— дейди косонсойлик исмоиловлар

Оила ҳам кичик давлат, дегани. Унинг ўз ютуғи, қувончли куни, ойнинг ўн беш қоронғисида эса камчилиги, синовли дамлари бўлади. Муҳими — ишонч, садоқат ва сабр. Бугун кайвониликка эришган, ярим асрдан зиёд бирга турмуш кечираётган пиру бадавлат отахон-онахонларимиз ҳаёт йўлига назар ташласак, ана шу ҳақиқатга яна бир бор иқрор бўламиз.

Замонамизда шундай инсонлар борки, уларнинг босиб ўтган йўли ҳақида сўз кетганда, бир хонадон тақдири эмас, балки бутун бир давр тарихи кўз олдимизда гавдаланади. Улар кечаги машаққатли йиллар ва бугунги фаровон кунлар фарқини яхши англайдилар. Косонсой туманидаги “Тагижар” маҳалласида яшовчи Ҳожихон Исмоилов ва Фароғатхон Ёқубова ана шундай ибратли авлод вакиллари.

Бу йил ушбу хонадон вакиллари аҳил турмуш қурганларининг 50 йиллигини — “Олтин тўй”ларини нишонламоқда. Саксон ёшни қарши олган Ҳожихон ота ҳамда у кишининг садоқатли умр йўлдоши Фароғатхон опа нафақат оила, балки эл-юрт эъзозида. Бугунги ёшлар учун кўп нарса тайёрдек ва оддий туюлиши мумкин: равон йўллар, шинам уйлар, узлуксиз электр ва газ таъминоти, интернет ҳамда замонавий қулайликлар… Аммо бу фаровонлик ўз-ўзидан келгани йўқ. Унинг пойдеворида  қанча машаққатли меҳнат ва беқиёс матонат мужассам. Исмоиловлар буни ёшларга доимий уқтириб келади. Ҳожихон ота меҳнат фаолиятини ҳайдовчиликка бағишлаб, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида эл хизматида бўлди. Фароғатхон опа эса йиллар давомида кутубхоначи сифатида маҳалладошларини китоб ўқишга, маърифатга чорлади. Шу билан бирга, пахта далаларида меҳнат қилиб, ипак қурти парваришлаб, оила ва жамият фаровонлигига муносиб ҳисса қўшди.

Ўша йилларда ҳаёт енгил эмасди. Қишнинг совуғи-ю ёзнинг жазирамасига қарамай, елкама-елка қилинган ҳалол меҳнат хонадонга барака, фарзандлар тарбиясига эса мустаҳкам асос бўлди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қишлоқлар қиёфасининг ўзгариши ва ёшларга яратилаётган имкониятлар замирида ҳам, энг аввало, оилавий барқарорлик ётади.

Исмоиловлар хонадонида уч ўғил ва уч қиз меҳнатсеварлик, ҳалоллик ҳамда меҳр-оқибат руҳида тарбияланди. Бугунги кунда отахон ва онахон ўттиздан зиёд невара-чеваранинг меҳри, эътибори ва ардоғида умргузаронлик қилишмоқда. Бу — ҳалол ва мазмунли кечган умрнинг энг гўзал меваси эмасми?!

— Қўша қариш — Яратганнинг инсонга берган энг улуғ саодати, — дейди Фароғатхон Ёқубова. — Оила мустаҳкамлиги ҳақидаги азалий қадриятларимиз, ота-боболаримиздан қолган мезонлар ҳеч қачон ўз кучини йўқотмайди. Рўзғорнинг кам-кўстига сабр қилиб, борига шукрона келтирдик, яхшисини ошириб, ёмонини яшириб яшадик. Энг муҳими, ҳаётнинг ҳар қандай синовида бир-биримизга суянчиқ ва елкадош бўла олдик. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, турмушда турли фасллар, иссиқ-совуқ кунлар бўлади. Аммо арзимас кўнгилсизлик ёки рўзғорнинг вақтинчалик камчилиги сабаб бир-биридан юз ўгириш — оилавий масъулиятни англамасликдир. Бизнинг давримизда “оила” дейилганда, энг аввало, сабр ва оқибат тушуниларди. Ҳа, оилани муҳаббат барпо этса, уни сабр ва ўзаро ҳурмат ушлаб туради. Рўзғор — сабр-тоқат талаб қиладиган катта майдон. Тоқатли бўлган, оилавий қадриятларни муқаддас билган хонадондагина қут-барака, тинчлик-тотувлик ва қўша қариш бахти бардавом бўлади.

Албатта, шиддатли ахборот оқими ва турмуш суръати ошган ҳозирги даврда ёшларимизга сабр, бағрикенглик ва оилавий масъулиятнинг аҳамиятини англатиш жуда муҳим. Нуронийларимиз ҳаёти шуни кўрсатадики, инсон ортидан қоладиган энг катта бойлик — эзгу ном, одоби билан эл оғзига тушган фарзандлар ва халқнинг дуоси. Ана шундай ибратли хонадонлар, дуогўй нуронийларимизни эъзозлаш ва уларнинг ҳаёт тажрибасини ёшларга етказишда нуронийларимиз ва жамоатчилик вакилларининг ўрни беқиёс. Зиёлиларимиз ва маънавият фидойилари зиммасидаги энг муҳим бурч эса ана шу маънавий меросни авлоддан-авлодга асраб-авайлаб етказишдан иборат.

Мунаввар СУБАНОВА,

“Нуроний” жамғармаси Косонсой тумани бўлими мутахассиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan