Мамлакатимизда “Уч авлод учрашуви” тадбирларини ўтказиш анъанага айланиб улгурган. Мазкур тадбирлар кекса, ўрта ва ёш авлод ўртасида ўзига хос маънавий кўприк вазифасини ўтаб, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда ҳал қилувчи ташаббуслардан бўлмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида улкан ҳаёт ва меҳнат тажрибасига эга бўлган нуроний отахону онахонлар ўрта ва ёш авлод вакилларига ўзларининг олтинга тенг маслаҳат ва тавсияларини бермоқдалар.
Уч авлод вакилларининг навбатдаги учрашуви Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Тадбирни университет ректори Ином Маджидов кириш сўзи билан очиб, уч авлод вакилларининг бир даврада жам бўлиши маънавий давомийликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Учрашувда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев иштирок этди. У ўз нутқида миллий бирлик ва умуммиллий қадриятларнинг жамиятда мустаҳкамланиши бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этаётганини таъкидлаб туриб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва белгиланган стратегик устувор вазифаларнинг ҳаётийлигини таъминлаш фақат давлатнинггина эмас, балки кенг жамоатчиликнинг зиммасида экани, бу жараёнда кекса ҳам, ёш ҳам бирдек дахлдорликни ҳис этиши лозимлигини қўшимча қилди.
Шунингдек, тадбирга меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда университет фахрий профессор-ўқитувчилари таклиф этилди.
Мулоқот давомида ЎзФА академиги Абдулла Аъзамов, таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев ҳамда университетнинг кўзга кўринган олимлари — Мерсаид Арипов, Нигина Шермуҳаммедова, Неъмат Норқулов ва Хуршид Тошовлар сўзга чиқдилар. Улар ўз ҳаёт йўллари, илм-фан соҳасидаги машаққат ва зафарлари ҳақида сўзлаб, талабаларни юрт тараққиёти йўлида фидойи бўлишга чорладилар.
Хусусан, барча соҳада кадрлар салоҳиятини юксалтириш, илм-фан ва маданият ривожига ҳисса қўшиш, боболаримизнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, илм-фан соҳасида халқаро тажрибалардан унумли фойдаланиш тўғрисида ёшларга кўрсатма берилди. Бугун замон суръат билан ривожланаётган ва давр шиддат билан ўзгараётган таҳликали бир пайтда, миллий ўзликни англаш, миллий тамаддун ва тарихни пухта ўзлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Дарвоқе, ёшлар тарбиясида, уларнинг маънавий камолотида донишманд нуронийларнинг бой ҳаёт тажрибасидан фойдаланиш, кексаларнинг эл-юртимиз равнақи йўлидаги узоқ йиллик меҳнат фаолияти билан ёшларни яқиндан таништириш, уларни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик, маърифатпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашни мақсад қилган туркум учрашувлар пировардида ижобий натижа бермоқда. Аввало, катта авлод ўз ҳаётий тажрибаси, урф-одатлар ва қадриятларни ёшларга етказиши ортидан ёшлар тарихий хотира ва маданий меросни чуқурроқ англай бошламоқда. Қолаверса, авлодлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш, ижтимоий бирдамликни кучайтириш, миллий “иммунитет”ни шакллантириш, кексаларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Илҳом АБДУСАЛОМОВ.