— дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова

— Ўтган йилларга назар ташласам, таълим ва илм-фан соҳасида амалга оширилган улкан ўзгаришлар, айниқса, ўқитувчи ва устозларга бўлган эътибор мени қувонтиради, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова. — Янги Ўзбекистонни бунёд этишга киришар эканмиз, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев, энг аввало, асосий эътиборни ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш, касбий салоҳиятини юксалтириш учун кенг имкониятлар яратишга қаратди. Устозларнинг малакасини ошириш, илмий изланишлар олиб бориши, замонавий билим ва технологияларни эгаллаши учун шароитлар биз орзу қилгандан ҳам кўпроқ кенгайди. Ўз навбатида, педагогларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантиришга қаратилган имтиёз ва имкониятлар бизни қувонтириш баробарида зиммамизга катта масъулиятни ҳам юклади, касбимизга бўлган меҳримизни ошириб юборди. Бугун халқаро фан олимпиадаларидан юртимизга медаллар билан қайтаётган, дунёнинг энг нуфузли университетларига муддатидан олдин талабаликка қабул қилинаётган ўқувчилар ана шу эътибор, яратилган имкониятлар меваси, узоқни кўзлаб амалга оширилган ислоҳотларнинг натижасидир.

Дарвоқе, бугун ўқитувчига фақат дарс берувчи мутахассис сифатида эмас, балки ёш авлоднинг маънавий тарбияси, дунёқараши ва келажаги учун масъул инсон сифатида қаралмоқда ва бу жуда муҳим. Чунки мактаб остонасида бошланган тарбия эртанги жамият қиёфасини белгилайди.

Муҳаббат Шаропова 1949 йилда Қашқадарё вилоятининг қадимий ва навқирон Шаҳрисабз шаҳрида таваллуд топган. Отаси Арапбой ака ички ишлар ходими эди, уйда кўп бўлмаса-да, оиладаги етти боланинг ўқиши, одобини қаттиқ назорат қиларди. Ёш Муҳаббатхоннинг юрагида шифокор бўлиш истаги бор эди, аммо волидаси Ҳаловат аянинг: “Ўқитувчи бўлиш менга армон бўлиб қолди, сен шу касбни эгалласанг, хурсанд бўлардим”, деган сўзларидан кейин қарорини ўзгартирди.

Тўғри, шифокор бўлганида ҳам у катта ютуқларни қўлга кирита оларди, бунга билими, изланувчанлиги, салоҳияти етарди. Бироқ ўқитувчи бўлиб ҳам камлик кўрмади. Аксинча, касбига бутун кучини, борини берди, уни севди. Моҳир муаллима сифатида қадр топди, азиз устозлик даражасига етди. У билим берган ўқувчилар сони бир неча ўн мингдан ошиб кетди.

1971 йилда Самарқанд давлат университетини муваффақиятли тамомлаб, математика фани ўқитувчиси мутахассислигига эга бўлган ёш ўқитувчи учун педагогика тез орада оддий касб эмас, балки бутун умрлик масъулиятга айланди. У 1971 йилдан 1997 йилга қадар Қарши шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактабида математика фанидан дарс берди. Қарийб чорак аср давомида мактабда ишлаш — бу шунчаки йиллар ҳисоб-китоби эмас эди. Бу минглаб дарслар, турли тақдирлар, юзлаб ўқувчилар, қувончли ютуқлар ва устоз зиммасидаги улкан масъулият демак эди…

Муҳаббат Араповна 1997-2000 йилларда Қарши давлат университети қошидаги лицей-интернатида математика фани ўқитувчиси сифатида меҳнат қилди. 2000-2022 йилларда эса Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатида математика фанидан дарс берди. Бу даргоҳларда у нафақат математик билимларни, балки ўқувчиларга илмга интилиш, мустақил фикрлаш, масалани таҳлил қилиш ва тўғри ечим излаш кўникмаларини сингдирди.

Аслида, математикада ҳам, ҳаётда ҳам энг муҳим сабоқлардан бири шу: ҳар қандай мураккаб масаланинг ечими бор. Фақат уни топиш учун сабр, билим ва изчил изланиш керак. Устознинг кўп йиллик фаолияти айнан ана шу тамойилга асослангани билан аҳамиятли.

2021 йил 4 сентябрдан Қарши давлат университети профессори сифатида фаолият юритиб келаётган устоз бугун ҳам таълим ва илм аҳли орасида ўзининг муносиб ўрнига эга.

Муҳаббат Шаропованинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб баҳоланди. 1992 йилда Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган қаҳрамонимиз 1996 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. 2007 йилда унга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони берилди. 2016 йил эса устоз ҳаётида алоҳида тарихий аҳамият касб этди. У юксак давлат мукофоти — Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди.

Бу эътирофлар бир қарашда турли йилларда берилган мукофотлардек кўринади. Аммо уларни бирлаштириб турган битта тушунча бор, бу — фидойилик!

— Мукофотлар аслида масъулият демакдир. Тақдирландингми, бу — давлатнинг, Президентнинг сенга ишонди дегани, эндиликда бу ишончни оқлашинг керак, — дейди Муҳаббат опа. — Янада кўпроқ шижоат билан ишлашга ошиқасан, бунда сенга шундай тинч, осуда, инсон қадри баланд юртда туғилиб-яшаётганинг, эзгу йўлда эканинг куч беради.

Устозликда натижа бир кунда кўринмайди. У йиллар давомида яратилади. Бугун экилган билим уруғи эртага шогирднинг ютуғи, унинг касбий маҳорати ва жамиятга қўшаётган ҳиссаси сифатида намоён бўлади.

2022 йилдан буён Қарши давлат университетида профессор-ўқитувчи бўлиб фаолият олиб бораётган Муҳаббат Шаропованинг 9 нафар шогирди фан доктори, 7 нафари профессор, юзлаб ўқувчилари фан номзодларидир. Улар республикамиздаги қатор олий таълим даргоҳларида ва мактабларда математика ҳамда информатика фанидан ёш авлодга сабоқ бериб келишяпти. Биргина умумтаълим мактаблари ўқитувчилари бўлган шогирдлари сони 120 га яқин. Сезяпсизми, кучли билимга эга бир устоз — гўёки тубсиз чашма. Унинг зилол суви ирмоқлар ҳосил қилиб, қанчадан-қанча ниҳолларга ҳаёт бахш этаётир.

Муҳаббат опа томонидан ўрта мактаб ўқувчилари ва ёш мактаб ўқитувчилари учун яратилган 9 та услубий қўлланмалари, олийгоҳ талабалари учун мўлжалланган 2 та ўқув қўлланмаси  ва республика илмий журналларида чоп этилган мақолалари илм-фан ривожида, таълим тараққиётида, ёш авлод камолида муҳим ўрин тутади.

Муҳаббат Араповнанинг фаолияти таълим соҳаси билангина чекланиб қолмаган. 2020-2024 йилларда у халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати сифатида ҳам фаолият юритди. 2024 йилдан буён ҳам вилоят Кенгаши депутати сифатида жамоатчилик ишларида иштирок этиб келмоқда. Бу фаолият устоз шахсиятида таълим ва жамият манфаатларининг уйғунлашганини кўрсатади.

Зеро, ҳақиқий зиёли фақат аудиторияда ёки синфхонада эмас, жамият ҳаётида ҳам фаол бўлади. У ўз билими, тажрибаси ва ҳаётий позицияси билан атрофидагиларга таъсир кўрсатади.

Бугун дунё шиддат билан ўзгармоқда. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект, ахборот тизимлари, замонавий муҳандислик ва иқтисодий моделларнинг барчаси математик тафаккурга эҳтиёжни янада оширмоқда. Шу маънода, математика фани бугун кечагидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этмоқда.

— Математика инсонга фақат ҳисоблашни эмас, балки далиллашни, таҳлил қилишни, мантиқий хулоса чиқаришни, муаммони қисмларга ажратиб ўрганишни, энг мақбул ечимни излашни ўргатади, — дейди устоз суҳбатимиз давомида. — Бу кўникмалар эса фақат математик учун эмас, ҳар қандай соҳада фаолият юритадиган инсон учун зарур.

Тўғри, бугун Ўзбекистонда илм-фан, таълим ва инновацияларга алоҳида эътибор қаратилаётган бир даврда математик таълимнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Янги авлод тадқиқотчилари, муҳандислар, дастурчилар, иқтисодчилар ва технологлар учун математик билим мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради. Шунинг учун математикага қизиққан ҳар бир ёшнинг ортида уни илмга етаклайдиган устознинг меҳнати бор. Профессор Муҳаббат Араповнанинг кўп йиллик фаолияти ана шу эзгу анъананинг давомидир.

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида ана шундай фидойи инсонлар ҳаёти ҳақида сўз юритишнинг ўзи катта маънавий аҳамият касб этади. Зеро, мамлакат тараққиётини фақат бунёдкорликлар, технологиялар ёки рақамлар билан ўлчаб бўлмайди. Унинг ортида Муҳаббат Шаропова каби ёши улуғ инсонлар, эҳтиромга муносиб устозлар, олимлар ва бутун умрини келажак авлод тарбиясига бағишлаган фидойиларнинг меҳнати бор.

Устоздан байрам арафасидаги ўйлари ҳақида сўраймиз.

— Мен кўп йиллар таълим соҳасида меҳнат қилган инсон сифатида бугунги имкониятларни кўриб, устоз учун бундан ортиқ эътибор ва масъулият бўлиши мумкин эмас, деб ўйлаб қоламан, — дейди Муҳаббат опа. — Энди биздан бу ишончга муносиб меҳнат, изланиш ва фидойилик талаб этилади. Ҳар бир ўқитувчи ўз касбига садоқат билан ёндашиб, бир нафар ўқувчисининг қалбида илмга муҳаббат уйғота олса, унинг келажагига йўл очса — бу ҳам Ватан тараққиётига қўшилган улкан ҳисса бўла олади.

Байрам яқин, ҳамкасбларимга бизга билдирилаётган юксак ишончни оқлаб, ёшларга сифатли таълим ва муносиб тарбия беришдан чарчамайлик, дейман. Ҳар бир дарсимиз, ҳар бир сўзимиз, ҳар бир тарбиямиз Ватан келажагига хизмат қилсин. Кўнглимиздаги шукроналик ҳисси асло сўнмасин!

Шаҳло Тошбекова,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan