узоқ йиллик режалар ва амалий ёндашувлар натижасида аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалмоқда
Қадим Турон, Туркистон, Мовароуннаҳр — мазкур атамалар тараққиёт, уйғониш, цивилизация тушунчалари билан бирга ишлатилади. Сабаби, илм-фан, маданият ривожи айни шу тупроқларда шаклланди, ривож топди. Бу манзиллар бежизга илм-фан ва тамаддун бешиги сифатида эътироф этилмайди. Абу али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Фаробий, Имом ат Термизий, Имом ал Бухорий, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳамад Бобурлар шахси нафақат мазкур ўлка, балки жаҳон цивилизациясига муносиб улуш қўшган алломалар, саркардалар сифатида катта аҳамият касб этади.
Бугун Янги Ўзбекистон ўзининг ана шу қадим илдизларидан маънавий қувват олиб, дунё ҳамжамиятида ўзини тўла намоён этмоқда ва тараққиётнинг янги босқичлари сари дадил одимлаб бормоқда. Бу янгиланишлар жараёнида давр ҳар бир ўзбекистонлик олдига муҳим вазифаларни қўймоқда. Аввало, ҳар бир шахс — касб-кори, ёши, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, янгиланишлар жараёнининг фаол иштирокчисига айланиши, она Ватан олдида дахлдорлик ҳисси ва фуқаролик позициясини пухта англаши лозим.
Ушбу ривожланиш босқичида мамлакатимиздаги ҳар бир соҳанинг камчиликларини таҳлил этилиб, соҳада фаолият юритаётган мутахассислардан ишга сидқидилдан, адолатли ёндашув талаб қилинмоқда ҳамда соҳалар ходимларининг мақбул таклиф ва ғоялари қўллаб-қувватланмоқда.
Хусусан, “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури асосида бутун мамлакат бўйлаб янги давр нафасини ҳар бир хонадонга олиб кириш, камбағал аҳолининг бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жойларда тизимли ташкил этилмоқда. Кекса нуронийлар ва “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида ҳудудларда “маҳаллабай” иш олиб борилмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда камбағаллик даражаси қисқа давр ичида 35 фоиздан 5,8 фоизга тушди.
Иқтисодиёт — мамлакатнинг асосий таянч устунларидан бири. Мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар нафақат аҳолининг иқтисодий барқарорлиги, балки мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятдаги имижига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Жорий йил мамлакатимиз нуфузли “Иқтисодий эркинлик индекси”да 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди. Бу нафақат рейтинг кўрсаткичи, балки мамлакатимизнинг хорижий инвестициялар учун жозибадорлиги, тадбиркорлик муҳити очиқлиги ва ҳуқуқий тизим барқарорлигининг халқаро тан олинишини билдиради.
Ўзбекистон тупроғи унумдор бўлганидан, қир-адирлар катта майдонларни ташкил этганидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чорва молларини кўпайтириш ҳамда наслчиликни ривожлантиришга кенг имконият мавжуд. Бу борада самарадорликка эришиш нафақат халқаро савдо майдонига интеграцияни кучайтиради, балки аҳоли учун хавфсиз озиқ-овқат манбаини ҳам таъминлайди. Бу, давлат ва тадбиркорлар — ишбилармон аҳоли ҳамкорлигида кечадиган жараён бўлиб, юртимизнинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, оилалар фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар доирасида бу тоифадаги аҳолини чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга йўналтириш белгилаб олинган бўлиб, бир неча йиллик тажрибада бунинг ижобий натижа бергани кузатилмоқда.
Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда “маҳаллабай” ишлаш тизимининг йўлга қўйилгани ислоҳотларнинг ҳаётийлиги ва натижадорлигига сабаб бўлмоқда. Аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланиб, маҳаллаларда ободлик, ҳамжиҳатлик муҳити таъминланмоқда. Шу маънода, бугун ижтимоий ўзгаришларнинг фаоллари доирасида, шубҳасиз, кекса нуронийлар ҳам бор ва уларнинг фаолияти маънавий-маърифий тадбирлар билангина чекланиб қолмай, янгиланишларнинг ижрочиларига айланиб бораётгани қувонарли, аслида.
Бу юрт манфаатларига хизмат қилиш билан бирга, ҳаётдан рози бўлиб яшаш ва фаол турмуш кечиришга асос вазифасини ўтамоқда.
Суғдиёна СОБИРОВА.