Очиғи, эзгуликни ҳаётининг мазмуни деб билган, эл-юрт равнақи, миллат маданияти ва маърифати йўлида астойдил камарбаста бўладиган фидойи замондошларимизнинг умр йўли ва хайрли амаллари барчага бирдек намунадир. Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Раҳматулла Жаббаров ҳам ана шундай ҳамюртларимиздан биридир. У табаррук 75 ёшида ҳам жамиятимизнинг фаол аъзоси сифатида барчага ўрнак бўлиб келмоқда.

Уни юртимиз жамоатчилиги малакали иқтисодчи, меҳнатсевар ва фидойи инсон ҳамда ўткир қалам соҳиби сифатида яхши танийди ва эъзозлайди. Рахматулла Жаббаров 1951 йил 10 майда Жиззах вилоятининг сўлим Зомин туманида таваллуд топган. Падари бузруквори Мамит Жаббаров ҳамда волидаи муҳтарамаси Жангил Қаробош қизи уни ёшлигиданоқ меҳнатсеварлик, ҳалоллик ва ҳақиқатгўйлик руҳида тарбияладилар. Илмга бўлган иштиёқи сабаб, Раҳматулла ака 1967 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлади ва шу йилнинг ўзидаёқ Тошкент давлат иқтисодиёт университетига (собиқ Халқ хўжалиги институти) ўқишга кирди.

1971 йилда олий даргоҳни муваффақиятли битириб, Мирзачўлнинг бепоён кенгликларини ўзлаштириш, воҳа ободлигига ҳисса қўшишдек шарафли ва машаққатли йўлга чиқди. Раҳматулла Жаббаров 1971-1996 йиллар давомида Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг Сардоба, Арнасой, Дўстлик ва Пахтакор туманларида қарийб ўттиз йил давомида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритди. У қай бир хўжаликда ишламасин, аввало, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва эл дуосини олишга интилди. Иқтисодчи сифатида тўплаган бой тажрибаси кейинчалик Молия вазирлигидаги масъул вазифаларда ҳам қўл келиб, жамоатчилик ўртасида юксак обрў-эътибор қозонишига замин яратди.

Қаҳрамонимиз 2006 йилдан буён  Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси сифатида кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита, Республика Байналмилал маданият маркази, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қуввватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда  МТРК билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар марказ фаолиятининг самарадорлигини таъминламоқда. Шунингдек, республикадаги қозоқ, тожик, туркман, уйғур, рус, украин, турк, яҳудий, татар, арман, польяк ва немис миллий маданий марказлари билан мустаҳкам дўстлик алоқалари ўрнатилган. Ушбу ҳамкорлик доирасида Мустақиллик, Наврўз, Конституция куни, шунингдек, Халқлар дўстлиги ва Бағрикенглик куни каби айёмлар “Ўзбекистон — умумий уйимиз!” шиори остида кенг нишонланиб келинмоқда.

Раҳматулла Жаббаров ташаббуси билан нафақат ўзбек мутафаккирлари — Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур, балки қардош халқларнинг буюк сиймолари Абай, Махтумқули, Абдураҳмон Жомий, Низомий Ганжавий ва А.Пушкин каби ижодкорларнинг хотира тадбирлари мунтазам ташкил этилмоқда. Алоҳида қайд этиш жоизки, Раҳматулла Жаббаров қирғиз халқининг забардаст фарзанди Чингиз Айтматов меросини тарғиб қилишга катта эътибор қаратади. У адиб асарларини ўзбек тилига юксак маҳорат билан ўгирган Асил Рашидов, Суюн Қораев, Акмал Саидов, Иброҳим Ғафуров каби таржимон ва олимларнинг меҳнатини ҳамиша юксак қадрлаб, эътироф этиб келади.

Инсон қадри, аввало, унинг ўз устозларига бўлган муносабатида намоён бўлади. Бу борада Раҳматулла Жаббаровнинг устозлар хотирасини эъзозлаш ва уларнинг меросини тарғиб қилишдаги жонбозлиги алоҳида таҳсинга лойиқ. Айниқса, “Мирзачўлнинг афсонавий қаҳрамони” дея ном қозонган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида кўп йиллар самарали раҳбарлик қилган Саттор Усмонов хотирасига кўрсатилган эҳтиром юксак маънавий ибратдир. 2013 йилда Саттор Усмонов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Зомин туманида ўтказилган хотира кечасига бош-қош бўлиш билан бирга, муаллиф устози ҳақида “Чўл лочинининг синовларда кечган умри” номли салмоқли эссесини нашр эттирди. Ушбу хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида 2023 йилда устознинг 100 йиллик юбилейи кенг нишонланди.

Сана муносабати билан суратга олинган “Зомин бургути” ҳужжатли фильми ва чоп этилган “Икки эл фарзанди” номли ҳужжатли қисса шогирднинг устоз олдидаги чин фарзандлик ва садоқатли шогирдлик бурчининг ёрқин ифодаси бўлди. Шунингдек, Рахматулла Жаббаров 2015 йилда таниқли олим ва адиб Суюн Қораевнинг 90 йиллигини ташкил этишда, 2019 йилда эса академик Акмал Саидовнинг дунёга машҳур адиб Чингиз Айтматовга бағишланган “Феномен Чингиз Айтматова” китобининг Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази томонидан нашр этилишида камарбаста бўлди. Рахматулла Жаббаровнинг фаолиятида Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш марказий ўрин тутади. Унинг раҳбарлигида 2022 йилда Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази ташкил топганлигининг 30 йиллиги юқори савияда нишонланди.

Сўнгги йилларда эса бу анъана янгича мазмун ва кўлам касб этди. Хусусан, 2024 йилда Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоғи, 2025 йилда Мирзачўл туманидаги Гагарин шаҳри, жорий йил 4 апрель куни Тошкент шаҳридаги “Улуғбек” жамғармасида қирғиз халқининг миллий ғурури бўлмиш “Оқ қалпоқ” байрами юксак кўтаринкилик билан ўтказилди. Қирғиз миллий маданиятини ривожлантириш йўлида Сирдарёда “Жан-Жаной”, Жиззахда “Маржон” ансамблларининг ташкил этилиши, шунингдек, “Айчуроқ” телекўрсатувининг йўлга қўйилиши Раҳматулла аканинг миллатлараро тотувлик йўлидаги улкан хизматларидан. Муаллифнинг ижодий мероси ҳам халқлар дўстлиги ғояси билан суғорилган.

Раҳматулла Жаббаров қирғиз халқининг забардаст фарзанди Чингиз Айтматов меросини тарғиб қилишга катта эътибор қаратади. У адиб асарларини ўзбек тилига юксак маҳорат билан ўгирган Асил Рашидов, Суюн Қораев, Акмал Саидов, Иброҳим Ғафуров каби таржимон ва олимларнинг меҳнатини ҳамиша юксак қадрлаб, эътироф этиб келади.

Унинг Республика байналмилал маданият маркази қошида нашр этилган “Признание” тўпламида “Братья” шеъри, “Ўзбекистон — бағрикенг диёр” китобида “Мен икки эл фарзандиман” номли шеъри, “Ўзбекистон — муқаддас Ватан” номли мақоласи, “Ўзбекистон — тинчлик ва тотувлик мамлакати” номли китобда “Она Ватаним Ўзбекистондур” номли мақоласи, “Ягона оилада” журналининг  2013 йил сонида “Энг катта бойлик, энг юксак қадрият” номли мақоласи эълон қилинган ва ўз навбатида, бағрикенгликнинг ўзига хос намунасига айланган. 2023 йилда “Маданият ва маърифат” телеканали томонидан Раҳматулла Жаббаров ҳаётига бағишланган “Бағрикенг диёр” номли туркум ҳужжатли фильмларнинг суратга олиниши, қаҳрамонимизнинг нафақат жамоат арбоби, балки маънавият фидойиси сифатидаги қиёфасини очиб берди.

Раҳматулла Жаббаров ўзининг “Ҳаёт йўлим” ҳужжатли қиссасида шундай ёзади: Ҳар қандай иш қийинчиликларсиз бўлмагани каби мен ҳам ўн йиллик меҳнат фаолиятим давомида турли қийинчилик ва муаммоларга дуч келганман. Уларни бирма-бир санаб ўтишни лозим топмайман. Чунки бу касбда ишлаган ҳар бир инсон яхши биладики, бу меҳнат доимо осон кечавермайди ва ҳар доим ҳам миннатдорчилик билан баҳоланавермайди. Буни шундай изоҳлаш мумкин: сиз текширув ўтказадиган ташкилот ёки корхона раҳбари ўз фаолиятидаги камчиликлар ёки йўл қўйилган қонунбузарликлар очиқланишини ҳеч қачон мамнуният билан қабул қилмайди. Бу эса табиий ҳолатдир. Шу сабабли, текширув жараёнида турли тушунмовчиликлар, норозиликлар, ҳатто босим ва шикоятларга ҳам дуч келган ҳолатлар бўлган. Айрим йирик корхона раҳбарлари дастлаб яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилар, кейинчалик эса турли даражадаги эътироз ва ҳатто пўписаларга ҳам ўтиш ҳолатлари учраган.

Ниҳоят, текширув якуни бўйича тузилган далолатномага имзо қўйишдан бош тортиш, шикоят қилиш каби ҳолатлар ҳам кузатилган. Шунинг учун ҳам бу касб ўта нозик ва жуда катта масъулият талаб қиладиган соҳалардан бири ҳисобланади. Менинг катта отам — тажрибали ҳуқуқшунос Манғит Жаббаров узоқ йиллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида ишлаган инсон сифатида менга қуйидаги мазмунда насиҳат берган эди: “Раҳматулла, сен танлаган ревизорлик касби ўта масъулиятли ва оғир касблардан биридир. Чунки учта касб инсон тақдирига бевосита таъсир қилади. Биринчиси, шифокор, у инсон ҳаётини сақлаб қолади ёки аксинча. Иккинчиси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (прокурор, терговчи, суд), улар инсон тақдирини ҳал қилади. Учинчиси, ревизор, унинг тузган биргина далолатномаси ҳам инсон тақдирига таъсир қилиши мумкин”.

Шунингдек, отам Мамит Жаббаров ҳам менга доимо қуйидагича насиҳат қилар эди: “Раҳматулла, болам, қайси лавозимда ишласанг ҳам, мансабингдан фойдаланиб инсонларга қўпол муомала қилмагин, дўқ-пўписа билан уларнинг шаънига тегмагин. Ҳеч қачон таъмагирликка йўл қўймагин, пора олма. Ва ҳар доим Худони унутмагин” . Мен ушбу отам ва катта отамдан олган панд-насиҳатларга умр бўйи амал қилиб келдим. Бу эса менинг шахсий ва касбий ҳаётимда жуда катта ёрдам берди. Бежиз айтилмаган: “Оталар сўзи — ақлнинг кўзи”.

Раҳматулла Жаббаров маънавий-маърифий соҳадаги фидокорона меҳнатлари, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари учун бир қатор юксак давлат мукофотлари, орден ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 июлдаги Фармонига биноан, “Фидокорона хизматлари учун” ордени, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг Қарорига асосан, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони, 2023 йилда Қирғиз Республикаси  оқсоқоллар кенгашининг буйруғига асосан, “Чингиз Айтматов” ордени, Ўзбекистон Республикаси  Маънавият ва маърифат марказининг “Маънавият фидойиси”,    Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг “Диний бағрикенглик”, “Ўзбекистон — Шанхай” ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси марказининг “Халқ дипломати”, 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг буйруғига  асосан, “Маданият ва санъат фидокори” каби кўрак нишонлари билан мукофотланган.

Шубҳасиз, умр мазмуни фақат яшаб ўтилган йиллар сони билан эмас, балки қолдирилган из ва эришилган натижалар салмоғи билан белгиланади. Бугун 75 ёшни  қаршилаётган Раҳматулла Жаббаровнинг босиб ўтган йўлига назар ташлар эканмиз, унинг ҳар бир босқичи аниқ мақсад ва самарали меҳнатга йўғрилганига гувоҳ бўламиз. Албатта, ортда қолган йиллар иқтисодиёт, миллатлараро дўстлик ва ижод соҳасидаги муҳим ютуқлар, жамият учун хизмат қилган хайрли лойиҳалар билан бойитилган мазмунли бир тарихдир. Фурсатдан фойдаланиб, таниқли иқтисодчи ва ижодкорга бардавом куч-ғайрат, узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, ижодий изланишларида янгидан-янги ютуқлар тилаб қоламиз.

Шароф УБАЙДУЛЛАЕВ,

“Нуроний” жамғармаси республика

Бошқаруви раисининг 1-ўринбосари,

фахрий журналист.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan