Болалигимдан онам бизга бобом ҳақида кўп гапириб берарди. Тўғриси, у пайтлар буни оддий оилавий ҳикоя деб эшитардим. Лекин яқинда улар сарғайган қоғозга ёзиб қолдирган хотираларини ўқиб чиқдим-у, тасаввурим тамомила ўзгарди.

Кўз ўнгимда оғир меҳнатдан дийдаси қотган, урушнинг энг қора кунларини кўрган ҳақиқий инсон тақдири турарди. Бобом урушда асир тушган. Қозоғистоннинг Жезқазған конларида, ер тубида, қоп-қоронғу ва совуқда азоб чеккан.

Очлик, оғир жисмоний меҳнат ва тинкани қуритадиган аёз одамларни тирик мурдага айлантиради. Бобом хотираларида бир воқеани ёзиб қолдирибди:
«Конда ишлаётганимизда бир маҳбус ҳолдан тойиб йиқилди. Назоратчилар эса унга раҳм қилиш ўрнига, бақириб, тепкилай бошлашди. Ўзим ҳам зўрға оёқда турган бўлсам-да, чидаб тура олмадим. Бориб, уни елкамдан суяб, ўрнидан турғиздим…»

Орадан йиллар ўтиб, тақдир уларни яна учраштирганида, ўша инсон йиғлаб: «Сиз ўша куни мени фақат йиқилишдан эмас, ўлимдан, умидсизликдан асраб қолгандингиз», деган экан. Бобом эса буни ҳеч қачон қаҳрамонлик деб ҳисобламаган, шунчаки инсонийлик деб билган.

Мени ҳайратга солган нарса — шунча аччиқ азоб, очлик ва қийноқларни кўрган одам қандай қилиб қалбини тошга айлантирмасдан, меҳрли бўлиб қола олгани. Уруш одамларнинг уйи, соғлиғи ва яқинлари, хотираларини тортиб олади. Лекин бобомнинг ички кучи, одамийлигини енга олмади.

Ўша даҳшатлардан кейин ҳам у киши уйига қайтиб, тиконзордан боғ яратди, одамларга фақат яхшилик улашди. Бугун тинч ҳаётда яшаб, баъзан арзимаган муаммолардан нолиб қоламиз. Шунда бобомнинг хотиралари кўз олдимга келади.

Ўзимга савол бераман: мен у кишининг ўрнида бўлсам, шунча синовга чидармидим? Синмасдан, одамларга меҳр билан қарай олармидим? Балки бу саволларга ҳозир жавобим йўқдир. Лекин бир нарсани аниқ биламан: мен умр бўйи бобомдек қатъиятли ва самимий инсон бўлишга интиламан.

Бизга мана шундай яшаб ўтилган ибратли умр энг катта сабоқ бўла олади. Қўлларим дуога очилганда, Яратгандан фақат бир нарсани сўрайман: бобомнинг охиратлари обод бўлсин, жойларини жаннатдан қилсин. Бизга эса уларнинг номига ва қолдирган пок хотирасига муносиб авлод бўлиш насиб этсин.

Райҳон ОБЛОҚУЛОВА,
Ўзбекистон Миллий университети 1-босқич талабаси

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan