Хабарингиз бор, ўтган ҳафта муқаддас Қурбон ҳайити айёми арафасида юртимиз ижтимоий-маърифий ҳаётида тарихий воқеа юз берди. Президентимиз томонидан қабул қилинган икки муҳим ҳужжат — “Мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги ҳамда “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонлар кенг жамоатчилик, айниқса, зиёлилар ва ижод аҳлини тўлқинлантириб юборди. Аҳамиятлиси, бу гал маънавий жабҳамизнинг фидойиларига кўрсатилган эътироф ва эъзоз ҳар қачонгидан-да салмоқли: юксак мукофотларга нақд 137 нафар ижодкор лойиқ кўрилди.

Ва бу ўзининг кўп йиллик самарали илмий-ижодий фаолияти, ёрқин ва бетакрор истеъдоди билан халқимизнинг маданий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтирган, миллий маънавиятимизни бойитган марҳум фидойилар меҳнатига кўрсатилган эҳтиром бўлди. Шу билан бирга, жамиятимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, эзгулик ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш, ёш иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаб, уларнинг маҳоратини рўёбга чиқариш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда фарзандларимизни она юртга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги хизматлари ижодкорларнинг ижтимоий ҳаётдаги чинакам фаоллигидан далолат беради.

Шукронам шундаки, назм, наср ва публицистика жанрларидаги кичик ижодий ютуқларим, кўп йиллик фаолиятим юксак баҳоланиб, давлатимизнинг нуфузли мукофоти — “Дўстлик” орденига муносиб кўрилдим. Ушбу юксак мукофотни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоевадан қабул қилиб оларканман, ўша лаҳзаларда қалбимдан кечган чексиз ҳаяжон ва туйғуларни оддий сўзлар билан ифодалаб бериш мушкул. Боиси, инсон фитратига хос ноёб ва илоҳий жараён бўлмиш ижод маҳсуллари, қалб қўри билан яратган асарларимиз муҳтарам Президентимиз эътирофига сазовор бўлиши кўпчилик қатори менинг ҳам дил қатимдаги энг катта орзум бўлган.

Ўша унутилмас кундан буён шу чоққача касбдошларим, яқинларим ва қадрдон дўстларимдан табриклар келмоқда. Ёзувчилар уюшмасига Сенат раиси Танзила Норбоеванинг уч нафар ижодкор аёл — Шарифа Салимова, Зебо Мирзаева ва камина номига алоҳида табрик хати йўллагани эса қувончимга қувонч қўшди. Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳам ўз табригини етказди. Буларни мақтаниш учун эмас, оқила ва фидойи хотин-қизлар меҳнати, ижодининг юртимизда бундай қадрланиши кўнглимизни тоғдек кўтариши, янги ижодий марралар сари руҳлантиришини алоҳида таъкидлаш учун айтяпман.

Фикримча, адабиёт аҳлининг энг катта бойлиги — муҳаббат, энг катта қувончи — худди фарзандидек азиз бўлиб дунёга келган китоблари, энг буюк шукронаси эса ижодининг эътироф топиши саналади. Бугун ана шундай ҳаяжон ва сурур оғушида ижод аҳлининг қадр-қимматини юксалтиришга эътибор қаратаётган муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорлигимни изҳор этмоқчиман.

Бугунги кунда турфа можаролар, урушлар олови ичида қолган нотинч давлатлар ва таҳликали дунё манзарасини кўриб, тинчликнинг қадрини янада теран англамоқдамиз. Бундай осойишта кунларнинг шукронаси билан қутлуғ истиқлолимизнинг 35 йиллик тўйига пешвоз чиқар эканмиз, ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч туйғуси жўш уриши муқаррар. Мана шундай дориломон кунларда эркин яшаб, ижод қилиш ва юртимиз равнақига оз бўлса-да, ҳисса қўшиш биз, ижодкорлар учун чинакам саодат ва муқаддас неъматдир.

Замира РЎЗИЕВА,

 “Дўстлик” ордени соҳибаси,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan