— дейди етмиш икки ёшли отахон

Таҳририят — жуда кўп кўнгил кечинмаларига гувоҳ даргоҳ. Аввал мактублар йўллашарди, энди эса қўнғироқлар турфа тақдирлар ҳикоясини сўзлайди…

Етмиш икки ёшли Зоҳиджон ака (исми ва манзилларини тўлиқ ёзмаслигимизни илтимос қилди) билан суҳбатлашар эканмиз, унинг бошдан кечирганлари ва мулоҳазалари балки кимларгадир сабоқ бўлар деган умидда қоғозга туширдик…

— Умрим бўйи яхши лавозимларда ишладим, кўп пул топдим, — дея сўз бошлади ота маҳзун оҳангда. — Аёлим ҳам меҳнаткаш эди. Жойи жаннатда бўлсин, саккиз йил аввал бандаликни бажо келтирди. У билан жуда яхши яшадик, мени ҳамиша қўллаб-қувватлади, рўзғоримизнинг борини ошириб, йўғини яширди. Ёшликдаги орзуларимизнинг деярли барига етдик. Уч ўғил, бир қизни улғайтирдик. Уйлаб-жойладик. Набиралар кўрдик. Аммо уларнинг роҳатини кўрадиган пайт келганида, аёлим мени бу ҳаётда ёлғиз ташлаб кетди. Мен ўша пайтгача болаларимга яхши тарбия берганман, уларни ҳеч нимадан кам қилмай ўстирдим, ўқитдим, яхши ишларга жойладим, уйли-жойли қилдим, қариганимда хизматимда бўлишади, деб ўйлар эдим…

Қўлимда пулим борлигида, ишлаб юрган пайтларимда катта ҳаваслар билан учта оила учун ажратилган ерни сотиб олдим. Болаларимга бир хил қилиб замонавий иморат солдим, ҳатто дераза, дарвозаларигача бир хилда ўрнатдим. Бирин-кетин ўғилларимни уйлантирдим. Ҳозир болаларим бир маҳаллада қўшни бўлиб яшашади. Маҳалла-кўй уларга ҳавас қилади. Болаларим ҳаммалари алоҳида яшаганлари учунми, улар орасидан гап-сўз ўтмади. Ёлғиз қизимизни ҳам узатдик. Лекин ўртамиёна яшайдиган хонадонга келин бўлгани сабабли қизимнинг талаби билан куёвимга ҳам шаҳарнинг ўртасидан ҳовли-жой олиб, уй қуриб бердим.

Болаларимизнинг ҳаётидан энди кўнглимиз тўқ, деб турганимизда тўсатдан аёлим вафот этди. Бирданига кўтарилиб кетган қон босими уни ҳаётдан эрта олиб кетди.

Маъракаларни ўтказганимиздан кейин ўғилларимнинг бари ўз уйларига чиқиб кетишди. Ҳеч йўқса биттаси, ҳатто кенжам отамизни ёлғизлатиб қўймайлик, деб ўйламади. Катта ҳовлида бир ўзим сўппайиб қолдим. Барака топишсин, келинлар ҳар куни бир косадан овқат олиб чиқишади, навбати билан уйларни тозалаб, кийимларимни ювиб беришади. Лекин ёлғизлик ёмон экан, буни нафақага чиққанимдан кейин янада яхшироқ англай бошладим.

Олти йилни шундай ўтказдим. Бир куни болаларимни тўплаб, уларга мақсадимни айтдим. Бир яхши аёл бўлса, уйланаман дедим. Мен минг андиша билан айтган гапимга хайрихоҳлик билан жавоб беришади, деб ўйлагандим. Йўқ, уларнинг ҳаммаси бири қўйиб, бири қаршилик билдиришди. Мен бундай гапни айтишдан уялишим керакмиш. Шундай қилсам, оналари гўрида тик турармиш. Элу халқ устимдан кулармиш, ўғилларим ва келинларим маҳалла-кўйда бош кўтаролмай қолишармиш.

Хуллас, мен тугул, яқин бир дўстим ҳам уларга фикримни тушунтиролмади. Уйланишимга ҳаммалари тиш-тирноқлари билан қаршилик қилишди. Одам кексайгани сайин ёлғизликдан қўрқадиган бўлиб қолар экан. Шунинг учун мен ҳам фикримдан қайтмадим. Саккиз ой тортишувлар билан ўтди. Ўғилларим шу даражага боришдики, гўёки аразлаб менга ош-овқат чиқармай қўйишди. Майли, дедим, ўзимнинг уддамдан ўзим чиқа бошладим. Ўзимга овқат қилар, кирларимни ҳам ўзим ювардим. Шундай кунларда кўп ўйладим,  аслида аёлим ҳам болаларимнинг қошу қовоғига қарайвериб, ҳамма майда-чуйда ташвишларни ўзига олиб, менга билдирмай  сиқилавериб, қон босими дардини орттириб олган экан.

Бир куни маҳалла катталаридан бири хотинининг бева қолган яхши бир қариндоши борлигини, ўша аёл билан бир кўришиб, маъқул келса, уйланишимни айтиб қолди. Бу гап ўғилларимнинг қулоғига етгани ҳамон улар уйимга бостириб келишди.

— Уйланадиган бўлсангиз, бу уйдан чиқиб кетасиз! — дейишди бараварига. Онамиз яшаган уйга бошқа аёлни олиб келмайсиз!

— Мени, ўз отангизни кўчага қувиб соляпсизларми? Шу уйдан чиқиб кетсам, сизлар эл-юртда бош кўтариб юра оласизларми?

Шу гапимдан кейин ўғилларим бир-бирларига маъноли қараб олишди.

— Сиз шу ёшингизда уялмай уйлансангиз, биз нега уялишимиз керак? — деди катта ўғлим.

Бошқа ўғилларим ҳам унинг гапини тасдиқлашди.

— Майли, миниб юрган машинангиз ўзингизда қолсин, — деди ўртанча ўғлим саховатли бойлардек…

Ичимдан нимадир узилиб кетгандай бўлди. Мен болаларимга ҳамма нарсани берибману, меҳримни ва яхши тарбиямни бермаган эканман. Шу тобда йиллар давомида уларни деб тортган машаққатларим кўз олдимга келди. Бундан кўра уларга қотган нон едириб бўлса-да, ота-онани иззат қилишни ўргатмайманми?! Шундай ўйлар қалбимдан ўтгани билан болаларимни айбламадим. Ичимдаги оғриқни чиқариб юбориш учун кўксимга муштлаб-муштлаб, машинамга ўтирдим-да, уйни ташлаб чиқиб кетдим. Тўғри қабристонга, аёлимнинг қабри ёнига бордим. Дардимни айтиб-айтиб йиғладим.

Яхшиям, болаларимга билдирмай анчагина пул жамғариб қўйган эканман, ўша пулга икки хонали квартира сотиб олдим. Таниш-билиш, дўстларим ўртага тушиб, эллик беш ёшли бир аёлни топишди, уйландим. У икки бора рўзғор қилиб, фарзандли бўлмаган экан. Кейинги турмушида тўрт болали эркак билан йигирма йил яшабди. Эри ўлгач, ўгай болалари уни ҳам чиқиштиришмабди.

Энди бу гаплардан фойда йўқлигини биламан. Лекин юрагимни изтироб эзаверади. Ҳозирги турмуш ўртоғим ҳам яхши аёл, мени ёш боладай парваришлайди. Сўзлари маънили, доим менга умид беради. Лекин мен болаларимни, набираларимни соғинаман, жуда қаттиқ соғинаман…

Байрамлардан бирида уларни кўргани бордим. Катта ўғлимнинг дарвозасидан ҳатлаб ичкари кирганимни биламан, ўз болам менга қовоқ уйиб, кўчани кўрсатди. “Болаларимга қорангизни кўрсатманг, улар сиздан ёмон ибрат олмасин”, деди. Бу гап жуда оғир эди, жудаям оғир… Бошқаларининг уйига киролмадим…

Шу тобда ўз ҳаётим, болаларим ҳақида гапиряпману, ўзимнинг ёшлигим, йўлларимга интизор кўз тикиб ўтган ота-онам эсимга тушади. Ўшанда ёш эдим, ота-онам ҳали узоооқ яшайди, деб ўйлагандим. Улар ҳам мени қийналиб ўқитишган, ўзлари емай-ичмай топганларини менга ва укаларимга сарфлашган эди.

Ўқишни битириб, туман марказига ишга жойлашдим. Онам ҳар куни ишдан қайтишимни кутиб ўтирарди. Кейинчалик вилоят марказига ишга ўтиб, оилам билан кўчиб кетдик. Иш, болалар ва оила ташвишлари билан бўлиб ота-онамдан бир ойда бир хабар олардим. Отам кузнинг ёмғирли кунларида елкалари хўл бўлиб мени йўқлаб келар, мен эса дўстларим билан чойхонага кетардим…

Онам ўз қўллари билан нонлар ёпиб, қаймоқ, сариёғларни асраб, йўлимга кўз тикиб ўтирарди. Мен ўша вақтларда уларнинг юрагидаги соғинчини ҳис этмабман…

Энди биляпман, болаларни, набираларни соғиниб яшаш қанчалик оғриқли дард эканини… Афсуски, энди кеч. Шунинг учун ҳам болаларимдан хафа бўла олмайман. Бугун мен ҳис қилаётган оғриқли изтиробларни уларга асло раво кўрмайман… Уларни қарғамайман. Кўксимга муштлаб-муштлаб кўнглимдаги оғриқларни чиқариб юборишга уринаман. Бошимга тушган бугунги қисмат эрта бир куни болаларимнинг бошига тушишини асло истамайман.

Шунинг учун ҳам одамларга айтмоқчиман: кеч бўлмасидан аввал ота-онангизни қадрланг, уларни дийдорингизга зориқтирманг! Зеро, яқинлар дийдорига зор бўлиш азоби жудаям оғир.

Зоҳиджон отанинг ҳикоясини Шаҳло Тошбекова қоғозга туширди.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan