Навоий вилоятининг Хатирчи тумани бой тарихий ўтмиш ва юксак маданий меросга эга ҳудудлардан. Аждодлар анъанаси бугунги кунда ҳам муносиб давом эттирилмоқда. Ҳозирда туманда 198 мингга яқин аҳоли яшайди. Эътиборлиси, уларнинг 18 минг 804 нафарини 60 ёшдан ошган табаррук кексалар ташкил этади. Хусусан, туманда 1 нафар 100 билан юзлашган, 5 нафар 90 ёш ва 26 нафар 80 ёшдан ошган дуогўй нуронийлар бор. Шунингдек, ҳудудда 26 нафар иккинчи жаҳон уруши фронторти меҳнат фахрийси, 178 нафар афғон уруши қатнашчиси ҳамда 20 нафар Чернобиль фожиаси талафотларини бартараф этишда қатнашган юртдошларимиз эъзоз ва эҳтиромда умргузаронлик қилмоқда.
Хўш, ҳудуднинг бугунги ижтимоий-сиёсий тараққиётида нуронийларнинг ўрни қандай? Хусусан, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари раислари ҳамда фаол отахон-онахонлар ёшлар тарбияси ва маҳаллалар ободлиги йўлида қандай ишларни амалга оширмоқдалар? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Ибодулла ҳожи Мустафоевга юзландик.
— Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарор ва фармонлари, шунингдек, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви топшириқлари ижросини самарали таъминлаш мақсадида тумандаги 70 та маҳаллада яшовчи кекса авлод вакиллари билан тизимли ишлар йўлга қўйилган, — дейди Ибодулла Мустафоев. — Хусусан, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида 2 минг 946 нафар нуроний юртимизнинг диққатга сазовор масканларига юборилган бўлса, 874 нафари муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишди. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишида 682 нафар отахон ва онахон бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур дори-дармонлар билан таъминланди.
Маълумотларга кўра, тумандаги 210 нафар обрўли ва тажрибали нуроний камбағаллик рўйхатига киритилган 1050 та оилага бириктирилган. Уларнинг фаол кўмаги натижасида кўплаб хонадонлар эҳтиёжмандликдан чиқарилди. Ушбу хайрли ишлар изчиллигини таъминлаш мақсадида 2026 йил февраль ойида фаоллар билан қайта шартномалар имзоланиб, реестрдаги янги оилалар билан ишлаш жараёни бошланди. Таъкидлаш жоизки, ўтган йили нуронийлар ташаббуси билан 1 минг 928 нафар кам таъминланган оила фарзандларига 1,4 миллиард сўмдан зиёд қийматдаги ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар берилди.
Ёшлар ва оила масаласи ҳам доимий эътиборда.
Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитини яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 140 нафар нуроний 1 минг 400 нафар уюшмаган ёшга масъул этиб тайинланди. Натижада 124 нафарининг муаммоларига ечим топилди, яна 45 нафари профилактик рўйхатдан чиқарилди. Энг муҳими, 89 нафар “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзоларининг бевосита аралашуви ва маънавий-ахлоқий суҳбатлари натижасида 130 та низоли оила яраштирилиб, ажримларнинг олди олинди.
— Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда оилавий қадриятларни асраш, тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш бўйича кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боряпмиз, — дейди туман нуронийлари оқсоқоли. — Шу мақсадда маҳаллалардаги ҳар бир кўчага тажрибали нуронийлар “кўчабоши” этиб бириктирилди. Улар ижтимоий муҳитни соғломлаштириш ва миллий урф-одатларимизни ибратли тарзда давом эттиришга бош-қош бўлишмоқда.
Жорий йилда туман ҳокимлиги кексаларнинг қўллаб-қувватлашига таяниб, туманнинг ва 10 та мактабнинг 100 йиллик юбилейини кенг нишонлашни режалаштирган. Шунингдек, ҳудудни жадал ривожлантириш бўйича қиймати 152 миллиард сўмлик 13 та йирик лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, Самарқанднинг Нарпай тумани билан чегарадош ҳудудда 70 миллиард сўмлик хизмат кўрсатиш объектлари, Оқдарё соҳилида 6,9 миллиард сўмлик дам олиш маскани; “Ангидон—Лангар” туризм қишлоқлари йўлларини таъмирлаш ва ёритиш ишлари шулар жумласидандир. Келгусида “Сангжумон” маҳалласидаги мўъжизакор “тебранувчи тош”га элтувчи 500 метрли тоғ йўлини таъмирлаш ҳам кўзда тутилган.
Шу ўринда бир гап. Сангжумон қишлоғи яқинидаги улкан гранит харсанг минг йиллар синоатини яшириб келади. Денгиз сатҳидан 800-900 метр баландликда жойлашган бу тошнинг айланаси 19, диаметри 9,5, баландлиги эса 6 метрни ташкил этади. Оғирлиги тахминан 270 тонна. Унинг мўъжизаси шундаки, улкан харсанг ердан ўсиб чиққан табиий супа устидаги кичик бир нуқтада (диаметри 50-60 см.) мувозанат сақлаб туради. Уни ҳар қандай одам, ҳатто ёш бола ҳам енгил ҳаракат билан тебратиши мукин. Маълумотларга кўра, бундай тебранувчи тошлар дунёда атиги учта бўлиб, қолган иккитаси Аргентина ва Исроилда жойлашган.
Мутахассислар Сангжумон тошининг ҳажми ва шакли жиҳатидан уларнинг энг ноёби деб эътироф этишади. Шунингдек, яқин атрофда бургут қанот ёзиб қўнаётганини эслатувчи яна бир улкан тош бор. Унинг остидаги кичик тешик халқ орасида одамларнинг “гуноҳларини ўлчайдиган” рамзий синов макони ҳисобланади. Ижодий сафаримиз давомида “Сангжумон” маҳалласидаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари Жамолиддин Абдуазимов билан суҳбатлашдик. Маҳалладаги 2045 нафар аҳоли орасида 87 нафар нуроний бор. Улардан бири 74 ёшли Махфират ая Бенгматова ўз уйида 200 дан ортиқ ноёб экспонатни жамлаган тарихий музей ташкил этган.
Музейдаги Алишер Навоий бюсти, XIX асрга оид телефон, қадимий ёғоч пианино ва XVI аср соатлари кишини ҳайратга солади. Нуронийлар маҳалла аҳолисининг бандлигини таъминлашда ҳам ташаббускор. Жамолиддин Абдуазимов масъуллигида камбағал оила вакиллари йирик фермер хўжаликларига бириктирилиб, қўй-эчки боқиш орқали барқарор даромадга эга бўлди. Тикувчилик ҳунари бор аёллар ҳоким ёрдамчиси кўмагида зарур жиҳозлар билан таъминланди. Пачирлик Маҳмаёқуб Исоқов эҳтиёжманд оилаларга ўрмон хўжалиги ҳудудидан ер олиб бериб, боғ яратишларига кўмаклашди. Нурота тоғ тизмаси этагидаги “Оқтепа” маҳалласида эса 160 нафар нуроний истиқомат қилади.
Уларнинг энг кексаси — 100 ёшли Маман бобо Бобоназаров ҳамон бардам ва дуогўй. Туманнинг энг чекка ҳудуди — “Мирдош” маҳалласида ҳам нуронийлар фаоллиги сезиларли. Фахриддин Барнаев ва Эшмамат ҳожи Нурмуродов каби фаоллар бириктирилган оилаларга тикув машиналари олиб бериш, чорва фермаларига ишга жойлаштириш ва боғдорчиликка жалб этиш орқали камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшишмоқда.
Ҳа, Хатирчининг тоғолди қишлоқларида ёшлар учун иш ўринлари кам бўлса-да, ҳаёт тажрибасига эга нуронийларнинг “Қимирлаган қир ошар” нақлига амал қилиб, кўрсатаётган саъй-ҳаракатлари ҳудуд ривожига янги суръат бағишламоқда. Мана шундай фидойи инсонлари бор юртнинг эртаси ҳамиша фаровон бўлишига шубҳа йўқ.
Худойберди НАВРЎЗ,
“Нуроний” мухбири.