Юртимиздан етишиб чиққан машҳур давлат ва жамоат арбоблари ўз фаолиятлари давомида, чинакам маънода, фидойилик, мардлик ва матонат намуналарини кўрсатиб эл-юрт фаровонлиги, ватанимиз тараққиёти учун беқиёс ҳисса қўшганлар. Ана шундай олижаноб инсонлардан бири — атоқли давлат арбоби Усмон ота Юсуповдир.
Одатда улуғлар ҳақида гапирамиз, бироқ уларни тарбиялаб, юрт хизматига сафарбар қилган ота-оналари ҳақида кам сўзлаймиз. Аслида мана шундай оқил фарзандни рўйи заминга туҳфа қилганлиги учун уларнинг порлоқ хотираларини тез-тез ёдга олишимиз, ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз лозим.
Нуронийлар ташаббуси билан Қурбон ҳайити байрами арафасида Усмон Юсуповнинг ота-оналари — Юсуф ота ва Ойнисо момоларнинг қабрлари устига хотира ёдгорлиги — мармар тош ўрнатилиб, уларнинг руҳларига дуои фотиҳа қилинди.
Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Қовунчитепа” маҳалласида жойлашган қабристонда ўтказилган хотира маросимида “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидан ташриф буюрган илм-фан ва маданият намояндалари, жамғарманинг Янгийўл тумани бўлими мутасаддилари, фаол нуронийлар, Усмон ота Юсуповнинг жияни Комила Садикова ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Маросимда сўз олганлар Усмон Юсупов, уларнинг ота-оналари — Юсуф ота ва Ойнисо момолар ҳақида ўз хотираларидан сўзлаб, бу каби улуғ инсонларнинг пок руҳларини шод этиш муқаддас инсоний бурч эканлигини таъкидладилар.
Учрашув давомида фахрий журналист Шароф Убайдуллаев “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан чоп этилган академик Азиз Қаюмов қаламига мансуб “Усмон ота” китобини тақдим этиб, ундаги қимматли материалларга тўхталиб ўтди. Ўз навбатида, ушбу асар Усмон Юсупов шахсини ўрганишда ноёб манбалардан бири бўлиб хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
— Биз тарихда яшаб ўтган мана шундай улуғ давлат ва жамоат арбобларининг ҳаёти, фаолиятини пухта ўрганишимиз, уларни ёш авлодга етказишимиз, ёшларни камол топтиришда уларнинг улуғвор ғояларидан фойдаланишимиз, хотираларига ҳамиша юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз зарур, — деди Шароф Убайдуллаев ўз сўзида. — Негаки, эл-юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, келажак авлодларнинг бахт-саодати учун бутун умри, кучини сарфлаган фидойи юрт фарзандлари ҳамиша қадрлашга, эъзозлашга муносибдирлар…
Маросим давомида Юсуф ота ва Ойнисо момоларнинг порлоқ хотираларига ҳурмат бажо келтирилиб, қабрлари устига гулчамбарлар қўйилди.
Шунингдек, учрашувда атоқли давлат арбоби Усмон Юсупов ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш, унинг номини янада абадийлаштириш, тарихдаги улкан хизматларини эътироф этиш билан боғлиқ вазифалар юзасидан ўзаро келишиб олинди.
Маълумот ўрнида: Усмон Юсупович Юсупов 1900 йили 1 мартда Фарғона вилояти Каптархона қишлоғида оддий деҳқон — Юсуф ота ва Ойнисо ая хонадонида туғилган. Ёшлигиданоқ деҳқончилик ишларида отасига кўмаклашган. Анча вақтгача ўқий олмаган. Эски мактабга қатнаган. Ўн тўрт-ўн беш ёшларида оиласи билан аввалги Эски қовунчи, ҳозирги Янгийўл шаҳрига кўчиб келган.
Ўн олти ёшли Усмон Юсупов Кауфман (ҳозирги Янгийўл) пахта тозалаш заводига ишга киради. Жамоада тажриба орттиради.
1925-1934 йилларда Усмон Юсупов ўз иш фаолиятида улкан ташкилотчилик қобилиятини намойиш қилади.
Усмон Юсупов 1966 йил 7 майда Янгийўлдаги уйида вафот этган.
Катта Фарғона канали, бир қанча қишлоқлар, туғилган жойи Каптархонадаги мактаб, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги кўчалар унинг номи билан аталган.
1974 йил 24 июнда Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбекистон халқлари тарихи музейининг қошида Усмон Юсупов уй-музейи ташкил этилади.
Айни пайтда музей фондида 4 мингга яқин ноёб буюмлар сақланаяпти. Музей жойлашган манзилда бу инсон 20 йил умргузаронлик қилган. Мазкур даргоҳдан 1937-1950 йилларда республикамизнинг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган Усмон Юсуповнинг ҳаёти ва фаолиятидан ташқари, яқин ўтмишимиз ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар жой олган.
Майсара Назарова.