Икки табаррук ёш эгалари Хоразмнинг Шовот туманида истиқомат қиладилар. Уларнинг иккови ҳам Иккинчи жаҳон уруши даврининг болалари эдилар. 1942 йили биринчи синф муаллими уларни бир партага ўтқизганда, иккалови дўст бўлишган. Ўшанда Саъдулло синфдаги қизларнинг энг чиройлиси билан бир партада ўтирганидан ғурурланиб ҳам қўйганди.
Ростдан ҳам, Раъно жамалак сочлари ўзига ярашган истарали қизалоқ эди. Тўққиз йил бирга ўқидилар. Саъдуллонинг “папка” халтасида олиб келган зоғора нонини бўлишиб едилар. Сабоқдан сўнг буғдойи ўрилган даладан биргалашиб бошоқ тердилар. Улар бир-бирларини энг яқин дўст билиб, ёшлари улғайгани сари ёқтириб ҳам қолишди. Мурғак кўнгилларга муҳаббат тушди.
Раънони келинликка мўлжаллаганлар қишлоқда анчагина эканини билган Саъдулло ўнинчи синфни тамомлагандан сўнг институтга киришни режалади. Кўнгилда эса муҳаббат. Нима қилиш керак?! Муҳаббат кучлироқ чиқди.
— Тўққиз йил мактабда синфдош, партадош, 71 йилдан буён бир оиладамиз.
— Келинликда қийналмаганмисиз? — сўрадим Раъно бувидан.
— Ота-онамнинг тўнғич қизи бўлганим учун уй юмушларини уддалаб кетдим, — дейди Раънобуви. — Аммо институтга кириш учун ҳужжат топшириш имкони бўлмади. Саъдулло бобонгиз Урганч педагогика институтида ўқиди, бу билан мен жуда фахрланганман. Ахир, ўша йили 49 бола мактабни битирган бўлса, биргина шу одам институт талабаси бўлган. Дим аълочи эди-да. “математика” деса ундан зўри йўқ эди.
Саъдулло отага “дим зўр” деган тавсифни уни билганларнинг бари беришади. У киши, ҳақиқатан ҳам, энг яхши математик муаллим бўлган. Ўқувчиларини ҳам қизиқтира олган. Шогирдларидан бири, математик олим Азимбой Саъдуллаевнинг Ўзбекистон Миллий университетининг энг яхши мутахассиси, сўнгроқ Урганч университети ректори бўлгани, Баҳодир Султонов деган яна бир шогирдининг Урганч малака ошириш институти ректори бўлиб фаолият кўрсатгани унга доим фахру ифтихор бағишлаган. Бу каби шогирдлари байрам ёки алоҳида кунларда отани йўқлаб келишганида, боладай қувониб кетади.
Саъдулло Сапаров ўз даврида яхши муаллимгина эмас, энг изланувчан раҳбар ҳам бўлган. Ахир, 42 йил мактабга директорлик қилди. “Халқ маорифи аълочиси” деган шарафли номга сазовор бўлди. У киши Раъногул онанинг ҳам уйда ўтириб қолишини истамай, иккинчи фарзанди туғилгандан кейин педагогика техникумига ўқишга кириб, бошланғич таълим муаллимаси бўлиши учун кўмаклашди.
— Техникумни бошланғич синф муаллими бўлиб битирганимда фарзандимиз тўрт нафарга етган эди, — дейди Раъногулбуви. — Шу кунлар эсимга тушса, раҳматли қайнонам Шарифа онанинг меҳнатлари, менга ёрдамлари нақадар катта бўлганини эслайман. Дуои фотиҳада исмларини айтиб, охиратларига ободлик тилайман.
Хуллас, етти ёшларида партадош, синфдош бўлиб, фарзандлари тўрт нафарга етгандан бошлаб, бир мактабнинг икки муаллими бўлиб, нафақа ёшига етдилар. Бу орада тўрт ўғли, тўрт қизи вояга етиб, элга қўшилди. Ҳаммаси ота-она ибрати туфайли илмли, ҳунарли, меҳнаткаш бўлдилар. Ўғли Алишербек Сапаровни бугун Шовотда “дим зўр тадбиркор” дейишлари шундан. Алишербек ҳовлисидан сал нарида бўш ётган салкам икки гектар ерни олма боғига айлантирди. Саъдулло отанинг маслаҳати билан ушбу боғ ёнида махсус жой ҳозирлаб, ўнта қорамол, 25 та қўй, 100 га яқин товуқ, шунча курка ва ғозлар боқа бошлади. Сўнгроқ 10 яшик асалари, каттагина балиқ ҳовуз ҳам пайдо бўлди. Унинг акалари, ука, опа-сингиллари ҳам зарур вақтда унинг тадбиркорлигига кўмаклашадилар. Оиланинг аҳил ва меҳнаткашлиги элга маълум.
Бундан ташқари, яшаб турган хонадонлари томорқасидаги мўъжазгина иссиқхонада лимон, апельсин, мандарин, хурмо етиштирадилар. Ўн хил мевали дарахт, сабзавоту турфа экинлар ҳам ўзларидан чиқади. Соғин сигирнинг сути кундалик дастурхонларига қаймоқ, қатиқ беради. Умуман, бу хонадонда емоқ-ичмоқнинг бари ўзлари етиштирган экологик тоза, табиий маҳсулотлар ҳисобланади.
Саъдулло ота ва Раъногул бувининг умри узунлиги сири, отахоннинг то тўқсон ёшга етгунча ҳам мол-қўй қаровига ўзи масъул бўлгани, бемалол томга чиқиб ўт-хашак ташлагани боисини топгандай бўлади киши. Ахир, бу хонадон кишиларининг аксарияти ўз касби бўйича давлат корхоналари, идораларида ҳам ишлашади. Бири ишга кетганида, бири уй юмушларини бажаравериши бир тарафдан тарбия ва тартибнинг борлигидан, бир тарафдан эса емоқ-ичмоқлар кимёвий дориланмаган, сархил мевалар, сабзавотлар, балиқ ва қўй гўшти, сут-қаймоқ эканлиги туфайлидир. Энг муҳими, бу хонадонда кексаю ёш соғлом турмуш тарзини ярата олганлар ва соғлик ҳамда умри узунликни доимий ҳаракатда, деб биладилар. Бу юмушларни уларнинг касби тақозосидан ишлаётган ишига қўшимча бўлса, даромад ва фаровонлик берувчи чинакам тадбиркорлик, дейиш мумкин.
Юз ёшни мўлжаллаб яшаётган икки нуронийнинг айтишича, юртимиздаги кўплаб сиҳатгоҳ ва дам олиш уйларида бирга дам олганлар. Саёҳатларга бирга борганлар. Ўзаро ҳурмат, эъзозга доғ тушмай, бир-бирларини суяб, аяб, кексаликнинг фароғатли кунларини қарши олганлар. Бу тарзда етти ёшдан 94 ёшгача меҳру муҳаббат, меҳнату роҳат билан турмуш кечириш ҳар қанча ҳавасга арзийди.
Ён дафтарчамга улар ҳақидаги аниқ фактларни ёзаётганимда, кейинги пайтларда ёшлар орасида никоҳ ажримлари кўпайгани борасидаги хабарлар ёдимга тушди. Бу икки пири бадавлат инсонга ўхшаш учун бизда нима етишмаяпти, дея ўйлаб қоламан.
Саъдулло отадан шу ҳақда сўрадим.
— Ҳаётнинг, турмушнинг осони йўқ, — дейдилар отахон. — Аммо инсонда шукроналик, ишонч, меҳр, сабр бўлса, ҳамма қийинчликни енгиш мумкин. Феъл, жаҳл ҳаммада бўлади. Аммо уни жиловлай билиш керак. Агар ҳамма аёллар Раъногулга ўхшаса, оилаларда ажрим бўлмайди.
— Раънобувини жуда яхши кўрасиз-а?
— Уни ёмон кўриб бўлмайди-да. Ота-онамни кўп ҳурмат қилди. Саккиз боламизни оқ ювиб, оқ таради. Бирор марта ёқам кир, тугмам узилган бўлмади. Мактабда ҳам энг яхши ўқитувчилардан эди. Келинлару қизларимизга ҳам доим ўзи ибрат.
Фарзандларнинг ота-оналаридан ўрнак олгани уларнинг бугун жамиятдаги ўз ўрнини топганида, ҳар бири биттадан оилани гўзал бошқараётганида, бобо ва бувининг қатор набираларини билимли, ҳунарли қилиб тарбиялаётганида кўриниб туради. Бугун Саъдулло бобо Сапаров ва Раъногулбуви Матсапоеванинг фарзанду невара-чеваралари ўзларидан кўпайиб 50-60 тадан ошиб кетди. Жамлансалар, тўй бошлангандай бўлади. Ахир, фаровонлик бор жойда тўй ярашаверади.
Хоразмнинг Шовот туманига файз бўлиб яшаётган, юз ёшни қоралаб бораётган бу икки нуроний аслида бутун Ўзбекистонимизнинг файзу баракасидир. Уларнинг дуолари билан юртимиз обод, элимиз фаровонлиги айни ҳақиқат.
Замира РЎЗИЕВА,
“Нуроний” мухбири.