Ғалаба боғи”ни бунёд этишга муҳим эътибор қаратдилар. Урушнинг даҳшатли йиллари, бор қийинчилигию суронли ва оловли жангларини ёдга солувчи мазкур обида ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб, буни кўрган ҳар бир инсон қалбида  урушга нисбатан қаҳр-ғазаб ва нафрат, буюк неъмат, бебаҳо тинчликнинг қадрига етиш ва уни сақлаш учун курашиш туйғулари шаклланиши бор гап.

Мана, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 81 йиллиги нишоналанаётган ушбу йилда мен умргузаронлик қилаётган Янгийўл тумани ташкил топганига 100 йил тўлади. Шу дориломон кунлар  учун шукроналар айтар эканман,  ушбу кунлар шукуҳидан биз қатори жангчилар, фронтдош дўстларимиз ҳам баҳраманд бўлганида эди деган армон кўнглимдан ўтади. Уларнинг руҳини шод этиш учун туманимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига бағишлаб, чоғроқ бир кўркам музей ташкил этилса, айни муддао бўлар эди. Шунда урушдан жабр кўрган ва мусибат чеккан не-не оилаларнинг фарзандлари ўз бобокалонлари билан янада фахрланган, инсон қадри улуғланаётган шу юрт учун садоқатлари янада юксалган бўларди.

Юсуп МАМАДИЁРОВ

ёзиб олди.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan