Наманган вилояти,  шаҳар ва туманлар бўлимлари раисларидан иборат отахону онахонлар жамоаси пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар.

— Бу мажмуа аслида оламшумул лойиҳа, — дейди “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов. — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2018 йили Рамазон ҳайити куни пойдеворига тамал тоши қўйилган ушбу мажмуа бугун ҳамюртларимиз ва бутун дунёдан келаётган сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий-маърифий ва диний-маънавий инфратузилманинг янги инновацион шаклини ўзида мужассам этган халқаро платформа бўлиб, унинг асосий вазифаси — буюк аждодлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” ғоясини оммалаштириш ҳамда халқимизнинг ўтган давр ва Янги Ренессанс замонидаги ютуқларини чуқур тадқиқ қилишдан иборат. Биз ҳам бу ерда олган таассуротларимизни ҳар лаҳзада ўз туманимиз, ўз ҳудудимизда тарғиб-ташвиқ қилишимиз, кенг аҳоли, айниқса, ёшларимизга етказишимиз лозим.

Пойтахтнинг тарихий Қорасарой кўчасида, ўрта асрлар “Самарқанд — Ҳирот” меъморчилик услубида қад ростлаган Марказ биноси 10 гектарга яқин майдонда жойлашган. Марказ биносининг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар бунёд этилган, ўртада 65 метрли маҳобатли гумбаз қурилган. Марказ биноси тарихий обидаларга уйғун шаклда бунёд этилган. Гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ўзаро уйғунлиги унга алоҳида кўрк ва салобат бағишлаган.

Нуронийлар мажмуадаги бир-биридан қимматли маълумотлар ва экспонатлар билан танишар эканлар, ўз ҳайратларини яширмадилар. Келажакда бу марказ дунё мўъжизаларидан бирига айланишига шубҳа қилмадилар.

Ислом цивилизацияси марказида  илмий-тадқиқот бўлимлари, нодир қўлёзмалар миллий реестрини юритиш бўлими, қўлёзмалар фонди, кутубхона ва архивлар, халқаро бўлим, зиёрат туризми, манбашунослик ва нашриёт фаолияти бўлимлари, марказ биносида эса маълумотларни рақамлаштириш ва реставрация лабораториялари, устахоналар, артефактлар ва қўлёзмалар учун изоляторлар, қўлёзмалар ва қимматли нашрларни таржима қилиш ва кодлаш бўлимлари, музей экспонатлари ва нодир қўлёзмалар фонди жойлашади.

Биринчи қаватда 15000 квадрат метр майдонни эгаллаган кўргазма-галерея бўлиб, унда турли тарихий даврларга оид буюмлар ва артефактлар намойиш этилади, аждодларимизнинг ижодий салоҳияти замонавий технологиялар ва рақамли қурилмалар ёрдамида ёритилади.

Иккинчи қаватда эса 100000 дона қўлёзма ва литография, бир миллиондан ортиқ китобларни ўз ичига олган улкан кутубхона жойлашади. Шунингдек, мазкур қаватда Ислом цивилизацияси марказининг илмий бўлими ва халқаро ташкилотларнинг офислари ҳам иш олиб боради.

— Марказнинг музей экспозицияси “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон — XX асрда”, “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори”, “Қуръони карим” залларидан иборатлиги бизни лол қолдирди, — дейди “Нуроний” жамғармаси Поп тумани бўлими раиси Низомиддин Аброров. —   Ушбу бўлимлар юртимиздаги цивилизация ривожланишининг турли даврларини акс эттириши билан янада аҳамиятли.

Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилади. Уларда улуғ аллома ва мутафаккирларимиз ҳамда уламоларимизнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилади.

Дарҳақиқат, мазкур мажмуа нафақат ўзидаги ноёб маълумотлару осори атиқалар, балки  унинг замирида шаклланган чуқур ва мустаҳкам илмий асос, тадқиқот муҳити билан ҳам ҳали жаҳон мўъжизаларидан бирига айланишига асло шубҳа йўқ.

Баҳодир Валиев.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan