Одамлар турли хасталикларга қарши эмлашга одатланиб қолишган. Бироқ эмлашнинг, айниқса, чечакка қарши эмлашнинг кашф этилиши тиббиёт тарихидаги энг катта ютуқ эканини ҳамма ҳам билваермайди.

Тарихдан маълумки, чечак касаллиги оммавий эпидемияларни юзага келтирар,  оилаларни парчалар, одамларнинг юзларида умрбод чандиқлар қолдирар ва жамиятларда катта қўрқув уйғотарди.

Касалликни дунё бўйлаб йўқ қилиш кампаниясининг сўнгги босқичларида “икки учли игна” деб аталадиган махсус асбоб ишлатилган. Бу кичик икки учли игна вакцина суюқлигига ботирилиб, одатда қўлнинг юқори қисмига бир неча марта босиб қўлланилган. Мақсад — терида назорат остидаги иммун жавоб ҳосил қилиш эди. Чечак вирусига яқин, аммо ундан хавфсизроқ вирус ёрдамида эмланган жойда кичик яра  —  аввал қизариш, кейин пуфакча, ундан сўнг қобиқ ҳосил бўларди. Қобиқ тушиб кетгач эса, ўрнида кичик доимий из қоларди. Бу из чечак касаллигининг изи эмас, балки организм ўзини ҳимоя қилишни ўрганганининг белгиси эди.

Ҳақиқий чечак касаллиги қолдирадиган излар эса анча оғир бўлган. У юз ва танада чуқур чандиқлар қолдириши, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин эди. Узоқ йиллар давомида бу кичик думалоқ из гўё “ҳимоя муҳри” вазифасини бажарган. У инсон дунёдаги энг қўрқинчли касалликлардан бирига қарши иммунитет ҳосил қилганини билдирарди.

1980 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) чечак касаллиги дунё бўйлаб бутунлай йўқ қилинганини эълон қилди.

Бу ютуқ шифокорлар, ҳамширалар, тиббиёт ходимлари ва дунёнинг энг олис ҳудудларигача етиб борган улкан эмлаш кампаниялари натижаси эди. Шунинг учун ўша кичкина из шунчаки чандиқ эмас. У соғлиқни сақлаш тизимида инсоният эришган энг буюк ғалабалардан бирининг рамзи сифтида эътироф этилади.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan